Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида 25 йил қурилиш индустрияси йўқолиб кетгани, кейинги йилларда қурилиш индустриясини ривожлантиришга эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Мақсадимиз аҳолини уй-жой, халқ тилида айтганда, бошпана билан таъминлаш, – деди Президентимиз.

Йиғилишда дунё халқлари учун оғир инқирозли бўлган йилдан чиққанимизга қарамасдан халқимиз турмушини яхшилаш мақсадига 31,5 триллион пул сўм ажратилаётгани маълум қилинди.

Эътиборлиси, бу маблағ ташқи қарзимиз кўпаймаган ҳолда берилаётгани қайд этилди.

– Бир нарсани барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари аниқ тушуниб олиши зарур. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”, деганда нафақат уларнинг йўллари ёки маҳалланинг қиёфаси яхшиланиши, балки у ердаги аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ ишлаши, бир сўз билан айтганда, танланган маҳалла ҳар томонлама обод бўлиши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўлмаслиги лозим, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари 3 йил олдин тўғридан-тўғри инвестиция 1 миллиард доллар ҳам бўлмагани, ҳозир битта вилоятнинг ўзига 1 миллиард доллардан кўп инвестиция киритилаётганини таъкидлар экан, буларнинг барчаси халқимиз турмуши яхшиланишига хизмат қилишини айтди.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш мақсади кўзда тутилган лойиҳаларни аҳоли, тадбиркорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали шакллантириш, бунда ободончилик билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш объектларини барпо этишни ҳам инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш танқидий тус олмоқда. Давлатимиз раҳбари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари “бир марталик иш”га айланиб қолмаслиги, қилинган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини ошириши зарурлигини таъкидлаб, ҳамма раҳбарлар ҳам бу масалаларни тушуниб етмаётганини танқид қилди.

Президентимиз Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари маҳаллаларидаги ҳолат яхши эмаслиги, шу сабабли, Фарғона ва Наманган шаҳарларининг 4 та сектор раҳбари ишдан олинганини эслатди.

Тошкент вилояти ва Чирчиқ шаҳри сектор раҳбарларига вазиятни яхшилаш бўйича муддат берилгани, ўзгариш бўлмаса, уларга ҳам чора кўрилиши айтилди.