Бугунги кунда республика бўйича 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаб мавжудлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги танқид қилинди. Бундан ташқари:

- янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши натижасида яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор;

- ҳозирда 2,3 мингта мактабнинг спорт зали мавжуд эмас;

- таълим сифати паст бўлган 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўтган йили олийгоҳга кирмаган;

- мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган;

-  миллий мусиқа анжомлари атиги 615 та мактабда мавжуд.

Президент мактаблардаги таълим сифати ва мазмунига ҳам кескин баҳо берди.

Хусусан, фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақатгина назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, уларни мантиқий фикрлашга, амалий кўникмаларни шакллантириш, бир сўз билан айтганда, уларни ҳаётга тайёрлашга ўргатмаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқ. 

"Бу педагогларнинг дарс ўтиш маҳорати етарли эмас. Улар ўқувчиларга фақатгина ўзи "чала билган” нарсаларни ўргата олади, холос. Сабаби, ўқитувчиларнинг ўзининг устида мустақил ишлаш ва рағбатлантиришнинг самарали тизими яратилмаган. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади", деди Президент.

Мактабларда ҳанузгача 200 дан ортиқ ҳисобот мавжуд, ўқитиш, тадбирлар ўтказиш каби барча жараёнлар “ҳаддан ташқари қолипга солинган”.