Президентнинг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳасига таклифларни тасдиқлаш масаласига бағишланган сессияда депутатлар, таълим соҳаси мутасаддилари ва фахрийлари, ОАВ вакиллари ва ўқувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова, Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов ва соҳа фахрийси Дилшода Дадажанованинг чиқишлари тингланди.
Депутатлар, журналистлар ва блогерлар мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналари билан яқиндан боғлаш, синфлардаги ўқувчилар сонини чеклаш, мактаб битирувчилари клубларини ташкил этиш, дарсликлар савияси, таълим йўналишини битираётганлар бандлигини таъминлаш каби кўплаб мавзуларда савол ва таклифларини билдиришди.
Президент фармони лойиҳасига таклифлар юзасидан шаҳар-туманларда сессиялар бўлиб ўтгани, жойлардан 170 дан ортиқ таклифлар келиб тушгани маълум қилинди. Вилоят ҳокими ушбу таклифларнинг барчасини кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юбориш зарурлигини таъкидлади. Таклифлар илгари суриш борасида сусткашликка йўл қўйган Наманган шаҳри, Янгиқўрғон ва Норин тумани мутасаддиларини танқид қилди.
—Фарзандларимиз таълим-тарбияси жуда катта ва муҳим масала. Президентимиз бежизга Учинчи Ренессанс пойдевори таълим билан кўтарилишига урғу бермадилар. Шундай экан, бу соҳага бефарқ бўлишга, сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ, — деди Шавкатжон Абдураззақов.
Сессияда кўрилган масала юзасидан Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарори қабул қилинди.