Инсон юз йил ҳам яшаб умри зое кетиши, бироқ қисқа умр кўриб ҳам абадиятга дахлдор бўлиши мумкин. Халқимизнинг фахрланса арзигулик истеъдодли фарзандлари бисёр. Ўзбек шеърияти осмонида ёрқин юлдуз бўлиб порлаган адиб, истеъдодли шоир Усмон Носир ана шундай ижодкорлардан бири эди. Чунки 25 ёшидаёқ ўзбек шеърияти шоҳсупасисдан муносиб ўрин эгаллаган, номини зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаган ноёб истеъдод соҳиби эди у. Ўткан асрнинг 30-йилларида ўзбек адабиёти оламида шундай шараф фақатгина Усмон Носирга насиб этган эди. 

Унинг илҳоми эрта уйғонди. Ижодкорнинг илк шеърлари мактабда таҳсил олиб юрган кезларидаёқ матбуотда чоп этила бошлаган эди. Шоирнинг “Қуёш билан суҳбат”, “Сафарбар сатрлар” (1932), “Tракторобод” (1934), “Юрак” (1935), “Meҳрим” (1936) каби шеърий тўпламлари, “Норбўта” ва “Нахшон” достонлари бирин-кетин нашр қилинди. Унинг “Норбўта” (1932) асарида Ўзбекистондаги фуқаролар уруши мавзуси, “Нахшон”дa қардош арман халқи фарзандларининг озодлик учун интилишлари куйланган бўлса, антик давридаги гуллар кураши “Нил ва Рим” каби поэтик асарларида ўз аксини топди.

Усмон Носир шеърияти бошқа шоирлар ижодидан ўзига хослиги, аввало, ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва исёнкорлиги, жўшқинлиги, фикрлар теранлиги, шу билан бирга содда ва равонлиги билан китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган. Ёш бўлишига қарамасдан адабиёт оламида юлдуз каби порлади. Унинг ижоди ҳатто Москва газеталарида бир неча маротаба эътироф этилиб, унга нисбатан “Шарқда Пушкин туғилди”, деган фикрлар бежиз билдирилмаган.

Рус тилида чоп этилган нодир асарларни оммалаштириш, уларни моҳирона таржима қилиб, ўзбек китобхонига етказиб бериш борасидаги хизматлари ҳам беқиёсдир. У нафақат таржима қилди, балки муносиб равишда рус шоирларига рақобат қила олди. Зеро, таниқли таржимон олимлардан бири айтганидек, “насрда мутаржим муаллифнинг услубига сўзсиз эргашса, назмда эса у муаллиф билан беллашиши лозим” ва шунда тўлақонли таржимага эришиши мумкин. У Пушкиннинг “Бoқчасарой фонтани”, Лермонтовнинг “Демон” (“Иблис”) достонларини маромига етказиб таржима қилди ва китобхонлар олқишига яна бир карра сазовор бўлди. Машҳур адиб, ноёб истеъдод соҳиби, ўзбек ҳалқининг муносиб фарзанди Усмон Носир хотираси кенг китобхонлар қалбида мангу яшайди. 

Оқил Латипов,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги

университети профессори