Уламоларимиз моддий ва маънавий неъмат-яхшиликларнинг зиёда бўлиши, униб-ўсиши, барқарор ва давомли бўлишини барака дейди. Барака танага тушса, уни қувватли қилиб, кўп нарсага имконияти етишига сабаб бўлади. Барака фарзандларга тушса, уларнинг солиҳ, ахлоқли бўлишига кўмак беради. Барака вақтга тушса, уни кенгайтиради, инсон ўша вақт ичида кўп ишларни қилишга улгуради. Бир одам 60-70 йиллик умри давомида юз йилда ҳам қилишга улгуролмайдиган ишларни бажариши унинг вақтига барака берилганидир.

Абдулла Орипов 75 йил умр кўрди. Аммо ўзидан сон-саноқсиз шеърлар, кўплаб китоб­лар, таржималар, суҳбатлар, қайдлар, хотира­лар қолдирди. У зотнинг ёзиб қўйган асарла­ри ҳозир ҳам нашр этилишда давом этмоқда. Бу бир инсоннинг умрига барака берилгани­нинг ёрқин кўриниши.

“Дўрмон” ижод уйи ҳудудида, шоир истиқомат этган хонадонда муқаддас Рама­зон ҳайити ҳамда Наврўз айёми, қолаверса, 21 март — шоирнинг таваллуд санаси арафа­сида Абдулла Орипов уй-музейининг очили­шида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам. Тадбир давомида шоир Эшқобил Шукур то­пиб айтди: “Шоир ўзи улуғ кунда туғилди, уй-музейининг очилиши ҳам шу муборак са­нага тўғри келди. Баракали одам дегани шу бўлса керак-да!”.

Ўзбек адабиётини Абдулла Орипов ижо­дисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бетакрор, фалсафий, табиий кечинмаларга йўғрилган, қалб призмасидан ўтган, теран образли, му­шоҳадаларга бой, оҳанги, ифода усули, ҳаёт ҳодисаларининг янгича талқини билан ўз адабий мактабини яратди. Шоир Усмон Азим айтмоқчи, адабиётга ёлғон аралашмаган сўз­лар билан кириб келди. Шеърият дарғаси­нинг ёрқин шахсиятини бир фаолият кесими­да қамраб олиш мумкин эмас. Шу маънода, мазкур музей адабиётимиз, Абдулла Орипов шеъриятининг қутлуғ қадамжоси бўлиши шубҳасиз.

Чиндан ҳам музей Абдулла Орипов яша­ган муҳит руҳини сақлаб қолгани билан аҳамиятга молик. Шоир асарларининг асл қўлёзмалари мавжуд ижодхона, деворлар­даги тарихий суратлар, юзлаб китобларни бағрида сақлаётган маҳобатли кутубхона, ижодкор зиёлилар билан дилдан суҳбат учун мажлислар хонаси, яқин йилларга тегиш­ли экспонатлар, мўъжаз фойе ғоят файзли ва шинам. Давлатимиз мадҳияси яратилган алоҳида ижодхона уй-музейга янада кўрк, салобат бағишлайди. Юртимиз мадҳияси айнан шу хонада дунёга келгани қалбларни ҳаяжонга солади.

Муаззам ва дилбар

— Отам Дўрмонни яхши кўрарди, бирор жойга кетса, “Дўрмон ҳавосини соғиндим”, деб тез қайтиб келарди. Бундан олдин Киб­риё Қаҳҳоровадан сотиб олинган ҳовлида яшаганмиз. Кейинчалик, отам Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлгач, олдингизга кўп одам­лар ташриф буюради, каттароқ жойга кўчиб ўтишингиз керак деб шу уйни беришган. Шундан сўнг бу ҳовли халқ ҳовлисига ай­ланди: остона ҳатлаб исталган киши кириб келар, шоирона қилиб айтганда, отамнинг тафаккур булоғидан чўмичига тўлдириб ке­тарди. Қорақалпоқлик мухлислар отамни бошқача яхши кўрарди, элликқалъаликлар тез-тез ташриф буюрар, Некўз — Нукус-да деб ҳазиллашиб, ўзларини шоирга яқин олар­ди. Бу ҳовлида отамнинг учта ўтови бор эди, ҳар йили икки марта қорақалпоқ мухлислар келиб, янгилаб кетарди. Уй-музейдаги кўп­лаб жиҳозлар, стол-стуллар ёки шоир сурати солинган гиламлар ҳунарманд мухлислари томонидан тақдим этилган, — дея эслайди Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Орипова.

Икки қаватли уйни томоша қилар экансиз, шоир ҳамма қатори оддий ва айни пайтда нақадар улуғвор ҳаёт кечирганига яна бир бор иқрор бўласиз. Бу ерда сақланаётган ҳар бир ашёга ўз вақтида шоирнинг қўли теккан, унинг нигоҳи тушган. Буни билишингиз ҳа­моно экспонатлардаги моҳият теранроқ маз­мун касб эта бошлайди, ижодкорга доир илиқ хотиралар сари етаклайди.

“Абдулла ака оилада адабий тилга, ўзбек тилига жуда эътиборли эди. Фарзандларимиз Тошкентнинг қоқ марказида туғилиб ўсган бўлса-да, “ада” эмас, балки “ота” деб чақи­рарди. Тўнғич набирамиз Шоҳрух бобоси­ни “бува” деб тили чиқди. Қарасаки, ҳамма “ота” дейди. Кейинчалик у бобосига “ота-бу­ва” деб мурожаат қила бошлади. Абдулла ака ҳазиллашиб, “Неварам, ўзингни қийнаб нима қиласан, “аждод” деб қўяқол”, деганди, — дея хотирлайди шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева. — Мадҳиянинг дунёга келиши­да икки буюк композитор ва шоирнинг тонг отгунча тер тўкиб, қилган меҳнатларига гу­воҳ бўлганман. Мутал ака менга “Келинжон! Агар мана шу мусиқам танловдан ўтса, ўлсам ҳам армоним йўқ эди. Биласизми, менга ни­маси нашъа қилади? Ҳатто душманим ҳам қўлини кўксига қўйиб, ўрнидан туради-да!” деб мириқиб кулгани ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради.

Мадҳия учун эълон қилинган танловга Абдулла ака “Қўнғиртовлиқ” тахаллуси би­лан қатнашган. Саралов уч босқичдан ибо­рат бўлган ва у деярли икки йил давом этди. Ҳар бир босқичда Абдулла аканинг шеърлари юқори ўринларни эгаллади. Тинимсиз меҳнат натижасида мадҳия учун икки шеър ёзилди ва охири “Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт нажот” деган сатрлар билан бошланадигани танлов­га тақдим этилди. Мутал Бурҳонов ҳар куни уйимизга келиб, пианинода мусиқани чалиб кўрар ва мадҳияни фарзандларим билан куй­лаб, ҳар бир сўзи мусиқага мос тушаётган ёки йўқлигини текширарди. Мадҳиянинг матни ҳам жуда кўп ўзгартирилган, шу вақтгача бир неча вариантини музейларга берганман, уйда яна 50-60 нусхаси сақланиб қолган. Иккинчи қаватдаги пианинони кўрдингизми? Ёнида эски ёзув машинкаси ҳам бор. Ўша пианино­да мадҳия мусиқаси яратилган, ёзув машин­касида эса мен Абдулла аканинг шеърларини териб чиқардим”.

“Маҳаллада дув-дув гап”

“Опаларимнинг айтишича, ҳар янги йилда мадҳиянинг янграшини отам интизорлик би­лан кутган. Отамга қўштирноқ ичидаги “дўст­лари ва шогирдлари” келиб, “Эшитдингизми, янги йилдан мадҳияни ўзгартиришмоқчи экан”, деб гапириб, кўнглини беҳузур қилиб кетар экан. Йил ярмидан бошлаб, 6 ой даво­мида янги йил келишини диққати ошиб ку­тар, байрамда мадҳия янграб, унинг матни ўзгармаганини билганидан кейин “Хайрият, қолдиришибди”, деб йиғлаб юборар экан, — дейди шоирнинг кенжа қизи Рухсора Орипо­ва. — Аям 17 ёшида турмушга чиққан бўлса, отамга умрини, ҳаётини бағишлади. 50 йил бирга, елкама-елка яшаб, турмуш ташвишла­рини, ҳаётнинг аччиқ ва ширин туҳфаларини опичлаб ўтган. Бир суҳбатда отамдан аям ҳа­қида сўрашганида: “Энди мен бу ерда келино­йингизни мақтаб ўтирсам, рўзғорнинг эгасига тўғри келмайди. Лекин бор гапни азбаройи хо­лис айтишим лозим. Холислик шу маънодаки, ўзимга, ўзимнинг ҳаётимга баҳо беришим ке­рак. Мен осон феъллик ёки жуда силлиқ ҳаёт йўлидан ўтган эмасман-да. Кўп етишмовчи­ликларни, жуда кўп ғамгин вақтларни кўрдим. Ҳатто яшашдан тўйдим деган хулосаларга келган дақиқаларим бўлди. Осмон йироқ, ер қаттиқ. Мени ҳимоя қиладиганларнинг ҳамма­си қочиб кетган вақтлар бўлди. Шунда мени биттагина янгангиз ҳимоя қилди, доимо бир­га бўлди ва мени ҳалиги энг қайғули ва оғир хулосалардан қайтарди. Балким жонимга қасд қилишим мумкин эди. Ҳозир ҳам шундай да­қиқалар бўлади. Буни мен ақл билан енгаман, ҳаракат қиламан. Шунинг учун менга қанча оғир бўлган бўлса, янгангизга ундан ҳам оғир бўлди. Мана шу хулосамни ўзиёқ кўп нарсани билдирса керак”, деб жавоб берган эди.

Энг кичик фарзанд бўлганим учун ота- онам меҳрининг қаймоғини татиганман, де­сам муболаға бўлмайди. Учрашув ва тадбир­ларда кўпинча отам билан бирга иштирок этардим. Отам бутун борлиғи билан халқники эди. Учрашувларда, сафарларда уни одамлар ўраб оларди. Мен четда қолиб кетаверардим. Эсимда, Наманган вилояти Поп туманига борганимизда одамлар ўраб олиб, дастхатлар олди. Шоирнинг қизи эканимни билиб қолиб, мендан ҳам дастхат сўрашган. Роса хижолат бўлганман. Уйимиз доим меҳмонлар билан гавжум бўлар эди. Оилавий байрамларда, янги йил кечаси ҳам дастурхон тузаб, бутун оила жам бўлиб ўтирганимизда шогирдлари, мух­лислари кириб келарди. Тонготар шеърхон­лик, адабий гурунг бўлар ва буни биз табиий ҳол деб қабул қилардик. Абдулла Орипов биз­нинг отамиз ва халқнинг шоири эди. Шунинг учун отам билан одамлар исталган пайт гапла­ша олади деб ўйлар эдим. У шу қадар таниқли эдики, кейинчалик эл орасида унга доир турли кулгили миш-мишлар, тўқиб чиқарилган во­қеалар тарқалиб кетди.

Бир куни уюшмага бир момо келди. Суҳ­бат орасида тўсатдан:

— Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз” ки­тобини ўқиганмисизлар? — деб сўраб қолди. Ҳамкасбларим ҳазил-чин аралаш:

— Мана, шоиримизнинг қизи бўлади, — деди.

Момо менга синчиклаб қараб турди-да, “Ростдан ҳам қизимисиз?” деб ҳайратланди. Тасдиқлаш маъносида бошимни силкитдим. Шунда у аёл худди ҳамма нарсани аниқ бил­гандек гап бошлаб юборди:

— Отангиз бир арман қизини қаттиқ сев­ган. Отаси бермаган. Шунинг учун “Нечун тим қорадур арман кўзлари”, деб армонли шеърлар ёзган. “Биринчи муҳаббатим”ни шу қизга бағишлаган. Кейин бир ўзбек қизини топиб, бахтли бўлиб кетган…

У шунчалик ишонч билан гапирардики, гўё ўша воқеалар тепасида ўзи тургандай. Мен эса шунчаки жилмайиб қўйдим. Асли­да, айтган шеърлари “Биринчи муҳаббатим” шеъридан анча кейин ёзилган. Арманистонга сафар ҳам турмуш қурганларидан сўнг бўл­ган. Одамлар отам ҳақида турли “хотира”лар тўқийди. Шундай пайтлар отамнинг сатрла­ри ёдимга тушади: “Инсон болалари барибир содда”. Баъзилар шоирни турли афсоналар орқали севишни истайди. Ким билади, балки бу ҳам муҳаббатнинг бир кўринишидир”.

Руҳият ранглари инкишофи

Абдулла Орипов шоир сифатида шеърият ихлосмандларининг кўз ўнгида шаклланди. 1965 йилда ёш шоирнинг биринчи шеърий тўплами — “Митти юлдуз” чоп этилганда филология фанлари доктори Салоҳиддин Мамажонов қуйидагиларни қайд этган: “Шоир воқеликни бутун мураккаблиги, ички зиддиятлари орқали кўради, ундаги гўзал­лик ва хунук томонлар, қийинчиликлар ва мушкулотларни идрок этиб, олдинга сураёт­ган ғоясини ана шу мушкулотлар ичидан олиб ўтиб ифодалайди ва унинг ишонарли чиқишига эришади”.

Иброҳим Ғафуров шоирнинг иккинчи тўп­лами — “Кўзларим йўлингда” ҳақидаги тақри­зида ёш шоир шеърларининг фалсафийлиги, лирик қаҳрамоннинг дард ва интилишлари, замон ҳақида, келажак ҳақидаги ўйларининг акс этиши тўғрисида сўз юритади.

Таниқли адиб Дониёр Бегимқулов айта­дики, “Шоирнинг бутун ижоди инсон зако­си, унинг сир-синоати, англаб бўлмас сеҳру жодуси, юксаклиги ва тубанлиги қаршисида лол бўлган қалбнинг ҳайратидек таассурот қолдиради”.

“Отамда ишдан келдим, дам оламан деган гап йўқ эди. Меҳмонлар, шогирдлар, қарин­дошлар келиб-кетса ҳам ҳар биримизга ало­ҳида вақт топарди. Нимага қизиқамиз, нега кайфиятимиз йўқ, нимадан қийналяпмиз, ўқишимиз қандай? Отам биз билан бир бу­тунлигини англатиб турарди. Жуда меҳрибон эди. Ўз ўрнида қаттиққўллиги ҳам бор эди, албатта. Жаҳли чиққанда ёки кайфияти бўл­маганида олдида аямдан бошқа ҳеч ким қол­мас, ҳаммамиз хонамизга кириб, жим ўтирар эдик. Отамдан бирор нима сўраш учун аямга мурожаат қилардик. Аям ўзи хайрихоҳ бўлган масалада рухсат берар ва отамни огоҳланти­рарди. “Отанг билади, отангдан ўзинг сўра”, деса, бормайсан ёки қилмайсан дегани эди. Отам ўзи эшитиб қолса, рухсат бериб юбо­ришини билсак-да, барибир ўзига тўғридан тўғри мурожаат қилишга ҳайиқардик, — дейди Рухсора Орипова. — Ўзига яраша инжиқликлари ҳам бор эди. Ҳазилкаш, жуда болажон эди. Болалар билан уйга келсак, не­вараларини ўйнатиб, чарчаб, “Келсаларинг бир хурсанд бўламан, кетсаларинг яна бир хурсанд бўламан”, деб ҳазиллашарди. Аммо уйга етмасимиздан қўнғироқ қилиб, “Энди қачон келасизлар?”, деб сўрарди. “Ота, ҳозир келдим-ку уйга”, дер­дим кулиб.

Филология фанлари докто­ри Бегали Қосимовга келин бўлганман. Турмуш ўртоғим домланинг кенжа ўғли. Кў­зининг олдида катта бўлган. “Бу иккаласи ўзи ёш бо­ла-ю, иккита боласи бор-а. Қачон қараса, истироҳат боғларида айланиб юради, болалари қолиб, ўзлари ўй­наб кетади”, деб биз, икки кенжанинг устидан ҳазилла­шарди. Иккинчи ўғлим Ойбек ўша пайтлар кичкина невара эди. “Ойбек домла, устоз”, деб алоҳида яхши кўрарди.

Отам гўё узоқ сафарга кетган-у, ҳали замон келиб қоладигандек. Ётоқхо­наси иккинчи қаватда жойлашган. У ердаги кийимлари, ўзингиз кўришингиз мумкин, қандай турган бўлса, шу ҳолатда сақланган. Онам қаторларини ҳам ўзгартирмаган. Худди бир нарсанинг жойини алмаштириб қўйсак, отам кейин қидириб қоладигандек туюлаве­ради. Тут шинниси ва асални яхши кўрарди, шунинг учун мана бу шинниларга ҳам тегма­ганмиз, салкам ўн йилдан буён турибди.

Ҳар бир гапдан, вазиятдан отамнинг ўги­ти чиқиб келаверади, шеърларидан жавоб оламиз, ўзимизча хулоса чиқарамиз. Отамсиз кунимиз йўқ ҳозир ҳам. Онгимизда, қалби­мизда биз билан доимо бирга. Соғинганда исталган шеърларини ўқийман, уларда отам­нинг тафти, ҳислари мужассам. Катта-катта шеърларининг юкини, залворини юракдан ўтказаман, “Мана бу жойида нима демоқчи бўлгансиз?” деб нега вақтида сўраб олмаган эканман-а деб қўяман баъзида”.

— Отамнинг ижод қилмаган вақти кам бўлган. Доим ижод билан машғул бўларди. Лекин бошқа ижодкорлар каби бизга сен кирма, ё бўлмаса, онамга, болаларни ол, мен ижод қиляпман демас эди. Аксинча, биз, қизлар отамнинг котибаси эдик. Баъ­зан айтиб туриб ёздирарди. Аммо шеърлар­ни қайта ишлаш жараёнида ёлғиз қолишни маъқул кўрарди. Таҳрир жараёнида биз ёзиб олган шеърлар баъзан бутунлай ўзгариб ке­тарди, — дейди Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова. — Отам жуда таъсирчан, нозиктаъб киши эди. Уларга бирор муаммо­ни гапиришга ийманардик. Шу боис, уйдаги маиший муаммоларни аямга айтардик. Агар каттароқ масала бўлса, охири отамга айти­ларди. Шундаям аям орқали айттирганмиз. Отамнинг кўнглини авайлаганмиз, уни бе­зовта қилавермаганмиз. Аммо ҳар қандай масалада отамнинг олдига борсак, ижобий жавоб олишимиз аниқ эди. Отам охирги илинжимиз эди. Унга шахсий фикримиз дои­мо қизиқ ва муҳим бўлган.

Етаклашиб қатор ва қатор, йўлдан ўтди етмиш беш баҳор…

Шоирнинг АҚШда истиқомат қилув­чи қизи Мавлуда Орипова ўз хотираларида шоирнинг сўнгги кунларини бундай эслай­ди: “Отам уйимизга келганида жуда хурсанд бўлди. Турмушимни, тинч ва осуда яшаёт­ганимни кўриб, кўнгли хотиржам тортди. Ҳаммамиз хурсанд эдик. Улар келиши билан хонадонимиз файзга тўлди. Отамнинг аҳволи яхши, ҳар куни шеърлар ёзади, болаларим билан ўйнайди, ширин-ширин суҳбатлар қу­рамиз. Америкадаги ўзбеклар билан йиғилиб, сайил уюштирдик. Ота-онам бирга қатнашди, отам шеър ўқиди. Меҳмонлар ҳам хурсанд бўлди… Отамнинг охирги кунлари хотираси қалбимни ҳануз тилкалайди. Ҳаммаси тўсат­дан бўлди. Профилактика учун шифокорлар текширувидан ўтаётганимизда: “Илгаридан эшитганим бор, ҳар бир одамнинг юрагида жон қуши бўлади. Агар одам шу қушнинг овозини эшитса, хайрли эмасдир. Менинг ҳам жон қушим чирқираб ётибди, қизим”, деди. Отамнинг томирини топиш қийин эди. Унинг шу гапларини эшитар эканман, маҳкам бағримга босдим, бошларидан силаб қучоқ­ладим. Отамни ҳеч кимга бергим келмасди. Умрининг охирида ёзилган шеърларида ҳам ўз ўлимини башорат қилгандай эди:

Етаклашиб қатор ва қатор,

Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.

У баҳорлар меники эди,

Болам, бари сеники энди…

Бугун ушбу мунаввар гўшаларни миллий ўзликни асраб қолувчи тирик маънавият қўр­ғонлари сифатида эъзозлаш, уларни келажак авлодга ҳеч бир ўзгаришсиз, бор салобати билан етказиш ҳар биримизнинг масъулияти­мизга айланиши лозим.

Уй-музейга ташриф буюриш ўтмиш би­лан юзма-юз мулоқот қилиш, миллат фидо­йилари қолдирган меросдан руҳий қувват олиш демак. Шу боис, бу каби масканлар ҳар бир юртдошимиз учун тафаккур қи­лиш, аждодлар изтироби ва қувончини ҳис қилиш учун айни муддао ва бебаҳо имко­ниятдир.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири