Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида эътироф этганидек, “Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди. Том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди.”

Жамият, давлат ва суд-ҳуқуқи

Жамият — кишиларнинг тарихан қарор топган ҳамкорлик фаолиятлари мажмуи. Жамиятдаги ҳамма нарса, яъни, моддий ва маънавий бойлик­лар, инсонлар ҳаёти учун зарур бўлган шарт-шароитлар ва бошқа жиҳатлар муайян фаолият жараёнида амалга ошади.

Давлат эса, сиёсий тизимнинг асосий субъекти сифатида, жамият учун ҳаётий муҳим бўлган вазифаларни бажаради ва унинг бир бутунлигини таъминлайди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини кафолатлайди. Жамиятда мустаҳкам ва инсонпарвар бўлган ҳуқуқ-тартиботни ўрнатишга, уни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бунинг учун давлатда суд-ҳуқуқ соҳаси ривожи, унинг тарраққиёти, инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни ниҳоятда муҳим.

Ҳуқуққа келадиган бўлсак, аҳоли ўртасида ижтимоий муносабатларни тартибга солади, улар учун умуммажбурий хулқ-атвор қоидаларини белгилайди. Бир сўз билан айтганда, давлат бор жойда ҳуқуқ бўлади, давлатга ҳокимиятни “ҳуқуқ” беради. Ўз навбатида, ҳуқуқни давлат ҳокимияти таъминлайди, давлат ҳокимиятларидан бири эса, айнан суд ҳокимиятидир.

Кейинги 5 йилда суд-ҳуқуқ соҳасида инсон манфаатларига қаратилган шиддатли ислоҳотлар олиб борилдики, бу унинг мустақиллигини ­таъминлашга хизмат қилмоқда.

Инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар

Бу мавзуда тўлароқ фикр юритиш учун, энг аввало, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мухтасар ёдга олиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини англаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 10 октябрдаги тақдимномасига мувофиқ, орадан икки кун ўтиб Олий Мажлис Сенатининг амнис­тия тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг аҳамияти шундаки, ана шу санадан бошлаб илк бор “тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига ­қатъий ўтган шахслар” ҳам амнистияга тушадиган бўлди. Айни шу тақдимнома ва қарор кейинчалик қора рўйхат балосига чек қўйди. Айтиш лозимки, Асосий қонунимизнинг 31-моддаси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган ҳуқуқлар ҳаётга тўла татбиқ этила бошланди.

БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида Президентимиз томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси ҳамда “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси”ни қабул қилиш ташаббуслари илгари сурилиб, уларни рўёбга чиқаришга эришилгани халқаро майдонда ҳам юртимизда инсон ҳуқуқлари устуворлигини яққол намоён этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ­чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра:

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилди;

жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс­ларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди;

қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди;

судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди;

терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти ислоҳ этилди;

фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди;

вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича ваколатлари бекор қилинди;

адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ҳамда ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилди.

2017 йил февралида соҳадаги ислоҳотлар давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилди, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституция­вий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмак­лашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судини бирлаштириш, фуқаролик, ­жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекис­тон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ­Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари ташкил этилди, хўжалик судлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари этиб ўзгартирилди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Виртул ва Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш тизими тамомила янгиланди, бу тизим демократлашди, давлат органлари ва мансабдорлар халққа яқинлашди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мутлақо янги институт — Президент ҳузурида Бизнес омбудсман иш бошлади.

Болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолларига чек қўйилди. Судларда эса, маъмурий тартибда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларига йўл қўйган идоралар ва уларнинг мансабдор шахс­ларига тизимли жазо чоралари қўлланилмоқда.

Фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи билан бевосита боғлиқ паспорт тизими ислоҳ этилди. Хусусан, Конституцияда белгиланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи тамойилларига риоя этилган ҳолда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатда туришга чеклов, кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаби бекор қилинди ва бу тизим босқичма-босқич барҳам топди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига кириб чиқиш ҳуқуқи, виза тартиботлари соддалаштирилди. Бу соҳада ҳам конституциявий тамойил амалда таъминланмоқда.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” эзгу тамойили асосида прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ИИВ тизимлари тубдан ислоҳ этилди, Миллий гвардия ташкил этилди, ИИВ тизимида тергов департаменти фаолияти йўлга қўйилди.

Зулм ўчоғи деб таърифланган “Жаслиқ” колонияси ёпилди, қамоқхоналардаги қийноқлар батамом тугатилди. Қийноқларга қарши давлатнинг яхлит тузилмаси ташкил этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Мажлис вакили — Омбудсманга бевосита озодликдан маҳрум этиш жойларида ўрганиш каби кенг ваколатлар берилди.

Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, афв этиш маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан ­тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик тамойиллари жорий этилиб, муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга ошириладиган тизим яратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, адвокатларнинг жамиятда мавқеини ошириш борасида муҳим қадамлар ташланди. Нотариат соҳаси ислоҳ этилди, ҳусусийлаштирилди, электронлашди, масофавий хизматлар йўлга қўйилди, аҳолининг нотариусларда навбат кутиши кескин камайди. Нотариат бюрократ давлат идораси эмас, ҳақиқий хизмат кўрсатувчи субъектга айланиб бормоқда.

Албатта, ислоҳотлар натижаси ўлароқ, инсон ҳуқуқларига, давлат инсоннинг сўз, фикр юритиш, виждон эркинлиги каби энг бирламчи ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, унинг кафолатларини амалда рўёбга чиқаришга мустаҳкам бел боғлади. Бу кафолатлар таъминланди. Айрим гуруҳларнинг қора рўйхати тугатилди, хусусан, 20 000 га яқин киши ундан чиқарилди. Сиёсий маҳбуслар озод этилди. Диний бағрикенглик ҳуқуқи таъминланди.

2016 йилдан буён Ўзбекистонда 4965 нафар шахс кечирилган. Улардан 1584 нафари диний маҳбуслар. Бундан ташқари, жазоси енгиллаштирилган маҳбуслар сони 1722 нафарга етган.

2017 йилда — 263 нафар, 2018 йилда — 867 нафар фуқаро, 2019 йилда — 859 нафар фуқаро, 2020 йилда — 781 нафар фуқаро оқланган. 3 минг 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган. Ҳокимларнинг 2 минг 852 қарори ноқонуний, деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган эди.

Президентимиз энг азиз умуммиллий байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, содир этган жиноя­ти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 нафар шахс афв этилди. Қайд этиш жоиз, бу шахс­лар афв этилиши баробарида оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегиш­ли топшириқлар ҳам берилди.

Маъмурий судлар ташкил қилингач, 2017 йилда 218 та, 2020 йилга келиб эса 41 292 та маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича хусусий ажрим ва тақдимномалар чиқарилган.

Одамларнинг судларга бўлган ишончи ошди. Давлат ва халқ билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар, одамларда муаммоларини ҳал қилиши мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Давлат идоралари қуйи тизимга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлади.

4 йил олдин валюта айирбошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалалари бўйича ҳар ойда ўртача 100 мингтагача мурожаат тушган. Бу соҳаларда қулайлик яратилиб, муаммоларнинг тизимли ҳал этилиши туфайли уларга оид мурожаатлар тўла барҳам топди.

Инсон ҳуқуқлари,суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёнига ақлли бошқарувни жадал жорий этиш, айниқса, ҳар бир шахснинг мурожаатлари кўриб чиқилиши марказлашувни амалда чеклаш, оила-никоҳ, тадбиркорлик, хусусий мулк ва мулк­дорлар ҳуқуқлари борасида амалга ошириладиган ҳуқуқий ислоҳотлар шиддатида нафлийлик суръатини пасайтирмаслик талаб этилмоқда.

Ҳуқуқ ижодкорлигини сусайтирмаслик, портал, қабулхона ва суд-тергов органлари фаолиятининг ўзаро муносабатларида мувозанатни оғишмай таъминлаш, мажбурий ижро бюросини ижро тизимига ўтказиш орқали ҳал этиладиган реал ҳолатлардан кўз юммаслик, жойлардаги судлар ва маҳаллий кенгашларнинг бир-бирини тийиб туриш функциясини конституциявий тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, қайта кўриб чиқишга ва ҳуқуқий демократик давлат асосларидан чалғимай бартараф этишга эҳтиёж сезилмоқда.

Ҳадисда келтирилганидек, “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”. Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта, ижобат топади. Агар ҳар биримиз ислоҳотлар жараёнига ўз ҳиссамизни қўшсак жамиятга ҳам ижобий таъсир этади. Ана шу эзгу ниятлар, яхши амаллар юртимизни эркин ва фаровон кишилар, бахтли инсонлар мамлакатига айлантиради.

Нуриддин МУРОДОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар

Учтепа туманлараро суди судьяси