Мурожаатда қайд этилишича, Навоий вилоят кўптармоқли тиббиёт марказининг бир гуруҳ шифокорлари тажриба алмашиш ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида шу йилнинг апрель ойида Ҳиндистон давлатига бир ҳафталик сафарга бориб келиш учун Навоий шаҳри И.Каримов кўчаси, 52-уйда жойлашган "Omad Avia" МЧЖдан 33 000 000 сўм тўлаб авиачипта сотиб олган. Бироқ карантин сабабли рейслар бекор қилингач, 2020 йил 1 июлидан депозит ваучерларини расмийлаштириш орқали тўлов қайтарилиши таъкидланган бўлса-да, шифокорлар 5 ойдан буён пулларини ололмай, овораю сарсон бўлган.

Мазкур мурожаат Навоий шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиб, истеъмолчиларнинг умумий ҳисобда 33 000 000 сўм миқдоридаги маблағлари қайтарилишига эришилди.