Гулбаҳор ЖЎРАЕВА, Наманган тумани, “Хонобод” МФЙда яшовчи фуқаро:

- Узунқишлоқда туғилганман. Икки ўғлим бор. Фарзандларим онам қарамоғида. Турмуш ўртоғим чет элда меҳнат қиляпти. Туман тиббиёт бирлашмасининг хирургия бўлимида фаррош бўлиб ишлайман. Шу боис, соҳамиздаги катта ижобий ўзгаришларга шахсан гувоҳман. Ўтган йили туғуруқ давридан сўнг сурункали буйрак етишмовчилиги ва камқонлик хасталиги билан оғриб қолдим. Шикоят билан келганимда дарров аниқ ташхис қўйишди ва муолажани бошлашди. Вақти-вақти билан мутахассислар кўригига учраб турибман. Муҳим тавсияларга қатъий риоя этсам, Худо хоҳласа, албатта, тузалиб кетишимга умидим, ишончим юқори ва руҳим баланд.

Давлатимиз, ҳукуматимиз раҳбарияти, ҳокимликлар мутасаддилари томонидан алоҳида эътибор беришяпти, бепул укол-дорилар билан таъминлашяпти. Рости, жуда яхши қарашяпти, раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, гемодиализ бўлимидаги меҳрибон ва тажрибали шифокорларга, барча фидойи ходимларга ўзим ва оиламиз номидан чексиз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Оқ халатли халоскорлар ҳаққига эртаю кеч дуодаман. Саломатлигимни тиклаш учун эса астойдил ҳаракатдаман.

Тақдир тақозоси билан навбатдаги режали даволанишим сайлов кунига тўғри келди. Наманган шаҳар марказий шифохонаси яқинида 41-сайлов участкаси жойлашган экан. Шу участка сайлов комиссиясидан бириктирилган масъул вакиллар ётган хонамизга чиқиб, сиёсий хоҳиш-иродамизни амалга ошириш учун имконият яратиб беришди. Сайлов куни мен каби 225 бемор Конституциявий сайлаш ҳуқуқидан фойдаландик. Бетоблигим сабаб кўчма қути орқали бўлса ҳам сайловда фаол қатнашганимдан хурсандман. Тўғрисини айтсам, бюллетенда шифокорлар қадрини кўтарадиган, биздек беморлар тезроқ соғайиши учун ҳар тарафлама ғамхўрлик кўрсатадиган Президентликка муносиб номзодни белгиладим. Илоҳим, Ўзбекистонимизда доимо байрамлар, тўйлар нишонлансин. Ҳеч кимнинг ширин жони оғримасин, асло дардга чалинмасин, хонадонига ҳар қандай касаллик ва қайғу йўламасин!

“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.