Кимлардир худди кўз юмиб яшаётганга ўхшайди, ҳаётда маъно кўрмайди, маърифат, илм нима эканини билмайди. Қалби маърифат нуридан илҳомланган одамлар эса атрофдаги барча нарсада илмнинг мўъжизасини кўради, ўрганади, бундан ҳайратланади. Ўрганишнинг чеки, ҳайрат денгизининг адоғи йўқ. Сизу биз бу одамлар билан кўришамиз, суҳбатлашамиз, илмларидан баҳраманд бўламиз. Кун ўтган сайин билим хазинамиз бойиб боради. Дарҳақиқат, тиббиётимизда ўз ўрнига эга бўлган устоз Мухаммадхон Убайдуллаев ана шундай юксак маърифат эгалари сафига киради.

Ҳаммамизга яхши маълум, инсоният тамаддунида устоз тушунчасининг ўрни беқиёс. Яқин кунларда юртимизга жаҳоннинг машҳур шифокорларидан бири, юксак тажриба ва билим соҳиби сифатида эътироф этилган доктор, устозимиз Мухаммадхон Убайдуллаев юртимизга келиши кутиляпти. Бу хабар нафақат кўплаб шифокорлар қатори Ўзбекистондаги нуфузли тиббиёт олийгоҳлардан бири Тошкент тиббиёт академиясининг кўпсонли профессор-ўқитувчилари қатори мен учун қувончли ҳабар.

Узоқ йиллар мобайнида устозимимиз билан илмий ва амалий жараёнларда елкама-елка меҳнат қилиб, унинг илмий салоҳияти ва тафаккур маҳсулидан кўп сабоқлар олдим. Мухаммадхон Бурхонович — халқимиз орасида шифокорликни санъат даражасига олиб чиқаётган ва мазкур соҳада замонавий ёндашув усулларини давом эттириб келаётган таниқли олимлардан биридир. Шу ўринда «Юз жарроҳлиги ва уранопластика» йўналишининг тиббиётда мураккаб йўналишлардан бири эканлигига тўхталиб, устознинг яқин шогирди сифатида Мухаммадхон Бурхоновичнинг ўзига хос даволаш услубини катта ҳаётга қадам қўяётган ёш олимлар учун ибрат мактабига қиёсламоқчиман.

Мухаммадхон Бурхонович 1955 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. 1978 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти Стоматология факультетини муваффақиятли тамомлагач, тиббиётдаги илк фаолиятни Андижон ва Намангандаги шифохоналарда ўтади. Танлаган соҳасига бўлган қизиқиши ва ўқиб ўрганишлари самара бериб бугунги кунда дунё миқёсида эътироф этилган мутахассис даражасига етди. Албатта, бу илмий босқич олим учун осон кечгани йўқ

Унинг 1989 йилда Москвада ҳимоя қилинган «Уранопластика натижаларини қиёсий баҳолаш» мавзусидаги номзодлик диссертацияси, кейинроқ эса 2001 йилда ҳимоядан ўтган «Туғма ва орттирилган носомаксилляр комплекс нуқсонларини даволаш» мавзусидаги докторлик диссертацияси унинг илмий фаолиятидаги бир – бирини тўлдирадиган мураккаб босқичлардан ҳисобланади.

Эътироф этиш жоиз, Мухаммадхон Бурхоновичнинг нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонда илми билан танилиб соҳа вакиллари орасида катта ҳурмат қозонишига Яман ва Россия Федерациясининг Башқиристон республикасидаги шифохоналарида тўплаган халқаро тажриба сабаб бўлди. Олим ўзининг масъулиятли иши асносида туғма камчиликлар: кўпинча болаларда учрайдиган лаб ёриқлари каби ўнлаб турдаги нуқсонларни бартараф этишда уранопластика жарроҳлик амалиёти самарали ёрдам беришини исботлади.

Бундай нуқсонлар нафақат ташқи кўринишни бузиши, балки нутқ ривожланиши, овқатланиш, нафас олиш ва эшитиш қобилиятига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатишини кўп йиллик тажрибамдан кўриб келаётган шифокор сифатида тан олишим керак, уранопластика нафақат эстетик жиҳатдан, балки инсон ҳаётидаги муҳим физиологик функцияларни тиклаш нуқтайи назаридан ҳам жуда муҳим соҳадир.

Тўғма ёки орттирилган нуқсонларини тузатиш мақсадида тиббиётда турли усуллар ва технологиялар ишлаб чиқилаётган бугунги кунда ҳар бир усулнинг ўз афзалликлари ва мураккаб жиҳатлари мавжуд.

Мен устозим фаолиятида бола туғилгандан сўнг биринчи марта амалга ошириладиган ўта нозик жараён уранопластика ва қайта уранопластика ижобий бажарилган муолажаларига кўп гувоҳ бўлганман.

Ҳар гал беморларининг психо-эмоционал ҳолатига усталик билан баҳо беришини кўрганимда айниқса, босқичли ва кўп босқичли операциялардан кейинги қон йўқотиш даражаси ва тикланиш муддатини олимларга хос зукколик билан қиёсий таҳлил қилганига гувоҳ бўлганимда таналаган касбимга меҳрим, ҳурматим ва масъулиятим ошиб бораверган.

Бу иқрор бир менинг эмас, устознинг юзлаб шогирдларида умумий тиббий, ижтимоий ва инсонпарварлик ҳислатлари шакланиши ва сайқалланишига сабаб бўлмоқда. Шу маънода тиббиёт — бу фақат фан эмас, инсон руҳини, танини ва умидини даволаш санъати ҳамдир.

Устоз Убайдуллаев Мухаммадхон Бурхонович ва унинг шогирдлари ўртасидаги боғлиқликни кўриб замонавий тиббиётимизнинг илдизи қайси пойдеворда эканлигини яққол ҳис этиш мумкин.

Тиббиётда устоз-шогирд анъаналари илмнинг узлуксизлик занжиридир. Ушбу анъанани асраб-авайлаш, уни янги авлодга етказиш ҳар бир шифокорнинг муқаддас бурчи. Уранопластика соҳасида олиб борилаётган изланишлар, турли усулларнинг қиёсий баҳоланиши ва шогирдларга берилган қимматли билимлар — барчаси инсон ҳаётини яхшилаш, унинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадини кўзлайдиган катта меҳнат маҳсулидир.

Мухаммадхон Бурхоновичнинг илм мактабида етишиб чиққан кўплаб шогирдлар бугун тиббиёт соҳасида муҳим вазифаларни бажармоқда. Улар дунёнинг турли манзилларида турли лавозимда фаолият олиб борсалар-да, устоз-шогирдлик ўртасидаги муносабатларни нафақат маҳорат дарслари ва амалиёт, балки кун сайин такомиллашиб бораётган замонавий илм негизида мужассам инсонийлик ва эзгуликка хизмат қилдирмоқдалар.

Шуҳрат БОЙМУРАДОВ,

Тошкент давлат тиббиёт университети ректори