Тадбирда Тошкент шаҳар маҳаллаларининг фаол фуқаролари, зиёлилар, меҳнат фахрийлари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.
– Таъкидлаш жоизки, охирги беш йил давомида мамлакатимизда юртбошимиз томонидан олиб борилаётган китоб тарғиботи, кутубхоналар фаолияти, китобхонлик, мутолаа маданиятини оширишга қаратилган масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бир сўз билан айтганда олиб борилаётган ислоҳотлар бизга том маънодаги 3 та муқаддас тушунчаларни яъни, китоб, кутубхона ва китобхонликни қайтариб берди, – дейди Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Каримова. – Тошкент шаҳар “Bilim” ахборот кутубхона маркази томонидан кенг аҳоли қатламлари ва айниқса ёшларимизнинг уйда қолиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида махсус ишлаб чиқилган чора тадбирлар асосида фаолият олиб бормоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Олмазор туманида А.Қодирий ва А.Чўлпон номли кутубхоналар биноси қуриб битказилди. Асосий мақсад кутубхоналарнинг пойтахт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Абдулла Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқурроқ ўргатиш зарурлиги, аҳолининг дам олиши учун қулайликларни замон талаблари даражасига ошириш, бир сўз билан айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдан иборатдир. 2019 йил 13 январда ушбу кутубхоналар Тошкент шаҳар «Bilim» Ахборот-кутубхона маркази тасарруфига берилганлиги пойтахт аҳолисига ва айниқса ёшларга берилаётган юксак имкониятлар эшигини очди.
Иштирокчилар «Муҳокама соати»да кейинги пайтда маҳаллаларга бевосита китобхон хонадонларга кириб бораётган кўчма кутубхоналар ва уларнинг фаолиятидаги ютуқлар ва камчиликлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, Ахборот-кутубхона марказининг ташаббускор ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июнда «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида» қарори қабул қилиниши соҳанинг янада тараққиётга юз тутишига асос бўлганлигини таъкидлашди.
Тадбир сўнггида «Севимли қаҳрамон» тўгарагининг аъзолари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.
Гулноза ҲАСАНОВА,
Тошкент шаҳар “Bilim”
ахборот-кутубхона маркази
етакчи мутахассиси