Буюк ҳукмдор Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, темурийлар давлатининг вужудга келишидаги хизматини халққа етказиш ишлари мустақилликка эришганимиздан сўнг жадаллаб кетди.

Мустақилликка қадар буюк соҳибқирон ҳақида тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си чоп этилган эди. А.Темур фаолиятини ўрганиш, тадқиқ этишга рухсат бўлмаган. Шундай бўлсада, 1968 йили фалсафа фанлари доктори, профессор И. Мўминов “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номли рисоласини нашр эттиради. Рисола илм аҳли ичида тортишувларга сабаб бўлади. Олимнинг рисоласи мутахасисилар эътирофига сазофор бўлган бўлсада, замон талабига кўра танқидга учрайди. Лекин, орадан 50 йил ўтгандан сўнг олим И. Мўминов бошлаган иш хайирли эканлигини вақт кўрсатди. Мустақиллик берган эркинлик туфайли А. Темур хизматлари ҳақида ўнлаб тадқиқотлар яратилиб, буюк Соҳибқирон номи баралла янграй бошлади.

Тарихчи олим А. Муҳаммаджоновнинг “Амир Темур ва Темурийлар салтанати” тарихий очерки ҳамда, Н. Аҳмедовнинг “Амир Темур Ривоят ва ҳақиқат” китобларида буюк жаҳонгир хизмати тарихий манбалар асосида ҳикоя қилиб берилган.

Биз музейимизнинг янги намойишгоҳи учун манбалар танлаётиб, буюк Соҳибқирон А. Темур ҳаёти ва фаолияти ҳамда маълумотлар киритилган қўлёзма тўпламини аниқладик. 636-сақланиш рақамли бу китоб “Ихтисорул-ахбор” (қисқартирилган хабарлар) номли бўлиб, у Муҳаммад Ёрбек ибн араб Қатағон томонидан ёзилган. Форсий тилда битилган бу қўлёзма 1736 йили Муҳаммад Фузайл володи Абулфайз китобдор томонидан кўчиртирилгани айтилган.

Қўлёзма 270 бет бўлиб, таъмирланган. Матн тўла сақланган. Китобнинг 1-саҳифасида “Мулла Акбарҳожи Рошидоний деб эслатма ёзилган. Бу хат китоб риштонлик Акбарҳожига тегишли эканини билдиради.

Китобнинг кириш қисми-мундарижасида муаллиф олим-фузололар, шоҳлар ҳақидаги қисқа хабарларни битганини алоҳида таъкидлаган. Қўлёзма билан танишган чоғимизда ҳақиқатдан муаллиф хонлар, олимлар, хаттотлар ҳақида маълумот берганини кўрдик. Айниқса, соҳибқирон А. Темур авлодлари, юришлари, фаолияти ҳақидаги маълумотлар алоҳида қимматли. Чунки 300 йил аввал битилган китобда ҳукмдор А. Темур ҳақида ижобий фикрларнинг билдирилиши кишини тўлқинлантиради.

Биз 1998 йили чоп қилинган “Ўзбекистон Фанлар академияси шарқ қўлёзмалар тўплами” каталоги билан танишганимизда топилма китоб хақида манба учрамади. Бу эса “Ихтисорул-ахбор”(“Қисқа хабарлар”) китоби янги тарихий асар бўлиб Амир Темур хақида янги маълумотлар беради.

Х. Отажонов,

Қўқон адабиёт музейи фонд мудири