Ҳатто эл-улус орасида мустаҳкам ҳурматга эга бўлган машҳурларни ҳам соддадил шоирлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга бера бошлади. Бу эса муаллифлик ҳуқуқлари бўйича қонуний механизмнинг реал ҳаётда ишлай бошлаганидан далолат. Эндиликда ижодкорлар ўз асарларига машҳурларнинг эътибори тушганидан шунчаки хурсанд бўлибгина қолмай, унинг меҳнати, ижодий маҳсулига нисбатан ҳурмат билан қарашга ўргатяпти.

Масалан, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари нафақат интернет ижтимоий тармоқларида аудиовизуал асарлар ва фонограммаларни сотиш, балки, шоир, ёзувчини рухсатини олмасдан қўшиқ қилиб ижро этиш мумкин эмас, аслида.

Бу эса Ўзбекистон Республикаси «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 62-моддасида ўз аксини топган. Яъни ушбу моддага кўра, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Фарғоналик шоир Беҳзод Фазлиддинов Фарғона вилоят адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилди. Гап шундаки, Унинг «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» шеърий тўпламидан жой олган «Ҳушёр дўстларим» шеърига муаллифнинг ҳеч қандай розилигисиз қўшиқчи А. Шерматов куй басталаб ижро қилган ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Ушбу мурожаат муаллифнинг аризаси асосида вилоят адлия бошқармаси мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилиб, қонуний баҳо берилди.

Содда қилиб айтганда, бирон нимадан фойдаланмоқчи бўлсак, албатта унинг эгаси олдидан бир бор ўтиб қўйилади. Рухсат сўралади. Бу ҳолат эса муаллифга, мулк эгасига ва мулкка бўлган ҳурмат саналади.

Ўрганишлар натижасида шоир Б. Фазлиддинга тегишли бўлган «Ҳушёр дўстларим» шеъри муаллифнинг розилигисиз ва лицензия шартномасини тузмасдан қонунга хилоф равишда ижро қилинганлигига ойдинлик киритилди. А. Шерматовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, тегишли тартибда муаллифнинг ҳуқуқлари тикланди. Ҳуқуқбузарга эса маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Дарҳақиқат, жамиятимизда ҳуқуқ эгасининг интеллектуал мулкига нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш зарур. Чунки, қонунан ҳуқуқлар мустаҳкамлансагина йирик ижодий асарлар дунёга келади ва муаллиф моддий ва маънавий фойда топади. Хулоса шуки, бу каби ҳолатларга ҳали қулоқларимиз ўрганмаган. Лекин катта ишлар мана шундай кичик эпизодлардан бошланади. Нима бўлганида ҳам, муаллифлик ҳуқуқини ҳам моддий мулк каби кўриш ва уни ҳурмат қилишни ўрганишнинг аллақачон фурсати етган.

Умиджон Назиров,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи.