Бугун газетхонларимизга китобдаги ана шу ёмби фикр ва ҳикматларнинг айримларини ҳавола этаяпмиз.
* * *
Туғилган уйимдан биринчи бор узоқ сафарга йўл олдим. Онам токчага чироқни ёқиб қўйди. Мен кетар эканман, ортга қарадим, яна йўл босиб ортга қарадим, туманлараро деразамиз токчасидаги чироқ ёғдусига кўзим тушди.
Шу кичкина деразадан таралган ёғду мамлакатлар оша, йиллар оша менинг йўлимни ёритиб турди. Мен туғилган уйимга қайтиб келгач, шу кичкина деразадан ташқарига қарадим. Кўз олдимда бепоён дунё, ўтган йўлларим, йилларим гавдаланди.
Қайга бормай она юртимга ўхшаш жиҳатларни излайман. Ҳиндистонга сафарим чоғида ҳам Доғистон ҳақида ўйладим. Бу мамлакатнинг қадим маданияти ва фалсафаси сирли овозда она юртим ҳақида шивирлади. Менинг бу гапларимга ишонсангиз бўлади, чунки эндиликда дунёнинг ҳамма жойида Доғистон ҳақида эшитиш мумкин. Шундай замонлар ҳам бўлган “Доғистон” сўзи кимсасиз дара ва чўлларда акс садо берган. Эндиликда бу сўз бутун мамлакатда, дунёда жаранглаб, миллионлаб юраклардан жой олди.
Мен Доғистоним ҳақида Непалдаги йигирма иккита шифобахш булоғи бор будда ибодатхонасида ҳам ўйладим. Аммо Непал мисоли сайқалланган олмос, шу боис, уни Доғистон билан қиёслай олмайман. Чунки Доғистон олмослари билан эндигина бир неча ойна кесилди.
Мен Доғистоним ҳақида Африкада ҳам ўйладим. У менга чорак қисми қиндан суғурилган ханжарни эслатди. Бошқа мамлакатлар – Канада, Чили, Англия, Испания, Японияда бўлганимда ҳам Доғистоним ҳақида ўйладим, улар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутларни изладим.
Кунлардан бир куни, Хорватия бўйлаб қилган сафарим чоғида Адриатика денгизи соҳилидаги Дубровник шаҳрига бордик ва бу шаҳар мени ҳайратга солди. Бу шаҳардаги уй ва йўлаклар дарадаги қояларни ва тоғ сўқмоқларини эслатарди, ҳар жойда тошли майдончалар бор эди, уйларнинг эшиклари худди ўйилган ғор оғзига ўхшаб кетарди. Ўрта асрларга хос бу уйлар ва ёдгорликлар қаршисида замонавий бинолар қад ростлаганди.
Бутун шаҳар бизнинг Дарбандга ўхшаб тошлар билан ўралганди. Тор йўлакларда деворларни ушлаб, тошли зинапоялардан юрдим. Девор бўйлаб бир хил масофада миноралар қурилганди. Ҳар бир минора тепа қисмида инсон кўзига ўхшаш икки шинак бор эди. Гўё бу миноралар имомнинг муттасил қўриқчилик қиладиган сергак муридларига ўхшарди.
Мен деворга суяниб битта миноранинг шинагидан ичкарига қарамоқчи бўлдим. Йўлакда туристлар тинимсиз қатнашаётгани учун туйнукка яқинлашишга имкон беришмади. Узоқдан шинакларда кўк нарсани кўрдим. Бу кўк нарса туйнук ўлчами бўлиб, катталиги кафтдай келарди.
Бир амаллаб шинакка яқинлашдим, туйнукдан қараб ҳайратланиб қолдим, ташқарида Адриатика денгизи январь қуёши нурларида жилоланарди. Денгиз фақат кўм-кўк эмас, турли рангларда товланарди. Тўлқинлар шовиллаб тош деворга урилар ва яна гумбурлаб орқага қайтарди. Денгизда кемалар сузарди, ҳар бирининг катталиги бизнинг овулимизча келарди.
Мен қанча вақт катта оламни кўриш учун турна қатор туристлар орасида навбатда турдим ва ниҳоят туйнукка яқинлашиб узоқларга қараган пайтимда яна Доғистонимни ўйладим.
Ахир, у ҳам ўз навбатини кутиб турна қаторда турди. Унга ҳам олдида турган бахтиёрнинг баланд елкаси халақит берди. Энди у ўз урф-одатлари, қўшиқлари, маданияти қадриятлари билан кенг оламга йўғрилиб кетди.
МАВЗУ ҲАҚИДА. Менга болалигимдан битта манзара ёқади. Отамакон уйимнинг деразаси очилиши билан тоғ ён бағридаги ям-яшил кенглик кўринади, гўё овул оёғи остига ёзилган пояндоз. Қоялар унга таъзим бажо қилишиб қараб туришгандай туюлади. Болалигимдан тоғ ён бағридаги сўқмоқлар илонларни, дарадаги ғорларнинг оғзи йиртқичларнинг оғзини эслатади. Олис тоғларнинг қоялари бир-бирига суяниб олишган. Тепалари думалоқ, қорамтир, туянинг жунли ўркачига ўхшайди.
Энди-ку биламан, Швейцария ёки Неапаль тоғларида бундан чиройли манзарали жойлар бор. Лекин қаерда бўлмай, қайси табиат гўзаллигига қарамайин кўрганларимни болалигимда отамакон уйимнинг деразасидан хаёлимни ўғирлаган манзарага солиштираман ва кўз олдимда қаршимдаги намоён табиат гўзаллиги ўрнида ўша болалигимдаги манзара жонлана бошлайди. Агар қандайдир сабаб билан хотирамда овулим ва унинг атрофидаги манзара яшамаганда мен учун дунё юраксиз кўкрак қафасига, қорачиғи йўқ кўзга, тилсиз оғизга, қушсиз уяга ўхшарди.
Бу мавзуимни овулимнинг чегараси, ҳовлимнинг кегараси билан белгилайман ва шу чегара–кегараларда баланд девор тиклайман деганим эмас.
Шундай далалар бор, плугда чуқур шудгор қилганингдан кейингина юмшоқ тупроқ бошланади. Шундай далалар бор, плугда устки қаватини шудгор қилишинг билан тошлоқ қисми кўринади. Шундай далалар бор, уларни шудгор қилиш шарт эмас. Чунки тошлоқ шундоқ кўзга ташланиб туради. Барибир бундай далаларда ҳосил олиб бўлмайди.
Она тупроғимга бўлган меҳримни энди беминнат ишлаган от каби боғлиқ ҳолда ушлаб турмоқчи эмасман, уни ям-яшил яйловга эркин қўйиб юбориш керак. Мен отнинг юганини оламан, бўйнига шаппатилаб уриб силаб қўяман, майли, ўтласин, куч тўпласин. Менинг тупроққа, Ватанга бўлган меҳримда ҳам яйловда эркин ўтлаб юрган отга ўхшаш эзгулик бор.
Мен дунёдаги барча ҳодисаларни, Ватанга бўлган меҳримни фақат ўз уйимда, ўз овулимда, ўз Доғистонимда ҳис қилиш билан кифояланмоқчи эмасман. Аксинча, дунёдаги барча ҳодисалар қаерда кезмай Ватанга бўлган меҳримда акс этишини истайман. Менинг мавзуимнинг, дунёқарашимнинг моҳияти шунда.
Эсимда, олис Сантьягода бўлганимда мени хўрозлар қичқириғи уйғотди. Кўзимни очдим, ўзимни бир лаҳза тоғлар орасидаги қадрдон овулимдаман деб ўйладим. Ўшанда Сантьягодаги хўрозлар ҳақида ёзаман деб дилимга тугдим.
Япониядаги ажойиб Каманур шаҳридаги гўзаллар танловида иштирок этдим. Япон гўзаллари навбатма-навбат саҳнадан ўтишди. Мен беихтиёр уларни овулимда қолган ягонамга қиёсладим. Қанча тикилмай, ҳеч қайсисида ягонамга хос фазилатни кўрмадим. Лекин япон гўзаллари ва гўзаллик танлови маликаси менинг мавзуимга кириб келди.
Непалдаги будда ибодатхонаси, қирол саройи, дунёдаги барча дард, афсун ва жодудан фориғ этувчи йигирма иккита булоқни томоша қилиб, тошли сўқмоқлар орқали Катаман тоғининг энг баланд нуқтасига кўтарилдим. Атрофга назар ташлаб, қадрдон Доғистонимни эсладим. Ҳолбуки, муқаддас булоқ, қадимий ибодатхона ва гўзал саройни томоша қилганимда қалбимда шундай ширин таассурот уйғонмаганди. Шу оддий тоғ манзараси ажойиб архитектура ёдгорлигидан менга қадрлироқ туюлди. Ўйладимки, муқаддас булоқлар эмас, мана шу тоғлар одамларни барча дарддан, афсун ва жодудан фориғ этади. Шунда Непалда кўрганларим китобимга мавзу бўлиб кирди.
Катта ва сершовқин Калькутта шаҳридан унинг шундоқ яқинидаги кичкинагина қишлоққа келдик. Хирмонда ҳўкизлар билан буғдой бошоқларини майдалашаётган экан. Дунёдаги ҳеч бир музей, ёки улкан театрлардаги томошалар ҳам буғдой пояларини секин янчаётган ҳўкизларнинг юришларидай завқ бағишламаганди. Гўё мен ўзимни овулимга, болалигимга қайтгандай ҳис қилдим. Шунда Калькутта яқинидаги қишлоқни китобимга мавзу қилиб олдим.
МАВЗУ ҲАҚИДА ХУЛОСА ЎРНИДА НИМА ДЕМОҚЧИМАН. Шундай мавзу борки, уни такрорлаганинг сайин ибодатдай имонингни бут қилади, кўнглингни ўстиради, маънавиятингни бойитади.
Бу мавзу – ибодат, бу мавзу – Ватан!
Агар болаларни шўхликлари учун жазоламоқчи бўлсангиз, тоғликлар одатига кўра истаган жойига уришингиз мумкин, лекин юзига қўл тегизиш мумкин эмас. Тоғликларнинг ёзилмаган қонуни шу: инсон юзи дахлсиздир.
Доғистон – менинг юзим. Ҳеч кимнинг менинг юзимга дахл қилишига йўл қўймайман!
Тоғликлар унча-мунча гапга жанжаллашмайди. Ҳақорат қилишса ҳам чидашади ёки ҳақоратли сўзларга ҳақоратли сўзлар билан жавоб қайтаришади. Агар ҳақоратли сўзлар ўзларига қаратилган бўлса, улар шундай айтишиб тураверишлари мумкин. Бироқ ҳақоратли сўзлар онасининг ёки опа-синглисининг шаънига тегиб кетса борми, қўллар ханжар томон чўзилади.
Доғистон – сен менинг онамсан! Мен билан баҳслашмоқчи бўлганлар, шуни доим ёдда тутинг. Мени хафа қилиш мумкин – барига чидайман. Бироқ менинг Доғистонимга тил тегиза кўрманг.
Доғистон – менинг муҳаббатим, менинг қасамим, менинг тавбам, менинг ибодатим! Доғистон – ҳаётимнинг мазмуни, барча шеърларимнинг бош мавзуси!
ЎЗИМ ШОҲИД БЎЛГАНМАН, Индонезия тоғларида ҳам ноғорани худди бизнинг тоғликларга ўхшаб чалишар экан, Нью-Йорк кўчаларида черкаска кийган кавказлик юрганди, Истанбул ва Парижда тақдир тақозоси билан бориб қолган кўнгли ярим тоғликлар ҳам яшайди, Лондонда балхар кулоллари тайёрлаган сопол идишлар кўргазмаси бўлганди, Венецияда Цовир овулидан чиққан лак дорбозлари томошабинларни ҳайратга солганди, Питсбургдаги ноёб китоблар сотувчиси менга Шомил ҳақидаги китобни кўрсатганди.
Қайга бормай, қайда юрмай Доғистонимга хос воқеа-ҳодисаларга кўзим тушди.
Бир неча қиличбоз битта аскарга ташланса, унинг ҳимояланиши осон эмас. Аскар бир вақтнинг ўзида ҳам олдидан, ҳам ёнидан, ҳам орқасидан қилинаётган ҳужумларни бартараф этиши қийин. Агар аскарга елкаси билан суянадиган қоятош бўлса, шу қояга суяниб маҳоратини ишга солиб бир неча қиличбозга бас келиши мумкин.
***
Доғистон – мен учун шундай суянч қоя. Қийин дамларимда фақат унга суянаман.
***
Саёҳатчилар қайси мамлакатга боришса, ўша мамлакатнинг қўшиқларини олиб келишади. Лекин бу масалада менга қийинроқ, чунки мен қайси мамлакатга бормайин Доғистон ҳақидаги қўшиқларни олиб қайтаман. Ҳар бир янги қўшиқни эшитганда Доғистонимни қайтадан кашф қиламан, Доғистонимга бўлган муҳаббатим янада алангаланади. Жонажон Доғистоним, сенинг мадҳингни куйлашга сўз етишмайди.
***
Бир сафар Японияда турли давлат вакиллари таассуротларимиз билан ўртоқлашдик. Биз фаввора атрофида эдик. Бу жой Доғистондаги овул оқсоқоллари давра қурадиган тошлардан терилган булоқбошига ўхшарди.
– Ажойиб мамлакат экан, – деди биринчи бўлиб америкалик композитор. – Мен Япония қиёфасида ривожланган Американи кўраяпман.
– Нималар деяпсиз? – эътироз билдирди гаитилик журналист. – Ҳозиргина японлар яшайдиган қишлоқлардан келдим. Менимча, Япония бизнинг оролимизга ўхшайди.
– Жаноблар, тортишманглар, бу жойда Париж шодиёналари ва ташвишлари мужассам экан, – дея суҳбатга қўшилди франциялик архитехтор.
Мен Доғистон овулларидаги булоқбошиларга ўхшаш тошлардан терилган фавворага қараб ўйга толдим: “Япония – ажойиб мамлакат. Унда бошқа мамлакатларга ўхшаш ҳамма нарса бор, шу билан бирга Япония ҳеч бир мамлакатга ўхшамайди. Чунки у – Япония”.
***
Туғилган овулим – Цада!.. Етмишта хонадон. Мусаффо осмонга етмишта хонадоннинг мўрисидан кўм-кўк тутун кўтарилаяпти. Қора тупроқли жойдаги оппоқ уйлар. Овул, оппоқ уйлар олдида – теп-текис ям-яшил экинзор. Овул ортида – қоялар. Худди қўшни ҳовлидаги тўйни томоша қилиш учун том бошига тизилган болалардай кулранг қоялар қишлоққа қараб турибди.
Жонажон, Цада! Мен ҳам бу дунёда кезиб жуда кўп ажиб нарсаларни кўрдим. Қайси бирига қарашни билмай кўзларим ўйнади. Нигоҳимни битта чиройли эҳромдан узганда ундан ҳам чиройли эҳромга кўзим тушди, гўзал чеҳраларга қарадим, лекин шуни аниқ билардим, улар қанчалик жозибали бўлмасин, эртага улардан ҳам жозибалироқларини учратаман... Дунёнинг чеки-чегараси йўқ экан.
Мени Ҳиндистоннинг ибодатхоналари, Мисрнинг эҳромлари, Италиянинг қадим ёдгорликлари кечирсинлар, мени Америка шоҳ кўчалари, Париж хиёбонлари, Англия боғлари, Швейцария тоғлари ҳам кечирсинлар, мени польяк, япон, итальян гўзаллари ҳам кечирсинлар, сизларни қанчалик ёқтирмай, хушомад қилмай юрагим бир маромда урди, бошим айланиб қоладиган даражада ақли-ҳушимдан айрилмадим.
Ҳозир эса, қоялар этагида жойлашган етмишта хонадонни кўришим билан юрагим ўйнаб кетди, ҳатто кўкрак қафасимга сиғмай қовурғаларимга ботаяпти. Худди касал ёки маст бўлган одамдай кўз олдим қоронғилашаяпти, бошим айланаяпти!
Наҳотки шу кичкинагина овулим Венециядан, Қоҳирадан ёки Калькуттадан гўзал бўлса? Наҳотки бир боғ ўтин қучоқлаб кетаётган авар аёли баланд бўйли, скандинавиялик оппоқ қизлардан гўзал бўлса?!
Цада! Эрталабдан ям-яшил далаларингни кезаяпман, толиққан оёқларимни шудринг юваяпти. Ҳатто юзимни тоғ жилғаси ёки булоғининг муздек сувидан ювишимга ҳожат йўқ. Дейдилар, сув ичмоқчи бўлсанг булоқнинг кўзидан ич. Яна дейдилар, бу ҳақда отам ҳам айтардилар, эркак киши фақат икки ҳолда тиз чўкиши мумкин: булоқдан сув ичганда ва гул узганда. Азиз Цада, сен мен учун бир булоқсан! Тиз чўкканча ташналик билан сенинг меҳрингни симираяпман.
Тошга қарайман, унда тиниқ кўланка кўрингандай бўлади. У менинг ўзим, ўттиз йил илгари шундай эдим. Тошга ўтириб, ўтлаётган қўйларга қарайман. Бошимда жунли бўрк, қўлимда узун таёқ, этигимга чанг қўнган.
Сўқмоққа қарайман, унда тиниқ кўланка кетаётгандай кўринади. У ҳам менинг ўзим, ўттиз йил илгари шундай эдим. Нега қўшни қишлоққа боргандим? Ҳа-я, отам жўнатганди.
Ҳар бир қадамда мен ўзимни учратаяпман, болалигимни, баҳор ёмғирида қолганимни, гуллар терганимни, кеч кузда дов-дарахтдан барглар тўкилишини томоша қилганимни қайтадан кўргандай бўламан.
Мен ечиниб тошларга урилиб томчилар сочаётган шаршара тагида тураман. Оқим тошдан-тошга урилиб саккизга бўлинади, кейин қўшилиб бошимга, елкамга, қўлларимга қуйилади, қандай маза! Бу роҳатижон муздай сув олдида Парижнинг “Қирол саройи” меҳмонхонаси ваннасидаги пластмасса сепкичдан оқадиган илимиқ сув нима бўлибди?
Булоқдан отилаётган сув кун бўйи Қуёш нуридан қизиган тошда илийди. Тоғдаги бу тошли ванна олдида Лондоннинг “Метрополь” меҳмонхонасидаги мовий ванна оддий тоғора холос.
Ҳа, мен катта шаҳар кўчаларида пиёда кезишни яхши кўраман. Лекин кўчалардан беш-олти марта ўтганимдан кейин ҳамма нарса танишдай кўрина бошлайди ва сайр қилиш хоҳишим йўқолади.
Эҳтимол, ўз овулимнинг кўчаларидан мингинчи марта ўтаётгандирман, лекин чор-атрофга тўймай қарайман, унда сайр қилиш истаги сўниш ўрнига алангаланади.
***
Мен Доғистоннинг энг баланд чўққисига кўтарилдим ва теварак-атрофга назар ташладим. Сўқмоқлар ҳар томонга таралган, қайдандир қўнғироқ овози эшитилади, ҳар-ҳар жойда гулханлар ёқилган, тутун кўкка кўтарилаяпти.
Оёғинг қадрдон замин устида турганда, дунёга қараш қандай яхши!
Бола туғилаётганда ўзига Ватан танламайди – пешанасига ёзилган жойда дунёга келади. Мендан ҳам доғистонлик бўласанми, деб ҳеч ким сўрамаган. Агар ўзга ота-онадан, дунёнинг ўзга жойида туғилганимда, мен учун ўша жойдан қадрли жой бўлмас эди. Ҳа, мендан қаерда туғилгинг келаяпти, деб сўрашмаган. Аммо мендан ҳозир сўрашса, қандай жавоб берган бўлардим?
Олислардан қулоғимга пандур оҳанги эшитилди. Унинг оҳанги ҳам, айтилаётган қўшиқ сўзлари ҳам менинг қалбимга яқин.
Денгизни соғиниб интилар дарё,
Денгиз ҳам дарёни кутар доимо.
Ушласанг кафтингга сиғади юрак,
Гоҳ муштдай юракка тордир кенг фалак.
Бошқа мамлакатлар яхшидир аммо,
Ва лекин Доғистон баридан аъло.
Пандурчи эмас, гўё Доғистон унинг тили билан куйлаяпти.
Ҳақ гапим кимнингдир ботса дилига,
Яхшиси, индамай кетсин йўлига.
Менинг китобим! Майли, сендан ҳар ким ўзи қидирган нарсасини топсин, лекин сен ўзлигингни сақлаб қол, ҳеч бир китобга ўхшама. Сен мен учун аварликлар, доғистонликлар уйисан. Майли, бу уй бағрида асрлар синовидан ўтган урф-одатларимиз, замон руҳи ва келажак ёнма-ён яшасин.
ОТАМ АЙТАРДИЛАР: Агар адабий асарда муаллифи кўзга ташланмаса, у йўлда чопиб кетаётган чавандозсиз отга ўхшайди.
***
Маҳмуд буюк шоиримиз эди. Шеъриятининг бош мавзуси Марямга бўлган бахтсиз муҳаббатидир. Қадрдон дўсти ўғил кўрганда Маҳмуддан алла ёзиб беришини сўради. Маҳмуд алла ёзишга уриниб кўрди. Афсуски, Маҳмуднинг алласини тинглаган чақалоқ ухлаш ўрнига баттарроқ йиғлади. Бошқа дўсти хотини вафот этганда, Маҳмуддан марсия ёзиб беришини сўради. Маҳмуд марсия ёзишга уриниб кўрди. Афсуски, Маҳмуднинг марсиясини тинглаган одамлар кўзларига ёш олишмади, баъзи бировлари жилмайиб қўйишди.
Аммо одамлар Маҳмуднинг Марямга бўлган бахтсиз муҳаббатига бағишланган қўшиқларини тинглашганда ҳамон кўзларига ёш олишади. Ҳа, Марям Маҳмуднинг бош мавзуси эди. Менинг бош мавзуим эса Доғистондир. Менинг муҳаббатим чексиз ёки арзимасдир, мен билган ҳақиқат теран ёки соддадир, туйғуларим кўҳна ёки замонавийдир, аммо мен барибир сен ҳақингда ёзаман, Доғистон! Мен сен ҳақингда ёзиш учун қалам олсам ҳамон ҳаяжонланганимдан қўлим қалтирайди.
Асрор МЎМИН таржимаси
Замондош адиблар Расул Ҳамзатов ҳақида
Жаҳон адабиётига ўтган ХХ аср туҳфа этган ўлмас сиймолардан бири, шубҳасиз, Доғистон юлдузи Расул Ҳамзатовдир. Шоирнинг юртпарварлик, элпарварлик туйғулари бошқаларга ҳеч қачон малол келмасди. Хуллас, Расул Ҳамзатов дунёга, ўзи орзу қилганидек, авваламбор, Доғистон куйчиси бўлиб танилди. Унинг шеърияти Ер юзидаги барча китобхонларга дини, тили, эътиқоди, дунёқарашидан қатъи назар бирдай манзур бўлди. Биз ўзбеклар ҳам Ҳамзатовнинг ўта ҳаётий, оҳори тўкилмаган ташбиҳларга бой, турфа жумбоқ ва бошқотирмалардан холи ҳикматли шеърларини интиқлик билан кутар эдик. Шоир Ўзбекистонни, ўзбек халқини бениҳоя ҳурмат қилар, даҳоларининг номини тилдан қўймасди. У асарларининг Ўзбекистонда, ўзбек тилида ўқилаётганидан такрор-такрор қувонарди.
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
Чўққилари осмон ўпган Кавказ тоғларининг бағрида бир ўлка бор. Уни Доғистон дейдилар. Дўппидаккина бу ўлкада қирққа яқин тилда сўзлашадиган бир миллион халқ яшайди. Расул Ҳамзатов ана шу халқнинг шоири, ана шу халқ шуҳратини бутун дунёга танитган шоир.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
Мамлакатимизда Расул Ҳамзатовни билмайдиган, уни севмайдиган одам топилмайди. Шоирнинг рус тилига маҳорат билан таржима қилинган мисралари халқимиз тилида тез-тез такрорланадиган қанотли ибораларга айланган. Унинг улкан ва меҳрга тўла қалби жонажон Доғистони узра оппоқ турналари каби парвоз қилаверади.
Қайсин ҚУЛИЕВ,
болқор шоири
Шоирлар кўп, уларнинг кўпчилиги ўзларини шоирман деб ўйлашади. Аммо Расул Ҳамзатовга ўхшашлар ноёб ҳодиса. Ҳамзатов бетакрор ва ягона бўлгани учун азиздир.
Чингиз АЙТМАТОВ,
қирғиз ёзувчиси
Расул Ҳамзатов тақдирига шундай шарафли вазифани бажариш ёзилган экан – у ўзининг ёрқин истеъдоди ва кучли иродаси билан туғилган овули Цадани нафақат жаҳон харитасидан, балки одамлар юрагидан жой олишига эришди. Шоирга бундан ортиқ бахт борми?!
Сильва КАПУТИКЯН,
арман шоираси
Мансабдорлар ҳукм юргизган салтанатда Расул Ҳамзатов ўзининг юксак мавқеидан фойдаланиб, мунтазам равишда ёрдамга муҳтож ижодкор дўстлари ва адабиётшуносларни қўллаб-қувватлаш чорасини топарди. Шу боис унинг адабиёт аҳли ўртасида ҳурмати баланд эди.
Евгений ЕВТУШЕНКО,
рус шоири