Дастурий илова Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда 2022-2023 йилларга мўлжалланган “Шўрланган қишлоқ хўжалик ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилашда замонавий технологияларни қўллаш ва маълумотларни тезкор қайта ишлашга йўналтирилган мобил илова яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда.
Илова ер ресурслари ва тупроқ сифатини бошқариш, қишлоқ хўжалигини янада самарали ривожлантириш, тезкор ва аниқ, масофадан қатъий назар сув ресурслари, минерал ва органик ўғитлардан мақсадли фойдаланишга қаратилган.
— Бугунги кунда республикамиздаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг шўрланганлик даражасини аниқлаш, уларнинг унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш, ошириш, уларни шўрсизлантиришда замонавий янги усулларни қўллаш ва шўрланишга оид маълумотларни тезкор қайта ишлаш ҳамда бошқариш долзарб вазифалардан ҳисобланади, — дейди Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти бўлим мудири, биология фанлари фалсафа доктори (РhD) Жамолбек Турдалиев. — Республикада ер ва сув ресурсларидан интенсив ва самарали фойдаланишнинг инновацион усуллари, қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолати унумдорлик даражасини сақлашга хизмат қилади. Лекин ҳозирги кунда республикамизда қишлоқ хўжалиги ерлари шўрланишни олдини олиш, оқибатларини яхшилашга қаратилган замонавий янги усулларни қўллаш ва маълумотларни тезкор қайта ишлашга йўналтирилган фойдаланувчилар учун интерактив хизмат кўрсатувчи ахборот техналогиялар ишлаб чиқиш борасида тупроқ, тупроқ-шўрланиш, тупроқ-баҳолаш хариталарини ишлаб чиқишда ҳанузгача автоматлаштирилган геоахбарот тизимларидан фойдаланиш тўлиқ тадбиқ этилмаган. Ушбу соҳада геоахборот тизимли мобил дастурларини ишлаб чиқиш бўйича амалий ишланмалар мавжуд эмаслиги ушбу вазифаларнинг долзарблигини кўрсатади.
Бу геохаритадан фойдаланадиган ГАТ (Геологик ахборот тизими) “offline” режимда ишлайдиган дастур ҳисобланади. Ушбу илова суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер туркумлари бўйича график маълумотлар, шунингдек, вилоят, туман, массивлар ва кадастр чегарасини тақдим этади. Дастурнинг асосий вазифаси тупроқда содир бўлаётган жараёнларни тадқиқотлар ёрдамида ўрганиб, олинган маълумотларни таҳлил қилишдан иборат.
Мобил илова тайёргарлик, дала-тупроқ ишлари ва аналитик таҳлиллар асосида олинган тупроқ намуналари натижаси бўйича ўрганиладиган, массив суғориладиган ерларининг “Тупроқ шўрланиш картограммаси”ни тузиш орқали ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисидаги шўрланган ерлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилади.