Учкўприк туманида яшаб ижод қилаётган устоз ижодкор Ҳайдаржон Умаровнинг Она юртимизни мадҳ этувчи қуйидаги мисраларини сизга ҳам илиндик.      

Шовуллайди жаннатий боғлар,
Меваларнинг шохлари ларзон.
Буғдойзорда ҳансирайди ёз,
Далаларда авжи саратон.

Найзаларин қадар адирга,
Қиём чоғи байзо қуёши.
Сояларга  урар ўзини
Дарахтзорда қушлар талоши.

Пешвоз чиқар таниш сўқмоғим,
Қўзигуллар қўнғироқ чалиб.
Қўлларимдан тутиб майсалар.
Оёғимга олар ястаниб.

Боларилар учар жонсарак,
Ўтказмайди беҳуда онин.
Ёз фаслини ғанимат билиб,
Чумолилар ташийди донин.

Асрдайин  жавзо кунлари,
Бир тутамдир кечалар,тунлар.
Пайкалларда тирсиллаб тонгда
Ёрилади асад қовунлар.

Қалдирғочнинг инида байрам,
Илк парвозни бошлар палопон.
Кекса толнинг сояларида
Тин олади бир зум саратон.

Йўл бўйида адл тераклар,
Мудрашади шамолни кутиб.
Кўз-кўзлайди шафтолизорлар
Меваларин қуёшга тутиб.

Эҳ,қандайин ғанимат дамлар
Топиб бўлмас асло қиёсин.
 Жоним қадар азизсан,юртим,
Ўзинг каби севгумдир ёзинг!

        Ҳайдаржон УМАРОВ,

шоир