– Ахборот технологиялари йўналишида ишлаш ниятидаги ёшлар кўплиги қувонарли, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов филиал ёшлари билан мулоқот давомида. – Албатта, сизларнинг бугун бошлаган лойиҳаларингиз эртага катта иқтисодий самаралар олиб келиши аниқ. Ҳозир биз сизлар учун қулай шароитлар, фаолиятингизни тўлиқ йўлга қўйиш учун имтиёзлар яратиб беришимиз шарт. Шунинг учун асло интилишдан, ҳаракатдан тўхтаманглар деб алоҳида таъкидлади.

IT-Park Самарқанд ҳудудий филиали ҳам ёшларни мазкур соҳага қизиқтириш, тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзларни берган ҳолда, уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шарт-шароит ва имконият яратиб бериш орқали соҳада дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортини йўлга қўйиш, янги лойиҳалар ва стартапларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда бевосита иштирок этиш, вилоятнинг жами хизматлар ҳажмида АКТнинг улушини сезиларли ошириш мақсадида иш юритмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Самарқанд шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Park)нинг ҳудудий филиали замонавий инфратузилмага эга бинода ўз фаолиятини бошлаган эди. Бу ерда ахборот технологиялари соҳасида истиқболли стартап-лойиҳаларни амалга ошириш, уларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш, ёш дастурчилар тайёрлаш, соҳада янги иш ўринларини яратиш мақсадида IT-Parkнинг Самарқанд филиали фаолияти йўлга қўйилди.

Бино икки қаватли бўлиб, объектнинг умумий ер майдони қарийб 1 гектарга яқин, майдони 1 118 квадрат/метрни ташкил этади. Бу ерда 200дан ортиқ мутахассислар ишлаши мумкин. Самарқанд IT-Parkида коворкинг, резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, замонавий ўқув хоналари, робототехника, киберспорт, музокара ва учрашувлар хоналари, конференц зал, интервью зона, кафе ва бошқа ёрдамчи хоналар энг сўнгги услубдаги дизайн ҳамда замон талаблари асосида ташкил этилган, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.