Агар одам эътибор қилмаса, юраги ураётганини ҳам, олаётган нафасини ҳам эшитмайди. Ахир бу табиий жараён-ку, деб қабул қилади. Темир йўл ёқасида, аэропортга яқин яшайдиганларникига меҳмонга борсангиз, “Сизларга тўзим берсин. Бу шовқинда қандай яшайсизлар”, дейсиз. Улар эса, “Бизга билинмайди”, деб қўяди.
Худди шундай. Нимаики кўп, доимий бўлса, одам шунга ўрганиб, кўникади. Бошида ҳайрат уйғотган янгиликлар бора-бора одатий ҳол бўлиб қолади. Ўзи шундай бўлиши керак-да, деймиз. Эътиборимизни “ўчириб” қўямиз. Натижада ҳар куни кўпайиб, юксалиб бораётган осмонўпар биноларга ҳам шунчаки қараймиз, лекин синчиклаб кўрмаймиз. Телевидение, ижтимоий тармоқ, газеталар орқали бериб борилаётган бўлса-да, бир кунда мамлакатимизда қанча яхши ишлар бўлаётганига ҳам кўникиб қолдик. Бунга сабаб ўзгаришлар кўплигида, тезлигида.
Лекин эътиборли, ҳафсалали одамларимиз ундай эмас. Улар билан гаплашсангиз, “Бир инсоннинг ғайрати бир мамлакатни ислоҳ қилишга етади”, деган ҳикматни эслайди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар шиддатидан одамнинг ақли шошади. Ҳамма соҳада. Президентимизга раҳмат. “Халқим рози бўлсин, бой бўлсин. Ўзбекистонда камбағал қолмасин”, деб кечаю кундуз тинмаяпти. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Яна бир тоифа бор. “Ҳа, яхши ишлар кўп. Давлат бўлганидан кейин қилади-да, кўпнинг иши бўлаверади”, деб қўяди. Уларга “Кечирасиз, бу оламда нима ўз-ўзидан бўлибди? Тўйда ош ейишингиз учун ҳам кимдир қошиқни ювиб, артиб, олдингизга келтириб қўйиши керак-ку!”, “Ўз-ўзидан бўлаверса, бу ўзгаришлар нега шу пайтгача бўлмади?”, дегингиз келади.
Биз ўз боболаримизнинг айтганларига амал қилиб яшай бошладик. Ҳаракатга келдик. Гапдан ишга ўтдик. Чунки Замахшарий бобомиз айтганидек, “Ҳаракат заиф бўлган жойда кучли билим фойдасиз. Ҳаракатсиз билим — ипсиз камон ўқи”. Мана, ҳаракатдан баракат бўлаётир. Миллий юксалиш, деб отган камон ўқларимиз фаровонлик, бахт, деган марраларга қадаляпти.
Бу нима дегани?
Келинг, фактлар сўзласин: опа-сингилларимизга меҳрибонлик давлат сиёсатига айланди. Хотин-қизлар ким? Сизнинг, менинг оналаримиз, қизларимиз, қишлоқдош, маҳалладош опа-сингилларимиз. Ҳар бир оиланинг хотин-қизи бор. Хотин-қизларга ғамхўрлик, бу — Ўзбекистондаги ҳар бир оилага ғамхўрлик, дегани. Улар ҳунарли, олий маълумотли бўлса, оилаларимиз ҳам маънавий, ҳам моддий бой бўлади.
Давлат олий таълим оламан, касб-ҳунар ўрганаман, деган опа-сингилларимизга яна бир ғамхўрлик мададини узатди. Президентимиз қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилди.
Таълим кредитининг асосий қисми қачон қайтарилади? Талаба хотин-қизларимиз ўқишни тугатиб, олти ой ишлаб, ойлигини олганидан сўнг, еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Бу 4-5 миллион оилаларимизнинг шукронаси, дегани эмасми?! Бу эртага шу қизларимиз келин бўлиб борадиган хонадонларнинг шукронаси эмасми?! Зиёли қизларимиз зиёли она бўлиб, миллатимизни юксалтирадиган зиёли ўғил-қизларни тарбиялаб етиштиради.
Халқимиз соғлиғи, ҳаёт сифатини оширишга қаратилган маблағлар йилдан-йилга ошиб бораётир. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги мутахассиси Тожиддин Қосбугабетовнинг айтишича, 2015 йилга қадар инвестиция дастури доирасида 30 миллиард сўм ажратилган. Ҳозирги кунга келиб бу рақам 1 триллион сўмгача етган.
Дастур доирасида Мўйноқ аэропортини таъмирлаш учун 105 миллиард сўм, Нукусдаги Президент мактаби учун 74 миллиард сўм, Нукусдаги тиббиёт клиникаси тўлиқ реконструкцияси учун 85 миллиард сўм ажратилган.
— Нукус шаҳрига ажратилган 205 миллиард сўм эвазига шаҳар ободонлаштирилмоқда: яшил ҳудудлар очилиб, автомобиль йўллари, пиёдалар ва велойўлаклар қурилмоқда. Буларнинг барчаси Қорақалпоғистон учун жуда қувонарли ҳол, — дейди Тожиддин Қосбугабетов.
Ҳа, бу оз маблағ эмас. Лекин инсон қадри, халқ розилиги ундан қимматлигининг исботи эмасми бу?!
Яна бир яхши гап. Шу пайтгача юртимизда кадастри йўқ 2,6 миллион уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўлланилар эди. 2,6 миллион уй-жой эгаси томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмасди. Устига-устак уч карра солиқ тўлаш уларнинг кайфиятини уч карра хира қилиб келаётган эди-да.
Президентимиз раислигидаги видеоселектор йиғилишида бу азобга малҳам қўйилди. Мамлакатимизда кадастри йўқ хонадонларнинг муаммолари узил-кесил ҳал қилинадиган бўлди. Янги қонун қабул қилингунига қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатилди. Бу 2,6 миллион оиланинг, уларнинг қуда-андалари, қариндошларининг шукронаси, дегани эмасми?! 2,6 миллион юртдошимиз халқпарвар давлат қандай бўлишини ўз ҳаётида ҳис қилди.
Халқимиз оқибатли, шукронали. Шукроналарини дилдан тилга, қаламдан қоғозга тушириб, атрофдагиларга айтиб юрадиган обрўли, ижодкор нуроний отахон, онахонларимиз кўп.
Олмахон опа Отажонова ана шундайлардан бири. Оддий, хокисор, мўмина ўзбек аёли. 3 фарзанднинг онаси, 10 набиранинг бувижони. Ўрта мактабни тамомлаб, тикувчилик цехида тикувчи, боғчада тарбиячи бўлиб ишлади. Пенсияга чиқди. Ҳозир каттаю кичикнинг эъзозида. Маҳалланинг илтимоси билан яраштирув комиссиясида маслаҳатчи бўлиб ишлаб келмоқда. Хоразмнинг Боғот тумани Найман қишлоғида кексалик гаштини суриб, завқ, илҳом билан яшаяпти.
Олмахон опа — маҳалла маърифатпарвари. Давраларда миллий қадриятларимиз, Боғот, Хоразм зиёратгоҳлари тарихи, аждодлардан қолган ривоятларни, мамлакатимизда бўлаётган улуғ ишларни айтиб юради. Опага ҳеч ким бу топшириқни бермаган. Ўзи, қалб даъвати, кўнгли буюргани учун қилади буни. “Мен билган, кўрган, эшитганларимни айтмасам, ёшлар қаердан билсин? Ёшларнинг қулоғида қолсин, дейман”, дейди опа.
Олмахон опа мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб кичкинагина рисола чиқарибди. Ўз ҳисобидан. Унда ижод намуналарини, момоларидан эшитган, аждодлардан қолган ривоятларни тўплабди. “Шукрона” деб атабди. Тоза фикрлардаги самимият зилол сув бўлиб, қалбингизга баҳра олиб киради.
Олмахон опанинг шеърида ҳаётимиз қандай бўлса, шундайлигича, тасдиқлари билан кўрсатилган. Ҳаммамиз ҳар куни кўриб турганимиз, Президентимизнинг жўшқин, фидойи ишлари, миллатга хизмат манзаралари. Ўқиб кўринг, нуроний онахоннинг қалб сатрларини. Қалбан жўр бўласиз:
Ўзбекистон халқи қалбим тўрида,
Юрагим тубида, жоним қўрида.
Кўзим қароғида, дейди Юртбошим.
Беш йилгина вақтда шунча ўзгариш!
Янги қонунлару янги тикланиш,
Инсоннинг қадрини улуғламоқда.
Шижоати буюк, қадами қутлуғ,
Кўзлари маъноли, халқ учун ёнар.
Қаранг, халқ ичида юрар Юртбошим.
Маҳалла, кўчалар кезиб чарчамай,
Раҳбарлар, ухлама, хизмат қил, дейди,
Бизларни ўйлайди менинг Юртбошим.
Мен ўзбек элининг бахтли онаси
Элимизнинг тинчи, бахтимиз учун,
Шукрлар қиламан Парвардигорга.
Буюк донишманд бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бир неъматга бир шукр, бир шукрга бир неъмат”, деган эди. Бу агар сизда бор бир нарсага бир шукр қилсангиз, Аллоҳ сизга неъматлар бераверади, дегани экан. Шукронамиз зиёда бўлсин.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор