Тарих аслида воқелик жиҳатдан жонсиз, ундаги ҳаракатлар поёнига етган, тугалланган. Қолаверса, саҳифалар қатидаги воқеа-ҳодисаларни ўрганишга ҳамманинг ҳам рағбати бўлмайди. Ҳаракатдаги замон одами жонли тарихга қизиқади. Ўтмиш бугуннинг нафасига ҳамоҳанг бўлсагина, кўпчилик томонидан қабул қилинади, йўқса, бир гуруҳ мутахассислар шуури ва солномалар қатида қолиб кетишга маҳкум бўлади. Хўш, тарихни қандай қилиб жонлантиш ва бу улкан ибрат мактабидан бугун ҳамма бирдек сабоқ олишига эришиш мумкин?    

Бу ўтмишни бадиий кашф этиш,  олис воқеликни ўқувчига бугунги тилда етказиш орқали амалга ошади. Тарих сўз, адабиёт воситасида замондан замонга кўчади. Бадиий сўз қумтепалар остидаги ҳаётга руҳ беради, қуруқ баёндан иборат ва унутилган хотиротни тасаввурда жонлантиради, қалбга  олиб киради. Миллат ва халқ тақдирида муҳим ўрин тутган, маънавий-руҳий қуввати, шаън-шавкати, феъл ва сажияси билан тарихда ном қолдирган буюк зотларнинг асрлар ошиб келаётганининг бир сабаби ҳам шу. Ўз даврида буюк шахсларнинг фавқулодда истеъдоди, шижоат ва жасорати фақат солномаларда қайд этилмаган. Уларнинг жасорати ривоят, ҳикоят, шеър, марсия, достон, қўшиқ бўлиб куйланган, қасидалар орқали халққа ёйилган. Реал ўтмиш солномалардан кўра бадиий сўз қанотида кенгайган, келажакка ўтган. Шу маънода, ҳақиқий тарихни тарихчи эмас, ижодкорлар яратади, деган фикрга қўшилиш мумкин.   

Миллий давлатчилик тамал тошини қўйган улуғ сиймоларимиздан бири Амир Темурдир. Амир Темурнинг жаҳоний эътирофга сазовор бўлишида унинг шахсияти ҳақида хабар берувчи Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”), Руи Гонсалес де Клавихонинг “Кундаликлар”, “Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”, Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб ут-таворих”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” каби илмий-тарихий, тарихий-бадиий манбаларнинг ўрни алоҳида. Бироқ Амир Темур ибн Тарағай Баҳодирнинг Ғарбу Шарқда Темурланг, Буюк Темур, Соҳибқирон сифатида кенг шуҳрат тутишида бадиий сўз усталари – ижодкорларнинг ҳам хизмати бениҳоя катта бўлган. Тарихий манбалар асосида яратилган насрий, шеърий, драматик асарларнинг бош қаҳрамони темурийлар давлати асосчиси, саркарда Амир Темур тарих саҳифасидан ижодкор яшаган замонга кўчиб  бораверган. Амир Темур шахси бадиий талқини орқали ҳар бир давр китобхони бир неча аср олдинги ҳаёт картинасини тасаввурида жонлантирган. Мутахассислар Амир Темур шахсияти барча давр ижодкорларини қизиқтиргани Ғарбда инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг “Буюк Темурланг” (1857-90) тарихий фожиаси улуғ жаҳонгир сиймосини бадиий тадқиқ этиш сари қўйилган илк қадам  бўлганини эътироф этишган. Кейинчалик яратилган Луи де Геваронинг “Буюк Темур”, Никола Пованинг “Темурланг”,  Никола Прадонинг “Темурланг ёки Боязиднинг ўлими” ва Люсьен Кереннинг “Амир Темур”  драмалари орқали бу тарихий шахс ҳаётига доир ҳақиқатлар янги асрларга ўтган, дейиш мумкин. Мазкур асарларнинг саҳнага қўйилиши билан Амир Темур сиймосига қизиқиш янада ортган.

Озар шоири ва драматурги Ҳусайн Жовиднинг “Амир Темур” (мазкур драма Усмон Қўчқор томонидан ўзбекчага ўгирилган) драмасида ҳам буюк жаҳонгир идеал образ сифатида талқин этилган. Адабиётшунос олим Қ.Йўлдошев ва М.Йўлдошевалар Ҳусайн Жовид ушбу драмасида Амир Темурни туркий миллатнинг шонли ўтмиши тарзидагина эмас, балки бу миллат вакилларини ёрқин келажак яратишга ундовчи шахс сифатида ҳам тасвирлаганини қайд этишади.

Замонавий адабиётимизда Муҳаммад Алининг “Сарбадорлар”, “Улуғ салтанат” Пиримқул Қодировнинг “Она лочин видоси” романлари Амир Темур образини бугунги китобхонга етказишга хизмат қилган бўлса, севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” ҳамда Одил Ёқубовнинг “Фотихи Музаффар ёхуд бир париваш асири” драмалари ва уларнинг саҳна намойиши Амир Темур шахсини бугунга янада яқинлаштирди.  Бу асарлар буюк саркарданинг реал ҳаётдаги сингари виқори, салобатли, мардлик ва шижоатини сўз ва ҳаракатлар воситасида жонлантирганки,  ўқиган ёхуд томоша қилганда воқелик ёрқин хотирада қолади.

Айниқса Абдулла Орипов талқинидаги Амир Темурнинг драма сўнгидаги:

Жангу жадал орасида фурсат топган чоқ,

Битик қилдим қоидаю амалларимни.

Мен уларни атаганман “Тузукот” дея,

Умидворман, келажакда бу тузукларим

Асқотгайдир салтанату авлодларимга.

(Темур қўйнидан “Тузукот” китобини чиқариб Мирзо Пирмуҳаммадга узатади)

Тожу тахтни мендек узоқ сақлай десангиз,

Қиличингиз ўйлаб чекинг, бўлинг ҳамжиҳат.

Шунқорларим, адолатни дастур қилингиз,

Энг аввало, Ватан ила Миллатни асранг,-

деган хитоби сўз, оҳанг, ифода ва даъват жиҳатдан ўқувчига қалбида акс садо бермай қолмайди.

Хуллас, миллат ва халқ олдида улкан ишларни амалга оширган буюк боболаримиз шахсиятини яхшироқ таниш, улар ҳаётидан ибрат олиш, маънавий оламидан баҳраманд бўлишда бадиий асар, айниқса, тарихий драмаларнинг ҳам ўзига хос ўрни борки, уларни ўқиш, саҳналаштириш, томоша қилиш билан тарихни бугунга яқинлаштириш, жонлантириш мумкиндир. 

Насиба БОЗОРОВА,

ТДЮУ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди