Бугун мамлакатимизда туб ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бериб, янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бу ўзимизга хос ва мос иқтисодиётни, ижтимоий ҳаётни, миллий маънавият ва мафкурани яратишни тақозо қилмоқда. Биз ор-номус, меҳр-оқибат, андиша, мурувват, шарм-ҳаё, ибо, орият каби тушунчалар билан улғайганмиз. Бу тушунчалар бошқа кўпгина миллат ва халқларда мавжуд эмас.
Башарият гултожи
Кўп асрлик ўтмишимиз англатиб турибдики, инсоният тарихига бетакрор алломаю фузалоларни, жаҳонни ҳайратга солган буюк даҳоларни етиштириб берган, башарият гултожи бўлган халқмиз. Машҳур мутафаккирларимиз ўзларининг илмий-ижодий кашфиётлари билан башарият тараққиётига, дунё тамаддунига пойдевор қўйган мўътабар зотлардир. Улар диний ёки дунёвий илмларни пухта эгаллаб, IX-XII асрларда биринчи, XIV-XVI асрларда иккинчи Ренессанс даврини вужудга келтирди. Буюк аждодларимиз қолдирган мерос неча асрлардан буён инсониятнинг моддий ва маънавий тараққиёти учун хизмат қилмоқда.
XIX-XX асрларда халқимиз қанчадан-қанча қийинчиликларга дуч келмади, дейсиз. Қадриятларимиздан маҳрум қилиндик. Маънавий ҳаётимиздаги бу жароҳатларни ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинки, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, аждодларимизга муносиб авлодлар етишиши учун барча шароит яратилди. Ҳозир хорижий тилларни, жумладан, араб тилини ўргатишга мўлжалланган кўплаб мактаблар очилмоқда. Қуръони каримнинг ҳақиқий илм манбаи эканини ўрганиш имкониятлари яратилмоқда.
Оққан дарё оқаверади
Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, барча имкониятларимизни ишга солган ҳолда, асосий эътиборни илм ўрганишга қаратиш ва бир қанча хорижий тилларни билишга ҳаракат қилиш лозим. Зеро, булар инсон маънавиятини, иймон-эътиқодини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон аҳолиси, айниқса, ёшлар онги ва қалбига ватанпарварлик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини сингдириш, уларда келажакка ишонч хиссини мастаҳкамлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган авлодни тарбиялаш жоиз. Бу анча мураккаб масала, аммо истиқболи порлоқ келажагимизни барпо қиладиган билимли, зукко, мард ва довюрак ёшларимиз борлигини бугун ҳамма соҳада кўриб турибмиз.
Тарихий қадамлар
Сиёсий соҳада узоқ йиллар қарамликда яшадик. Кеча бизни ҳеч ким танимасди. Бугун Ўзбекистон мустақил мамлакат сифатида бутун жаҳонга танилди. Халқаро майдондаги ташаббус ва саъй-ҳаракатларимизни дунё ҳамжамияти тан олди.
Кечагина бирорта мамлакат билан мустақил равишда битим тузиш имкониятимиз йўқ эди. Энди эса давлатлар билан бевосита икки ёқлама манфаатдорлик принципида кўплаб шартномалар тузяпмиз. Бевосита сиёсий ташриф қилиш имконияти ҳам чекланган эди. Ҳозир бу масалада муаммо йўқ. Мамлакатимиз бир қанча сиёсий тадбирларнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда.
Юртимиз илгари аграр иқтисодиётга асосланган давлат сифатида танилганди. Одамлар бир йилда бир марта даромад қиларди. Аста-секинлик билан иқтисодиётимиз жамоат мулкига асосланган шаклга эга бўлиб, аграр-индустриал иқтисодиёт шаклига ўзгарди. Бу ҳолатда иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили экстенсив омил бўлиб, аксарият ҳолда қўл меҳнатига таянилган эди. Йил давомида оиланинг даромади фақат ойлик маошдан иборат бўлган. Ойликдан бошқа даромад меҳнатсиз даромад, деб баҳоланарди.
Мустақиллик йилларида иқтисодиётни ривожлантириш янги технологиялар асосида модернизация ва диверсификация ҳисобидан амалга ошириладиган бўлди. Яъни иқтисодий ривожланишнинг интенсив йўли танланди.
Дунёнинг энг яхши давлатлари рўйхатида
Сўнгги йилларда жаҳон тажрибасидан, мамлакатимиз иқтисодиётининг дунё иқтисодиёти билан фаол интеграцияланаётганидан келиб чиқиб, уни инновацион ва рақамли иқтисодиётга айлантириш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланди.
Энди одамлар рақамли иқтисодиётни жорий қилиб, ҳар дақиқада даромад қиладиган бўлди. Одамларнинг фикри-ўйи даромад билан банд бўла бошлади. Худди шундай харажатлар сарфи ҳам тезлашиб кетди.
Халқаро экспертлар эътирофича, бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ЯИМдаги улуши 2,2 фоизни ташкил қилади. Ушбу кўрсаткич 2030 йилда интернетдан фойдаланиш имкониятларини ошириш натижасида 10 фоизга етиши кўзда тутилмоқда.
Мамлакатимизда охирги беш йилда ижтимоий адолат ва тенглик масаласи бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Натижада жорий йилда Ўзбекистон биринчи марта “Дунёнинг энг яхши давлатлари” рўйхатига киритилди. Кечагина ҳисобда йўқ давлат бугун дунёнинг энг яхши давлатлари рўйхатига киритилишининг ўз ҳам катта ютуқ.
Таъкидлаш лозимки, эътиборимизни фақат иқтисодий жиҳатдангина буюк бўлишга қаратаётганимиз йўқ. Маънавий, маърифий, маданий, интеллектуал жиҳатдан ҳам бой бўлишга интиляпмиз.
Узоқ йиллар тутқунликда, бировларнинг изми билан яшаган, қонли босқинчиликларни бошидан кечирган халқимиз бугун тўғри хулоса чиқаришга, ўзлигини англашга ҳақли. Чунки тарихнинг муайян даврларида буюк саркардалар, олимлар, ақл-заковати билан дунёни қойил қилган даҳоларни етиштирдик-ку?! Нега энди қарамликда, тутқунликда, зулм ва зўрлик азобида яшаганимиз сабабларини ўрганмаслигимиз керак?
Бизга тўғри хулоса чиқариш ва ўрганиш учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Тарихимиз ўзимиз учун буюк мактаб. Уни чуқур ўрганиш тақозо этилади, холос.
Назаримда, муваффақиятларимиз замири халқимизнинг аниқ мақсади, интилиши, ўзига хос миллий урф-одати, қадриятлари ва мафкураси борлигида. Муайян вақт миллатимиз парокандаликка, бош-бошдоқликка, таназзулга маҳкум этилди. Бунинг сабаби буюк мақсад ва интилишларимиздан четлатилиб, халқимиз онгига қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик каби иллатлар сингдирилгани, умуммиллий мафкурамизнинг йўқотилгани эмасмикин, деган мулоҳазага борасан киши.
Зеро, миллий урф-одатларимиз ва азалий миллий мафкурага содиқлигимиз халқимизнинг умумий интилиши ва идрокини ифода этади. Айнан шу қадриятларимиз маҳаллийчилик, уруғ-аймоғчилик, қариндошчилик иллатлари билан келиша олмайдиган тушунчалар бўлган ва шундай бўлиб қолади ҳам.
Буюк Амир Темур “Менинг даргоҳимга илтижо қилиб, паноҳ истаб келган турку тожик, арабу ажам тоифаларидан бўлганларни иззат-ҳурмат қилишни, ҳар қандай истаклари бўлса, дарҳол маҳлиё этиб, муқаррар равишда уларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни буюрдим”, деб таъкидлайди.
Юртимизда бугун Соҳибқирон бобомизнинг ўгитларига тўлиқ амал қилган ҳолда миллати, дини, ирқидан қатьи назар, 130 дан зиёд миллат ва элат ҳамжиҳатликда, дўстлик ва биродарликда, тенг имкониятлар яратилган шароитда яшамоқда.
Назаримда, миллий мафкурани шакллантиришнинг яна бир концептуал йўналиши — бу ҳалоллик, адолат ва холисликни қарор топтириб, молпарастлик, алдамчилик, таъмагирлик каби иллатлардан холи бўлишдир. “Ҳамма бой бўлсин. Лекин бировлар эвазига, бировлар ҳисобига эмас”. Ҳалоллик ва адолат бугунги ҳаётимизнинг ҳам принципига айланиб, амалиётда ўз тасдиғини топиб бормоқда.
Эркинлик ўзбошимчалик эмас
Эркинликни ўзбошимчалик деб тушундик. Эркинлик — бу қонунни тан олиш ва унга амал қилиш саналади. Ўзбекистоннинг тараққиёт моделида қонун устуворлиги бежиз асосий тамойил сифатида белгилаб қўйилган эмас. Қонун устуворлигини қонун диктатураси деб тушунмоқ лозим.
Биз ҳар қандай вазиятда кўзланган мақсадга эриша оламиз. Чунки тарихимизда бундай муваффақиятларни қўлга киритиб келган халқмиз. Ўз тарихида не-не буюк ишларни шараф билан амалга оширган халқимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти, куч-қудрати ва олижаноб фазилатларига таяниб, ўз олдимизга қўйган улуғ ва эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз.
Бахт индекси
Мустақилликкача ва истиқлолнинг илк йилларида мамлакатимиз бахт индекси деган кўрсаткич бўйича БМТнинг мезонига умуман тўғри келмас эди. Бугун БМТ кўмагида Колумбия университети Ижтимоий тадқиқотлар маркази томонидан аниқланган “Жаҳон бахт индекси”да Ўзбекистон 140 мамлакат орасида 51-ўринни эгаллаб турибди. Мана, одамларни давлатдан рози қилиш, уларнинг бахтли яшашини таъминлаш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, ислоҳотларимиз натижаси.
Автомобиль ишлаб чиқариш бўйича дунёда эгаллаган ўрнимиз ҳам таҳсинга сазовор. Мустақилликка қадар мамлакатимизда автомобилларнинг бирорта детали ишлаб чиқарилмаган ва мос равишда автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рўйхатида умуман бўлмаган. Ҳозирги кунда автомобиллар ишлаб чиқарувчи мамлакатлар сони 52 та бўлиб, Ўзбекистон улар ичида 27-поғонани банд этган.
1965 йилда Самарқанд шаҳрида мавжуд енгил автомобилларнинг рўйхатга олинишида иштирок этганман. Самарқанд шаҳрида ўша йил атиги 552 та автомобиль бор эди. Битта автомобиль олиш учун йиллаб навбат кутиларди. Ҳозир Самарқанд шаҳрининг ўзида йилига 2 мингдан зиёд автомобиль харид қилинмоқда.
Олтин қазиб олиш (ишлаб чиқариш) бўйича дунё мамлакатлари ўртасида Ўзбекистон 7-ўринда турибди. Туризм соҳасидаги ютуқларимиз ҳам беқиёс. Америкада нашр қилинадиган “Harper's Bazaar” журнали дунё миқёсида туризм соҳаси бўйича 20 та топ мамлакат рўйхатини эълон қилди. Унда Ўзбекистон ҳам бор. Дунё мўъжизалари рўйхатига Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасини киритиш тавсия қилинди. Шунингдек, мазкур халқаро журнал Бухоро, Хива ва Фарғона водийсининг туризм салоҳиятига тўхталиб, Ўзбекистонни 2020 йилда албатта, бориб кўрадиган мамлакатлар рўйхатига киритганди.
Маълумотларга кўра, 2020 йил пандемиянинг туризмга таъсирига қарамай, мамлакатимизга 1,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган ва уларга турфирмалар томонидан 260,0 миллион долларлик хизмат кўрсатилган. 2021 йилда зиёрат туризмига алоҳида аҳамият берилиб, сайёҳлар сонини 1,7 миллионга ва уларга кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 370,0 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
Мазкур соҳанинг мамлакат ЯИМдаги улуши ҳозирги пайтда 2,5 фоизни ташкил қилмоқда. Агар туризм шу даражада ривожланса, 2030 йилга бориб, соҳанинг мамлакат ЯИМдаги улуши 5-7 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ўзининг иқтисодий, ижтимоий, интеллектуал салоҳиятини ишга солиб, жадал ривожланиш босқичига кирган Ўзбекистон яқин йилларда тараққий этган мамлакатлар қаторидан жой олишига ишончимиз комил.
Мамаюнус ПАРДАЕВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори