Учрашувда дуал тизимида Ўзбекистондан ўрта бўғин тиббиёт мутахассисларини Германия тиббиёт муассасаларига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистоннинг меҳнат бозоридаги мавжуд вазият, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Жаноб У.Люстенбергер “GLOBОGATE Recruiting GmbH” компанияси лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишда Ўзбекистон муҳим мамлакатлардан бири эканлигини таъкидлади.

Учрашув сўнггида “GLOBОGATE Recruiting GmbH” компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида битим лойиҳасини тайёрлаш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Маълумот ўрнида, “GLOBОGATE Recruiting GmbH” компанияси 2016 йилда Германиянинг соғлиқни сақлаш муассасаларига учинчи давлатлардан тиббий ходимларни жалб қилиш жараёнини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Швейцариянинг Цуг шаҳрида ташкил этилган.

Компания ўз мутахассисларини GGR тармоғи (маҳаллий агентликлар, тил мактаблари) орқали ҳамшираларни доимий жалб қилиш учун барқарор ва инновацион манбаларни ишлаб чиқади ва тақдим этади. Шунингдек, ишга қабул қилиш жараёнини рақамли бошқарув воситалари билан бирга олиб боради ва назорат қилади. Айни пайтда компания 300 дан ортиқ немис шифохоналарига хизмат кўрсатмоқда.

Шу куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва “Skinest Group” ва “Dzintars” компаниялари вакиллари ўртасида ҳам учрашув ўтказилди.

Учрашувда “Skinest Group” ва “Dzintars” компанияларида ташкиллаштирилган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.