Олтин мувозанат

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни алоҳида стратегик аҳамият касб этади. Буни фақат ташқи савдо эркинлашуви сифатида баҳолаш тўғри эмас. Чунки ЖСТга интеграция мамлакат иқтисодиётини халқаро рақобат муҳитига олиб чиқади, ишлаб чиқарувчиларни сифат ва самарадорликка ундайди ҳамда бозорда табиий рақобат муҳитини шакллантиради.

Бу трансформация Ўзбекистон иқтисодиётининг хомашёга қарам моделдан юқори қўшилган қиймат яратадиган индустриал иқтисодиётга ўтишини тезлаштириши мумкин. Бугунги дунёда асосий даромад хомашёдан эмас, балки технология, муҳандислик ва интеллектуал маҳсулотлардан шаклланмоқда. Шунинг учун мамлакат олдидаги асосий вазифа табиий ресурсларни шунчаки экспорт қилиш эмас, балки чуқур қайта ишлаб, тайёр ва рақобатбардош маҳсулотларга айлантиришдир.

Мамлакатимизда Менделеев жадвалидаги деярли барча стратегик элементлар мавжуд. Энди бу имкониятларни самарали ишга солиш вақти келди. Масалан, мис, литий, уран ва нодир металлар асосида аккумуляторлар, электротехника маҳсулотлари, саноат ускуналари ва “яшил иқтисодиёт” учун зарур технологиялар ишлаб чиқариш ташқи савдо салоҳиятини бир неча баробар ошириши мумкин. Бу эса Ўзбекистонни оддий ресурс етказиб берувчи эмас, балки Марказий Осиёдаги юқори технологияли индустриал марказлардан бирига айлантириш имконини беради.

ЖСТга аъзолик мамлакатга кириб келаётган инвестициялар ҳажмини ҳам ошириши мумкин. Чунки инвесторлар, аввало, қонунлари барқарор, савдо қоидалари аниқ ва халқаро иқтисодий тизимга интеграциялашган давлатларга ишонч билдиради.

Янги Ўзбекистон феномени айнан шу жиҳатда намоён бўлмоқда: мамлакат бир вақтнинг ўзида ички ислоҳотлар, индустриал тараққиёт, очиқ иқтисодиёт ва кўп векторли прагматик ташқи сиёсатни уйғун олиб бормоқда. Бу эса келажакда Ўзбекистоннинг нафақат минтақавий, балки глобал иқтисодий аҳамиятини ҳам сезиларли даражада оширади.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг ЖСТга интеграциялашуви нафақат ташқи савдо ­имкониятларини кенгайтириш, балки ­иқтисодиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиши учун ҳам муҳим асос десак, тўғри бўлади.

ЖСТга аъзолик жараёнидаги муҳим давр

Давлатимиз раҳбари танишган тақдимотда 2025 йил Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида энг фаол ва ҳал қилувчи босқичлардан бири бўлгани қайд этилди. Мамлакатда юритилаётган очиқ иқтисодиёт сиёсати, ташқи савдони эркинлаштириш ва кенг кўламли ислоҳотлар ЖСТга интеграция жараёнини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Энди бу жараён фақат ташқи савдо муносабатларини тартибга солиш эмас, балки иқтисодиётни халқаро рақобат муҳитига мослаштиришнинг муҳим механизмига айланмоқда.

Тақдимотда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолик бўйича кўп томонлама ва икки томонлама музокаралари сезиларли фаоллашди. ЖСТ ишчи гуруҳининг икки йиғилиши ўтказилиб, ташкилот аъзоларига 200 дан ортиқ савол юзасидан расмий жавоблар ҳамда ташқи савдо соҳасига оид ўнлаб ҳужжатлар тақдим ­этилди. Бу мамлакатнинг халқаро иқтисодий муносабатларда очиқлик ва шаффофлик тамойилларига тобора яқинлашаётганини кўрсатади.

Икки томонлама музокаралар ҳам янги босқичга чиққан. 40 дан ортиқ музокара раунди ўтказилиб, 2025 йилнинг ўзида 11 та давлат билан келишувга эришилди. Натижада Ўзбекистон билан ЖСТга аъзолик бўйича музокараларни якунлаган давлатлар сони 33 тага етди. Бу эса мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдонда ишончли ва прогноз қилинадиган ҳамкор сифатидаги нуфузи ошиб бораётганини англатади.

Муҳими, ЖСТга қўшилиш жараёни ички иқтисодий ислоҳотларни ҳам ­жадаллаштирмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида 68 та қонунчилик ҳужжати халқаро меъёрларга мослаштирилди. Интеллектуал мулк соҳасидаги тартиблар соддалаштирилди, экспорт чекловлари бекор қилинди, минимал экспорт нархларини белгилаш амалиётидан воз ­кечилди. Бу иқтисодиётда маъмурий аралашувни қисқартириш ва бозор механизмларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

ЖСТга аъзо бўлиш халқаро қоидалар ва стандартларга мослашишни талаб қилади. Шу боис, ташқи савдодаги техник ва санитария талабларини халқаро меъёрларга уйғунлаштириш ишлари ҳам янги босқичга чиқди. Илгари ортиқча бюрократик тўсиқ бўлиб келган қатор сертификатлаш тизимлари қайта кўриб чиқилди. Жумладан, 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаштириш талаблари бекор қилиниб, техник чекловлар сезиларли қисқартирилди. Бу тадбиркорлар учун ташқи бозорларга чиқишни енгиллаштириш билан бирга ички бозорда рақобат муҳитини ҳам кучайтирмоқда.

Бу каби ислоҳотлар фақат ЖСТга аъзо бўлиш учун амалга оширилаётгани йўқ. Уларнинг асосий мақсади очиқ, рақобатбардош ва замонавий иқтисодиётни шакллантиришдир. Чунки бугунги дунёда иқтисодий муваффақият фақат табиий ресурслар ёки ички бозор ҳажми билан эмас, балки инвестицион ишонч, эркин рақобат ва халқаро қоидаларга мос иқтисодий тизим билан ҳам белгиланади.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг ЖСТга ­аъзолик жараёни оддий техник музокара эмас. Бу Ўзбекистон иқтисодиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган узоқ муддатли стратегик трансформациянинг муҳим қисми ҳисобланади.

Ўзига хос прагматик индустриал йўл

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёни дунёда ўта мураккаб ва геосиёсий жиҳатдан беқарор даврга тўғри келаётир. Бугун глобал иқтисодиёт тобора геосиёсий рақобат майдонига айланмоқда. Транспорт йўлаклари, энергия ресурслари, технологиялар ва янги бозорлар учун кураш халқаро муносабатларга кучли таъсир кўрсатяпти. АҚШ — Хитой рақобати, Россияга қарши санкциялар ва Европа ҳамда Осиё ўртасидаги янги логистика занжирлари шаклланиши жаҳон иқтисодий харитасини тубдан ўзгартирмоқда.

Шундай шароитда Ўзбекистоннинг ЖСТга интеграциялашуви оддий ташқи савдо жараёни эмас, балки узоқ муддатли стратегик танлов сифатида намоён бўлмоқда. Чунки бугун давлатларнинг аҳамияти фақат ресурслари ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан эмас, глобал савдо ва транспорт тизимида тутган ўрни билан ҳам белгиланмоқда.

Айнан шу сабабли янги Ўзбекистон ташқи сиёсатда мувозанатли ва прагматик йўлни танламоқда. Мамлакат бир вақтнинг ўзида Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, Туркия ва Осиё давлатлари билан иқтисодий муносабатларни изчил ривожлантиришга ҳаракат қиляпти. Бу эса кўп векторли иқтисодий дипломатия мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятига айланганини кўрсатади.

Ўзбекистон ҳеч бир геосиёсий қарама-қаршилик марказида қатнашишни эмас, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор деб билмоқда. Бугунги беқарор шароитда айнан шу ёндашув мамлакат иқтисодий хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун муҳим омилга айланмоқда.

Синовлар ва ечимлар

Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик миллий иқтисодиёт олдига янги талаб ва чақириқларни ҳам қўяркан, очиқ иқтисодиёт шароитида ички бозор халқаро рақобат учун очилади ва бу айрим маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун жиддий синовга айланиши табиий. Айниқса, технология, маҳсулот сифати ва таннарх бўйича рақобатбардошлиги паст бўлган корхоналар ташқи бозор босимига дуч келиши эҳтимолдан холи эмас. Арзон импорт маҳсулотлар кириб келиши айрим маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса иқтисодиётни сунъий ҳимоя қилиш эмас, балки уни реал рақобат шароитига тайёрлаш зарурлигини кўрсатади.

ЖСТ қоидалари давлат субсидиялари ва протекционист механизмларни босқичма-босқич қисқартиришни талаб қилади. Яъни давлат қўлловига ўрганиб қолган айрим тармоқларни янги иқтисодий муҳитга мослашишга ундайди.

Бу жараённи фақат хавф сифатида баҳолаш тўғри эмас. Аксинча, у миллий иқтисодиётни модернизациялаш, технологик янгиланиш ва самарадорликни ошириш учун муҳим имконият ҳамдир. Чунки бугунги глобал иқтисодиётда самарасиз ва эски бошқарув тизимига асосланган ишлаб чиқариш моделлари узоқ муддат рақобатга бардош бера олмайди.

Ўзбекистондаги жадал иқтисодий ислоҳотлар айни шу трансформацияга тайёргарлик вазифасини бажармоқда. Олий таълимни транcформациялаш, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектга ўтиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик муҳитини енгиллаштириш, логистика ва инфратузилмани модернизациялаш, банк ва солиқ тизими ислоҳотлари каби чоралар миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий саводхонликни ошириш келажакда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, замонавий иқтисодиётда давлат кучи нафақат ресурслар, балки тез мослаша оладиган ва инновацион хусусий сектор билан ҳам белгиланади.

Тошган дарё ўзан излайди

Бугунги глобал геоиқтисодий ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг келгусида бир неча баробар ўсиши учун мустаҳкам иқтисодий асослар мавжуд. Айниқса, транспорт йўлаклари, энергия хавфсизлиги, стратегик минерал ресурслар ва саноат хомашёларига бўлган талабнинг ортиши мамлакат учун янги имкониятлар очмоқда. Шу нуқтаи назардан, ташқи савдо айланмасининг икки карра ўсиши реал иқтисодий жараён сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистон табиий ресурслар захираси бўйича Марказий Осиёда етакчи давлатлардан бири. Мамлакат олтин, мис, уран, литий ва нодир металлар захираларига эга. Бугун “яшил иқтисодиёт” ва юқори технологиялар ривожи туфайли айнан шу ресурсларга жаҳон бозорида талаб кескин ортмоқда. Электромобиллар, аккумуляторлар ва рақамли технологиялар ишлаб чиқаришда бу ресурслар стратегик аҳамият касб этади. Талаб ва таклиф эса Ўзбекистон экспорт салоҳиятини узоқ муддатли истиқболда сезиларли ошириш имконини беради.

Иккинчидан, глобал логистика йўлаклари ўзгариши Ўзбекистоннинг аҳамиятини кучайтирмоқда. Европа — Осиё, Хитой — Марказий Осиё — Яқин Шарқ ва Транскаспий транспорт йўналишларига қизиқиш ортиб бормоқда. Ўзбекистон ушбу йўналишлар марказида жойлашган давлат сифатида транзит ва логистика хабига айланиш имкониятига эга. “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли, Трансафғон лойиҳаси ва Каспий орқали Европа бозорларига чиқиш имкониятлари ташқи савдо ҳажмини янада кенгайтиради.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда кузатилаётган академик ва таълим соҳасидаги трансформация алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки келажак иқтисодиётининг асосий кучи инсон капитали ҳисобланади. Бугун кўплаб ривожланган давлатларда демографик қариш жараёни кучайиб, меҳнат ресурслари қисқариб бормоқда. Ўзбекистон эса ёшлар улуши юқори бўлган давлат сифатида катта стратегик устунликка эга.

Энди асосий масала ушбу демографик имкониятни юқори малакали кадрлар, муҳандислар, дастурчилар ва технологик фикрлайдиган авлодга айлантира олишдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, келажак иқтисодиёти замирида юқори муҳандислик ишланмалари, инновациялар ва замонавий технологиялар туриши лозим. Чунки дунё иқтисодиётида асосий устунлик энди хомашё эмас, балки илм-фан, технология ва интеллектуал салоҳият билан белгиланмоқда.

Ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатадики, иқтисодий қудратнинг асосида айнан юқори технологияли саноат ва инновацион ишлаб чиқариш тизими туради. Жанубий Корея, Япония, Германия ёки Хитойнинг иқтисодий тараққиёти, аввало, муҳандислик мактаби, саноат технологиялари ва билимли кадрлар билан боғлиқ бўлган.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда машинасозлик, электротехника, кимё саноати, энергетика ускуналари ва рақамли технологиялар соҳасида миллий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Агар бу жараён Жаҳон савдо ташкилотига интеграция ва очиқ иқтисодиёт сиёсати билан уйғун кечса, Ўзбекистон Марказий Осиёда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик индустриал марказлардан бирига айланиши эҳтимоли ортади.

Очиқ иқтисодиёт янги талаб ва чақириқларни ҳам юзага келтиради. Айрим тармоқларни модернизациялаш, рақобатбардошликни ошириш ва технологик янгиланишни тезлаштириш ҳаётий заруратга айланмоқда. Чунки глобал рақобат шароитида эски бошқарув усуллари ва паст самарадорликка асосланган иқтисодий моделлар узоқ давом этмайди.

Марказий Осиё давлатларига энди фақат хомашё экспорт қилувчи ҳудуд сифатида эмас, саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари шаклланаётган иқтисодий макон деб қаралмоқда. Минтақавий барқарор ўсиш минтақа давлатлари ўртасида рақобатдан кўра ўзаро манфаатли интеграция эҳтиёжи кучайиб бораётганини англатади.

Бугунги глобал беқарорлик шароитида янги Ўзбекистон танлаган йўл  очиқ иқтисодиёт, тинчлик ва тараққиёт йўлидир. Айнан шу оқилона сиёсат мамлакатнинг халқаро иқтисодий нуфузини мустаҳкамлаш, инвестицион жозибадорлигини ошириш ва келажак авлодлар учун барқарор тараққиёт асосларини яратишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шерзод ҚУРБОНОВ,

иқтисодий таҳлилчи