Кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Навоий давлат педагогика институтида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, педагог-ходимлар мақомини янада юксалтириш, “талабабай” ишлаш тизимига ўтиш борасида муайян ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, бу йил 4 март куни Президентимиз раислигида олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси доирасида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ишга лаёқатли ёшлар аниқланиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди.

Институт талабаларининг бандлигини таъминлаш бўйича факультетлар ва курслар кесимида суҳбатлар ўтказилди. Ҳозир ушбу олий ўқув юртида жами  18 минг 604 нафар талаба таҳсил олаётир. 10 минг 760 нафари кундузги бўлимда ўқийди. Шулардан 20 нафари “Темир дафтар”га, 87 нафари “Аёллар дафтари”га, 44 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган, 27 нафари чин етим, 195 нафари ногиронлиги бўлган талабалардир.

Ушбу ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бандлик бошқармаси томонидан вилоят бўйича талабалар ишлаши мумкин бўлган  2591 та бўш иш ўрни тақдим этилган. Бир гуруҳ талабалар учун Навоий шаҳри ва Кармана туманидаги ишлаб чиқариш корхоналарида “Бизнес саёҳат” лойиҳаси ташкил қилинди.

Институт талаба қизларини касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида Навоий шаҳридаги “Диана” тикувчилик цехи, Кармана туманидаги нон ва ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Асл Орзу нон ва ширинликлари” МЧЖ, “Тинчлик” текс тиль корхонаси ва “Шадози Ноза бренд” хусусий корхонасига борилди. Бизнес саёҳат давомида 200 нафарга яқин талаба қиз ўзи ишлаш истагини билдирган йўналишларни танлади.

Қувонарлиси, шу куннинг ўзида беш нафар талаба сертификатни қўлга киритиб, “Тинчлик” текстиль корхонасига ишга қабул қилинди. Қолаверса, институтда ишсиз талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган меҳнат ярмаркасида Навоий шаҳридаги 68 та корхона ва ташкилот мавжуд 175 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Унда 752 нафар ишсиз талаба қатнашиб, 37 нафарига доимий ишга жойлашиши учун йўлланма берилди. Талабалар ўртасида  ўтказилган сўровнома натижасида уларнинг 1130 нафари мусиқа, 523 нафари ҳунарманд лик, 1563 нафари фан, 1769 нафари спорт, 920 нафари рассомлик ва чизмачилик, 150 нафари нотиқлик, 325 нафари тикувчилик ва пазандалик тўгаракларида банд экани ҳамда 853 нафар талаба ишлашга эҳтиёжи борлиги, қолган талабаларнинг иқтисодий аҳволи барқарорлиги ҳамда ишлашга эҳтиёжи мавжуд эмаслиги аниқланди.

Шундан сўнг Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси ва Навоий давлат педагогика институти ҳамкорлигида “Ишга марҳамат” мономарказида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда институтнинг 800 нафарга яқин талабаси иштирок этиб, ўзлари маъқул кўрган бўш иш ўринлари бўйича йўлланмалар олди.

— Ушбу марказда турли касбларни ўрганаётган ёшларни кўриб жуда ҳавасим келди.Гуруҳимиз қизлари билан пазандалик ва қандолатчилик сирларини ўрганишга қарор қилдик. Барча ёшларга институтда ўқиш билан бир қаторда, бу каби марказга келиб, касб-ҳунар ўрганишларини тавсия қилган бўлардим, —  дейди физика ва технологик таълим факультети талабаси Д.Ўринова.

Навоий давлат педагогика институтига ишга қабул қилинган 60 нафарга яқин талаба ва магистрант билан учрашув ўтказилди. Уларга келажакда етук мутахассис бўлиб, Ватанимиз равнақи йўлида самарали фаолият олиб бориши учун таклиф ва тавсиялар берилди. Ишлашга ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжманд 853 нафар талабанинг 118 нафари халқ таълими тизимига, 91 нафари мактабгача таълим тизимига, 24 нафари институтда мавжуд вакант ўринларга, 10 нафари илмий лойиҳаларга, 69 нафари тадбиркорлик субъектларига, 45 нафари қурилиш бригадаларига, 152 нафари турли корхона ва ташкилотларга ишга жалб қилинди.

Яна 290 нафари вилоятдаги турли корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринларига юборилмоқда. Шунингдек, институтда вилоят бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда бандлик маркази ташкил этилди. Марказда Навоий вилоятининг 11 та туман ва шаҳар бандлик бўлимлари билан узвий алоқа ўрнатилган бўлиб, ҳудудлар кесимида бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар базаси янгиланиб, факультет деканатларига доимий етказиб берилмоқда.

Ҳиндистоннинг юртимиздаги элчихонаси ҳамда Ҳинд маданий маркази ҳамкорлигида инглиз ва ҳинд тилини ўргатиш марказлари фаолият олиб бормоқда. Ўрганишлар натижасида бандлик маркази ҳамда Халқ банкининг электрон базаси орқали 912 нафар талабанинг бандлиги таъминлангани аниқланди. Қўшимча сўровлар ва ўрганишлар натижасига кўра, 1-3 курс талабаларидан яна 688 нафари ишлашга рағбат билдирган. Бунинг натижасида 2022 йил якунига қадар 2453 нафар талабани ишга жойлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Ҳозир Навоий давлат педагогика инст итути тасарруфидаги мавжуд а удитория ва хоналарда ўқув курслари ташкил қилиш мақсадида мурожаат қилган 42 нафар талабага тикувчилик, қаламтасвир, рангтасвир, композиция, чизмачилик, тақинчоқ ясаш, дизайнерлик, инглиз тили, компьютер саводхонлиги, математика, рус тили, ментал арифметика, кимё, психология, география, биология, она тили ва адабиёт, миллий ҳунармандлик каби 20 та йўналишда тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиши учун имконият яратиб берилди.

Шунингдек, институтда “Инкубация ва акселерация” маркази ташкил қилиниб, инновацион ва стартап ғояларини амалга ошириш ва иқтисодий даромад топиш ниятидаги 12 нафар талаба бириктирилган. Хуллас, олий таълим муассасасида талабалар бандлигини таъминлаш ва бу жараённи доимий назорат қилиш, вилоятдаги мавжуд иш ўринлари прогн озидан доимий хабардор бўлиб, эҳтиёжманд талабалар бандлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу орқали назария ва амалиёт узвийлигини таъминлаш, сифатли мутахассислар тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш ишлари тизимли йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда бу устувор вазифалар талабалар ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим мақсадлар сирасига киради.