Унда мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбар ва мутахассислари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, сифатли таълим инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим омилидир. Шу боис, ўз келажагани ўйлаган ҳар бир давлат, ҳар бир миллат ёш авлодга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш, навқирон авлодни маънан етук, жисмонан баркамол этиб вояга етказишга устувор аҳамият беради.
Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан дадил одимлаётган Янги Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фанни ривожлантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада мактабгача таълим муассасаларига қамров кескин кўпайди. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи ошди.
Сўнгги йиллардаги асосий ислоҳот ўқитувчи касби нуфузини оширишга қаратилмоқда. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод этилиб таълимга қайтарилиши баробарида иш ҳақи 1,5 бараварга оширилди, ўқитувчилар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони 7 тадан 1 тага камайтирилди. Тоифа олиш жараёнлари, бу билан ойлик иш ҳақини ошириш имконияти ҳам кенгайтирилди ва жараёнлар анча соддалаштирилди.
Сўнгги беш йил давомида мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилаш йўлида 134 та мактаб қурилди, 2 965 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таълим мазмунини янгилаш мақсадида йирик халқаро лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, “Класс” лойиҳасида 10 минг нафар рус тили ўқитувчиси малакаси оширилди. “English Speaking Nation” лойиҳаси доирасида 400 нафар инглиз тили ўқитувчисининг малакаси оширилди.
Тадбирда Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова Президент мактаблари ҳамда шу йил фаолият бошлаган Янги Ўзбекистон университети ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, жорий йилда Президент мактаблари битирувчиларининг 100 фоизи, ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг 64 фоизи, ижод мактаблари битирувчиларининг 29 фоизи муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг республикадаги филиалларининг талабаси бўлди. Шунингдек, Президент мактаблари битирувчилари дунёнинг энг нуфузли ТОП-300 талигига кирувчи университетлардан 16 587 000 АҚШ доллари миқдорида грантларни қўлга киритди. Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг инглиз тилини билиш даражаси ўртача В2 даражага кўтарилди. 197 нафар ўқувчи IELTS сертификатига, 39 нафар ўқувчи SAT сертификатига эга.
Бугунги кунда Агентлик тасарруфидаги мактаблар ўқувчиларидан иборат бўлган олимпиада захиралари базаси шакллантирилган бўлиб, ушбу ўқувчилар махаллий ва халқаро фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 138 нафар ўқувчи халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, 53 нафар ўқувчи 1-ўрин, 42 нафар ўқувчи 2-ўрин, 43 нафар ўқувчи 3-ўринни эгаллаган бўлса, 2 нафар ўқувчи совриндорлар сафидан жой олди.
Шу йил Янги Ўзбекистон университети илк талабаларини қабул қилди. Университет Массачусетс Технология Институти, Мюнхен Техника Университети, Кембриж университети билан ҳамкорлик қилади.
Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев Академия фаолиятида сўнгги йилларда амалга оширилган асосий ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Бу йўналишда 2019 йилда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, 2020 йилда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди. 2020 йилда “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқланди. Сўнгги йилларда
Фанлар академияси қайта тикланиб, тизимдаги илмий ташкилотлар сони 20 тадан 36 тага етказилди. ФА 2020 йилдан бошлаб тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш тизимига ўтди. Академия олимларининг иш ҳақи 3 баробардан кўпроққа, академикларнинг гонорари эса 4 ҳиссага оширилди. Бир йилда ҳимоя қилинадиган докторлик диссертацияларининг ўртача сони деярли 2 баробар, фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ҳимоялар сони 4.3 баробаргача кўпайди. 120 нафар мустақил тадқиқотчи ўз диссертациялари устида иш олиб бормоқда. Фанлар академиясининг ташаббуси билан стажёр-тадқиқотчи институти ташкил этилди. Ҳозир 100 та стажёр-тадқиқотчи ўқимоқда.
100 га яқин илмий ишланмалар тижоратлаштирилмоқда. Масалан, маҳаллий хомашё – бархан қуми ва оҳакдан илмий хажмдор ишланма асосида силикат ғишти ишлаб чиқариш технологияси яратилди ва уни тижоратлаштириш бўйича ишлар Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан якунланди. Нукусда йилига 20 млн.тагача ғишт ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилмасига эга бўлган "Силикат-Бархон" замонавий заводи қурилди. 2022 йилда ғишт ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида умумий қуввати 40 млн.гача ғишт бўлган янги завод режалаштирилган.
Таълим, илм-фан тизимида эришилаётган бундай ютуқлар мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда ўрнини янада яхшилаш имконини бермоқда. Хусусан, 2020 йил Инсон камолоти индексида Ўзбекистон дунёнинг 189 мамлакати ичида 106-ўринни эгаллади. Глобал рақобатбардошлик индексининг таълим йўналишида Ўзбекистон кўрсаткичи 49,7 баллни ташкил этиб, 131 та мамлакат орасида 52-ўринни эгаллади.
Мулоқот давомда таълим сифатини таъминлаш, илм-фн тараққёитини юксалтириш, таълим, фан ишлаб чиқариш ҳамкорлигини ривжлантириш, ёш авлоднинг интелектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилган ишлар ва истиболдаги вазифаар хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири