Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига доимий равишда турли мурожаатлар бўлиб туради. Шундай мурожаатлардан бири агентликнинг Наманган вилояти ҳудудий тузилмасига келиб тушди.

Унга кўра, Поп туманида истиқомат қилувчи А.У. бир қарорга келиб Наманган шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркордан 6 млн 600 минг сўмлик эшик ва дераза ромларини харид қилган. Хонадонга келтириб ўрнатилган 3 та дераза ромлари ва битта эшик уй эгасига маъқул келди. Аммо иккинчи эшик сифатсиз чиқди, яъни қийшиқроқ кесилган, ёпилганда оралиғи очиқ қолаётганди.

Бу ҳақда тадбиркорга мурожаат қилганда, ишлаб чиқарувчининг вакили хонадонга келиб эшикни кўрди ва камчилигини бартараф этишга ваъда берди. Орадан бир қанча вақт ўтишига қарамай, муаммо ҳал этилмади.

Мазкур мурожаат Истеъмолчяилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан тадбиркор ва истеъмолчи билан биргаликда ўрганиб чиқилганда ҳақиқатан ҳам шикоятчининг эътирози ўринли эканлиги маълум бўлди. Ҳудудий тузилма томонидан тадбиркорга Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси талабларига ҳавола этган ҳолда истеъмолчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун сўров юборилди.

Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига мувофиқ, “Истеъмолчи ўзига сотилган тўпламлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, бутун тўплам, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам нуқсонли товар маҳсулотни қайтариш, алмаштириш ёки товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этишга ҳақлидир.

Шундан сўнг ижрочи (ишлаб чиқарувчи) томонидан 1 млн. 200 минг сўмлик нуқсонли товар (хона эшиги) ўрнига янги, сифатли эшик қайта ўрнатиб берилди. Истеъмолчининг мурожаатидаги масала юзасидан ҳуқуқлари тикланди.