Гап шундаки, Кармана тумани Чўтқара массивида истиқомат қилувчи фуқаро фуқаро Ш.Раҳмонов хонадонини таъмирлатиш мақсадида Навоий шаҳрида жойлашган “Фарҳод мебель Навоий” оилавий корхонаси билан оғзаки шартнома қилиб, хизмат учун 4 миллион сўмни “қўли гул усталарга” олдиндан беради.
Аммо ишлар якунига етгач, сифатсиз таъмирлангани сабабли девор сувоқлари кўчиб туша бошлаган. Шундан сўнг, фуқаро Навоий шаҳар жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида ҳолатларга аниқлик киритилди, хизмат кўрсатувчи томонга фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари тўғрисида амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Тушунтиришлар фойда бермагач, фуқаронинг қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритилди.
Суд сифатсиз иш учун олдиндан тўланган 4 миллион сўм маблағни қайтариш ва суд харажатларини жавобгар – “Фарҳод мебель Навоий” томонидан ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилди.
– Истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бурчимиз, – дейди Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Р.Пардаев. – Шу боис, “Истеъмолчи доимо ҳақ” тамойили фаолиятимизнинг асосий мезони ҳисобланади.