Тадбиркорлар орасида ҳалол рақобат муҳим саналади. Ахир бунинг замирида истеъмолчи ишончи ётади. Фараз қилинг: сиз бир дўконга кириб, ўзингиз ишонч билдирган маҳсулотни ҳарид қилдингиз. Аммо маҳсулотдан фойдаланганингизда у сиз билган фирма маҳсулоти эмас, балки номи ўзлаштирилган ва бошқа тадбиркорнинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиб, ишлаб чиқарилган контрафакт маҳсулот бўлиб чиқади.
Истеъмолчи маҳсулот қадоғи ва номига “яхшилаб” эътибор қаратмагани туфайли ноҳалол рақобат ўлжасига айланади ва кўнгли тўлмаган маҳсулот бўйича асл фирма устидан шикоят қилади. Кейинчалик аниқланишича, маҳсулот бошқа фирма томонидан ишлаб чиқарилган бўлади. Бу каби ҳолатларга ҳар куни бўлмаса ҳам кунора дуч келасиз.
Шундай ҳолатлардан бири машҳур “Silk” товар белгиси билан ҳам содир бўлди, деб хабар берди Интеллектуал мулк агентлиги ахборот хизмати.
Бирлашган Араб Амирликларининг мазкур товар белгисига эгалик қилувчи “Silk Route Beauty products” компанияси ноҳалол рақобат орқали компаниянинг кўп йиллик тажрибаси ва нуфузига путур етиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги апелляция кенгашига 2013 йилда товар белгисига бўлган ҳуқуқни шартнома асосида қўлга киритган “Rose Diamond” хусусий корхонасининг № MGU 15169 сонли гувоҳномасини бекор қилиш бўйича мурожаат қилди.
Ҳақиқатан ҳам бозор расталарини кузатсангиз, қадоғи бир хил бўлган икки маҳсулотни учратасиз. Бироқ атирсовунларни қадоғидан чиқариб солиштирсангиз, ранги, ҳиди ҳамда кимёвий қўшимчалари билан бир-биридан тубдан фарқ қилишига амин бўласиз.
Шунингдек, маҳсулот қадоғидаги ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларда ҳам яққол кўринади: бири Тошкент вилоятида тайёрланган бўлса, иккинчиси Дубай ҳамда компаниянинг Самарқанд шаҳрида очилган корхонасида ишлаб чиқарилган.
Апелляция ишида маълум бўлдики, аслида “Silk” товар белгиси 1999 йилда “Silk Route Beauty products” компанияси буюртмасига кўра, “Response Advertising L.L.C. P.O. Dubai” дизайнерлик фирмаси томонидан яратилган.
“Silk Route Beauty products” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили таъкидлаганидек, “Silk” брендини ҳуқуқий муҳофаза қилиш мақсадида компания 1999 йили БААда, 2003 йили АҚШда, 2004 йили Ҳиндистон, Австралия, Бангладеш, Жанубий Африка, Кения ва 2005 йили Сурияда товар белгисини рўйхатдан ўтказган.
“Silk Route Beauty products” компанияси 2003 йилдан Ўзбекистонга атирсовун етказа бошлаган. 2009 йилгача компания 236 183,34 АҚШ доллари қийматидаги 700 тонна маҳсулот етказган. Бу эса “Silk” товар белгиси остидаги маҳсулотга талаб юқорилигини англатади. Бундан ташқари, компания ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида Самарқанд вилоятида атирсовун ишлаб чиқариш учун завод қуриб, янги иш ўринлари яратган.
Эшитув натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси 14-бандига асосан даъвогарнинг апелляция аризаси талаблари қаноатлантирилди ҳамда №МГУ 15169-сонли гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилди.
Шу биргина қонуний қарор қабул қилиниши орқали ноҳалол рақобатга чек қўйилди. Тадбиркор манфаатлари тикланиши ва юртимизда қонуний фаолият юритишига, корхонанинг ишлаб чиқаришни кенгайтиришига, инвестицияларнинг кириб келишига йўл очилди.