Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Абдували Исмоилов, Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Меҳринисо Пардаева, Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Отабек Донабоев, Сардоба туман ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси, ўқитувчилар малакасини ошириш маркази мутасадди раҳбарлари ҳамда амалиётчи педагоглар иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоятда таълим сифати ва самарадорлиги таъминлаш, бу жараёнда маҳаллий ҳокимликларнинг ўрни, миллий ўқув дастурини амалиётга жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ва шу каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолашга йўналтирилган PISA дастурининг тажриба-синовлари жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилди. Асосий тадқиқотлар эса 2022 йил апрель-май ойларида ташкил этилади.

Мазкур тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ўтган йилда республика бўйича 348 та таянч мактаб белгиланиб бўлиб, улардан 15 таси Сирдарё вилоятида жойлашган. Мазкур мактабларга яқин ҳудудларда жойлашган бошқа мактаблар уларга бириктирилди ва тренер-ўқитувчилар гуруҳлари шакллантирилди.Ушбу таянч мактаблари вилоятдаги бошқа мактаблар учун халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик йўналишида мувофиқлаштирувчи ва методик базага эга бўлган муассаса ҳисобланади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев Президентимиз томонидан Сирдарё вилоятида оила-маҳалла-мактаб-ОТМ моделини жорий этиш ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда вилоятни таълим сифатини таъминлаш бўйича намунали ҳудудга айлантириш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилганини таъкидлар экан, бу борада кун тартибида турган масалаларга тўхталиб ўтди:

— Давлатимиз раҳбари томонидан ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика ишлаб чиқиш, бу борада Финляндия тажрибасини ўрганиш бўйича вазифа берилган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ушбу жараёнларни янада самарали ташкил этиш учун бугунги кунда Финляндия таълим тизимидан 2 та эксперт (маслаҳатчи) жалб этилди. Шунингдек, математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича Финляндия таълим тизими вакиллари билан ҳамкорликда видеоконференция алоқа воситалари орқали махсус тренингларни ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши керак. Сирдарё вилоятида эса бу борада етакчи ҳудудлардан бирига айланиш учун барча имкониятлар етарли.

Семинарнинг иккинчи қисмида эса математика, биология, кимё, ўқиш фанлари ҳамда таълим жараёнларини такомиллаштириш каби шўъбаларга бўлинган ҳолда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази тажрибали экспертлари, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирокчиларга халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича маҳорат дарслари ўтиб беришди ҳамда уларнинг қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.

Тадбир якунида иштирокчиларга халқаро тадқиқотлар бўйича ўқув қўлланмалари тарқатилди, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.