Электрон давлат хизматларидан фойдаланишни янада оммалаштириш ва аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини ошириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси ташаббуси билан барча туман-шаҳар Давлат хизматлари марказларида жорий йилнинг 12 январидан 12 февралига қадар «Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш ойлиги» эълон қилинди.
Исталган турдаги давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланиш учун албатта электрон рақамли имзо талаб этилади. Демак, электрон рақамли имзога ҳам эҳтиёж катта. Электрон рақамли имзога эга бўлишнинг 2 хил усули бор. Сиз исталган давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда ёки my.gov.uz портали орқали паспорт маълумотларини киритиб, селфи тушиш орқали олишингиз мумкин.
Шунингдек, барча марказларда «ДХМ — МАҲАЛЛА — ФУҚАРО» тамойили асосида давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини маҳаллаларда, шунингдек, ёшлар ўртасида шакллантириш бўйича маҳалла ва таълим муассасаларида масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича махсус семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилиб борилади, деб хабар беради ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати.