Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги ҳамда Сирдарё вилояти ташкил топганлигининг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларининг Сирдарё билан чегарадош вилоятлари ўртасидаги ҳам иқтисодий, ҳам маданий алоқалар кўламини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган форумда мазкур ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, ўрта ва йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов, Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти инвестициялар ва давлат мулки бошқармаси бошлиғи Шарифчон Ахмедов, маҳаллий ва қўшни мамлакатлардан ташриф буюрган етакчи ишбилармонлар ҳамда расмийлар иштирок этяпти.
Сирдарё вилоятининг географик жойлашувига аҳамият берадиган бўлсак, шимолда Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Мақтаарал ва Сариоғаш туманлари, жанубда Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятининг Истаравшан ва Зафаробод туманлари билан чегарадош. Бугунги кунда вилоят ҳудудида 15 минг нафардан зиёд яқин қозоқ, 80 минг нафарга яқин тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилиб келмоқда. Шу билан бирга вилоятдаги мавжуд 314 та мактабнинг 6 тасида тожик, 1 тасида қозоқ тилида таълим берилади.
Форумнинг очилишида маҳаллий ва қўшни мамлакатларнинг 200 га яқин етакчи ишбилармонлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда расмийлар иштирок этди. Унда сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев чегарадош қўшни давлатлар ҳудудлари билан ўзаро маданий, савдо-иқтисодий алоқалар борасидаги рақамларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, Сирдарё вилоятига Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари тадбиркорлари томонидан 80 миллион доллардан зиёд инвестициялар киритилган бўлиб, 20 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. Бу орқали 1 000 дан зиёд аҳоли бандлиги таъминланган. Бундан ташқари ҳар ойда Қозоғистон ва Тожикистоннинг Сирдарё билан қўшни бўлган ҳудудларидан ўртача бир ярим минг бемор даволаниш мақсадида Гулистон шаҳрига ташриф буюради.
Жорий йилда Сирдарё вилоятининг ушбу икки мамлакат билан ўзаро товар айланмаси 136,2 миллион долларни ташкил этди. Ўтган 2022-йилда 38 миллион долларлик маҳсулотлар (ип-калава, тери, полиз, дуккакли ўсимликлар ва керамик плиткалар, момиқ ва дока) ушбу давлатларга экспорт қилинди. 2023 йил якунига қадар экспорт ҳажмини 60 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, йиғилганларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан Сирдарё вилоятидаги бизнес муҳити, сармоя киритиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари тўғрисида маълумот берилди.
Меҳмонлар, шунингдек, вилоятда ишлаб чиқарилаётган 350 дан ортиқ турдаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишдилар.
Ҳукумат вакиллари, ҳудудлар раҳбарлари ва ишбилармонлар ўртасида “G2B” вa “B2B” форматидаги учрашувлар ўтказилиб, қўшма корхоналар яратиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузишга келишиб олинди.
Форум доирасида Сирдарё вилояти ташкил топганлигининг 60 йиллигига бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар, қовун сайли, гастрономик кўргазма, ва қардош миллатлар вакиллари иштирокида бадиий кечалар ташкил этилди.
“Лайлаклар ўлкаси” номли тасвирий санъат намуналари намойиши, “Сирдарё — кеча, бугун, эртага” мавзусида вилоятнинг маънавияти ва маърифатини тарғиб қилувчи кўргазмали тадбирда иштирок этган меҳмонлар серқуёш Сирдарё заминида етиштирилган қовун, сархил мевалар ҳамда миллий таомларидан баҳраманд бўлди.
Тадбирлар Тўра Сулаймон номидаги амфитеатрда Сирдарёнинг 60 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган театрлаштирилган мусиқали концерт дастури билан давом этди.
“Сирдарё” эркиниқтисодийзонасиваҚозоғистоннинг “Krisralalmazgroup” компанияси, ЯнгиершаҳарҳокимлигиваТожикистоннинг “UnitgpoupSirdarya” компанияси, шунингдек, “Гулистонaluminpro” ваТожикистоннингБадрқўшмакорхонасиўртасидаўзароҳамкорликнийўлгақўйишбўйичакелишувМеморандумлариимзоланди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Форумнинг иккинчи кунида Сирдарё туманида фаолият юритаётган қўшма корхоналар фаолияти билан танишилади. Шунингдек, вилоят мусиқали драма театрида “Широқ” спектакли ва амфитеатр майдонида “Қардош халқлар дўстлиги” номли концерт дастури кун тартибидан жой олган.