Йил охирига қадар Сирдарё вилоятидаги 6 та тиббиёт муассасани ўз ичига олган «Гулистон тиббиёт кластери» тўла қувватда иш бошлайди.

Ушбу кластерга хорижий давлатларнинг энг илғор клиникалари ҳамкор сифатида жалб қилинади ҳамда мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларни ўтказиш иши йўлга қўйилади.

Шунингдек, мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу кластер ва бошқа тиббиёт муассасаларини замонавий кадрлар билан таъминлаш мақсадида Гулистон тиббиёт коллежи негизида Туркиянинг «Соғлиқ билимлари университети» филиали ташкил этилади.

Филиалга қабул қилинган талабалар 3 йил Ўзбекистонда, 3 йил Туркияда таълим олади. 30 фоиз талабага грант асосида ўқиш тақдим этилади. Ўқитиш ишлари кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилларида амалга оширилади.

Туркиялик меҳмонлар Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан учрашиб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар, университети филиалини очиш, уни ишга тушириш бўйича фикр алмашди, деб хабар беради Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида: Туркиянинг «Соғлиқ билимлари университети» филиалини очиш, уни Сирдарёда ишга тушириш масаласи «Янги Ўзбекистонинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да ҳам белгилаб берилган. Мазкур университет Туркияда тиббиёт йўналиши бўйича нуфузли давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни вақтда бу олий даргоҳда 13 та факультет, 5 та институт, 6 та профессионал тиббиёт мактаби, 35 га яқин илмий марказ, 58 та шифохоналар мавжуд.