Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)га собиқ маҳкум В.М. уй-жой билан таъминланишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат назоратга олиниб, шу йилнинг 4 апрель куни манзилга бориб ўрганилди. Жараёнда Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Аниқланишича, собиқ маҳкум В.М. 2019 йили май ойида жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан. Туман ҳокимлигининг ижтимоий мослаштириш бўлими томонидан вақтинча фойдаланиш учун унга уй берилган. Уй-жой 6 ой муддатга берилган бўлишига қарамай, шу кунгача фуқаронинг илтимосига биноан, бир неча маротаба фойдаланиш узайтирилган.

Ўрганиш давомида мурожаатчи истиқомат қилиб келаётган уй бузилишга тушгани ҳам аниқланган. Фуқаронинг мурожаатида кўрсатган манзилга борилганда у яшаб келаётган уй авария ҳолатида экани маълум бўлди.

Натижада Тошкент шаҳри ҳокими номига фуқаро В.М.га давлат уй-жой фондидаги турар жойлардан бирини тақдим этиш бўйича сўров хати юборилди. Омбудсманга тақдим этилган маълумотга кўра, ҳозир мурожаатчига вақтинча фойдаланиш учун бир йил муддатга бошқа турар жой ажратилган, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг ахборот хизмати хабарида.