Ўтган қисқа давр мобайнида соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича адлия органлари томонидан 9 000 дан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, телеканалларда 50 дан ортиқ, радиода 270 дан ортиқ чиқишлар қилинди, 1 500 дан ортиқ сайёр қабуллар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда 4 400 маротабадан зиёд маълумотлар жойлаштирилди ва бошқа турли шаклларда тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
Шунингдек, соҳа бўйича адлия органларига 3 561 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан, 2 391 таси (67 %) қаноатлантирилди, 248 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 22 та мурожаат тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилди. Айни вақтда 900 та мурожаат иш юритувида кўриб чиқилмоқда. Мурожаатларнинг асосий қисми Андижон (694 та), Қашқадарё (437 та), Навоий (305 та) вилоятларига тўғри келмоқда.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида соҳа ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди. Жумладан, Қувасой шаҳар 90-сон кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати ходимларининг иш ставкалари уларнинг розилигисиз асоссиз равишда қисқартирилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати, шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганилганда, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги, мурожаат қилган ходимларнинг розилигисиз иш ставкаларини ўзгартирганлиги аниқланиб, мактаб директорини маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига таклиф киритилди.
Сардоба туман адлия бўлими томонидан Сардоба туманидаги Пахтаобод Касб-ҳунар мактабида ишловчи фуқаро А.Янгибоевнинг ҳар ойлик устама пуллари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига иш ҳақини ундириш юзасидан ариза киритилди.
Қўрғонтепа туман адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядларнинг нотўғри қўлланилганлиги сабабли умумтаълим мактабларининг кадрлар бўйича инспекторларига тўланмай қолган 60 млн. 219 минг сўм иш ҳақи маблағларини ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга ариза киритилиши таъминланди.
Ҳудудий адлия органлари томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг манфаати юзасидан 930 та тақдимнома, 1 447 та огоҳнома, 162 та маъмурий ва 3 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ҳамда судларга 1 766 та 7 189,52 млн. сўмлик даъво аризалари киритилди.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида тақдимномаларга асосан 5 240 млн. сўм маблағлар (иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар) соҳа ходимларига ундириб берилди. Шунингдек, 383 та ҳужжат бекор қилинди, 398 та шахс интизомий, 33 та шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Хусусан, Чирчиқ шаҳар адлия бўлими томонидан Чирчиқ шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 36 нафар ходимининг мурожаатлари кўриб чиқилиб, мазкур мактабгача таълим ташкилоти қайта таъмирланаётганлиги сабабли ходимларнинг ёзма розилиги олинмасдан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқариб юборилганлиги, уларнинг бекор туриб қолган вақтдаги ўртача ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан, шаҳар адлия бўлими томонидан ходимлар манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига ариза киритилиб, 36 нафар ходимларнинг тўланмай қолган жами 261 млн. сўм ўртача ойлик иш ҳақлари ундириб берилишига эришилган.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг чекка ҳудудларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг манфаатини кўзлаб вилоят Халқ таълими бошқармасига тақдимнома киритилиб, уларга ўз вақтида тўлаб берилмаган қонунчиликда белгиланган бир марталик бошланғич ёрдам пули ва ижарада турганлик учун ҳар ойлик компенсация пуллари ундириб берилди.
Олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пулларининг тўланмаслиги ҳолатлари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида ҳам аниқланган бўлиб, ушбу қонунчилик меъёрларининг бузулиш ҳолатларини бартараф этиш учун тақдимномалар киритилди.
Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим вазириги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги тизими ходимларининг иш ҳақлари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус устамалар ва компенсацияларнинг тўланиб бориши ҳолати ҳам ўрганилмоқда.
Акция давомида ўтказилган мониторинглар натижасида
-
- иш ҳақининг белгиланган муддатда тўланмаслиги (500 та);
- устамаларнинг тўланмаслиги (1 534 та);
- фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаслиги (123 та);
- олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пулларининг тўлаб берилмаслиги (264 та);
- бирламчи ва даврий тиббий кўрикдан ўтилиши муносабати билан ходимларнинг харажатларини қаопаб бермаслик ҳолатлари (49 211 та);
- мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари (16 та) ва бошқа кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, соҳа ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Янгиер шаҳар адлия бўлими томонидан Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши ҳолати юзасидан ўтказилган мониторинг натижасида, бир қатор ходимлар томонидан меҳнат таътилига чиқиш бўйича ариза берилганлигига қарамасдан, ходимларга йиллик меҳнат таътиллари берилмаганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш бўйича таклиф киритилди.
Шунингдек, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятларида фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилган.
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Сергели туман адлия бўлими томонидан тумандаги таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларида меҳнат қонунчилигига риоя этиш ҳолатлари ўрганилганида, Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш мажбуриятларини бажарилмаслик ҳолати юзасидан тумандаги 22 та мактабгача таълим ташкилотларига тақдимнома киритилди, шунингдек, айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Сергели туман бандликка кўмаклашиш марказига таклиф киритилди.
Шунингдек, Андижон вилояти адлия бошқармаси Асака, Бўстон ва Пахтаобод туман адлия бўлимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 393 нафар умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди.
Адлия вазирлиги
жамоатчилик билан алоқалар бўлими