Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида yuz.uz сайти мухбири З. Акбарованиниг саволига жавоб бериш жараёнида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, республика бўйича барча туғруқ комплексларида тартиб-интизом кучайтирилиб, очиқлик сиёсати олиб борилмоқда.
Вазир фуқароларда туғруқхона танлаш ҳуқуқи борлигини ҳам таъкидлаб, ҳудудларда — вилоят ва туманларда замонавий туғруқ комплекслари фаолияти йўлга қўйилганини айтиб ўтди. Эндиликда оддий физиологик туғруқларни амалга ошириш учун пойтахтга келиш зарурати камайди. Оддий физиологик туғруқлар ҳудудларда бепул амалга оширилади.
Шу билан бирга, мураккаб клиник ҳолатлар учун вилоят ёки республика даражасидаги ихтисослашган марказларга йўлланма тизими жорий этилган. Бу тизим тартибли ва босқичма-босқич ишлайди: Аввало бириктирилган ҳудудий муассасага мурожаат қилинади. Зарурат туғилганда юқори босқичга йўлланма берилади. Она ёки бола ҳаёти хавф остида бўлса, бемор зудлик билан юқори даражадаги марказга юборилади.
Энг муҳими — ҳаётий кўрсатмалар асосида амалга ошириладиган кесарча кесиш операциялари ва шошилинч тиббий ёрдам тўлиқ бепул таъминланади.
Республика даражасидаги ихтисослашган марказлар мураккаб туғруқлар, оғир патологиялар ва юқори хавфли ҳолатлар учун мўлжалланган. Бу ерда замонавий ускуналар ва юқори малакали мутахассислар фаолият юритади.
Оддий туғруқлар эса, асосан, ҳудудий комплексларда амалга оширилади. Бу ёндашув тизим ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва мураккаб беморларга кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли рақамлаштириш жараёни бошланди. Электрон йўлланма, электрон навбат ва молиявий назорат тизимлари жорий этилмоқда. Бу ўзгаришлар бир неча муҳим натижани таъминлайди: инсон омилини камайтиради; ноқонуний комиссиявий тўловларнинг олдини олади; очиқ ва адолатли тизим яратади; фуқароларга танлаш имконини беради.
Коррупцияга қарши курашиш усуллари ҳам замонавий ёндашувлар асосида янгиланмоқда. Шаффоф механизмлар орқали соғлиқни сақлаш тизимига ишонч мустаҳкамланмоқда.
Ҳар қандай ислоҳотнинг марказида инсон туради. Айниқса, она ва бола ҳаёти энг олий қадриятдир. Агар беморнинг ҳаёти хавф остида бўлса, тиббий ёрдам зудлик билан ва ҳеч қандай тўсиқларсиз кўрсатилади. Бундай ҳолатларда ҳудудий ёки республика даражасидаги муассасага юбориш давлат томонидан кафолатланади ва бепул амалга оширилади деди, вазир.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги бугунги ислоҳотлар — бу оддий ташкилий ўзгариш эмас, балки адолат, шаффофлик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган янги босқичдир.
Тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, бепул хизмат кафолатларини мустаҳкамлаш, мураккаб ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш ҳамда рақамлаштириш орқали очиқ тизим яратиш — буларнинг барчаси фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
Оналик ва болаликни асраш эса давлатнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас масъулиятидир.
Зулхумор Акбарова