Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Махмудов Аъзамжон Талатович вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди. 

У Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаган. 2010 йилдаги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига биноан А.Махмудовга соғликни сақлаш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси тайинланган. 

У 2016 йилда урология йўналишида тиббиёт фанлари докторлик диссертация ишини инглиз тилида муваффақиятли ҳимоя қилган  Шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясининг бош илмий котиби, кейинчалик ушбу олий ўқув юртининг урология кафедрасида доцент лавозимларида ишлаган. 

Фаолияти давомида 2018 йилда Корея Республикасининг Бунданг Чесенг госпиталида урология йўналишида, 2014 ва 2019 йилларда Германиянинг Гиссен ва Марбург университети клиникасида урология ва андрология йўналишларида малака оширган.

36 ёшли тиббиёт фанлари доктори тайинловдан аввал Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази илмий котиби лавозимида фаолият олиб борган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.