Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Хусусан, шу йил 18 мартда Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан учрашуви Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг кейинги босқичдаги ривожланиш стратегиясини белгилаб берди. “Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотда ихтисослашган тиббий хизматнинг аҳолига яқинлаштирилгани, маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқаришда эришган ютуқларимиз, ишга туширилган корхоналар, тиббий таълим бўйича қилинган ислоҳотлар билан бирга мавжуд камчиликларимиз ҳам рўй-рост айтилди.
Мулоқотда еттита йўналиш бўйича келгуси беш йилликка мўлжалланган муҳим топшириқлар берилди. Ана шу ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Спинал мушак атрофияси (СМА) — онанинг ҳомиладорлик вақтида болада вужудга келувчи энг кўп учрайдиган ирсий касаллик бўлиб, ўз вақтида (6 ой ичида) муолажа ўтказилмаса, 2 ёшгача болаларда касаллик оқибати 50 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланади.
Халқаро статистик маълумотларга кўра, мазкур касаллик янги туғилган ҳар 610 минг чақалоқда бир ҳолатда учраб, уларнинг 50 фоизи 2 ёшга етмай нафас етишмовчилиги сабаб вафот этади.
Юртимизда 77 нафар болада ушбу касаллик таҳлили намуналари тасдиқланган. Уларнинг 24 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида, 40 фоизи икки ва ундан кўп спинал мушак атрофияси билан туғилган болали оилаларда ва 36 фоизи ота ҳам, она ҳам ушбу ген ташувчиси бўлган оилаларда туғилган.
Бугун СМА билан касалланган беморларга тиббийижтимоий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор долзарб масалалар ўз ечимини кутмоқда. Масалан, шу пайтгача юртимизда СМА билан касалланган беморлар учун (маблағ белгиланмагани туфайли) диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлар ишлаб чиқилмаган, бу хасталик бўйича ягона регистр ҳамда оиласида СМА касаллиги билан туғилиши мумкин бўлган шахсларнинг (эрхотин) хавф гуруҳи (оммавий текширув учун генетик лабораториялар мавжуд эмаслиги сабабли) шакллантирилмаган. Клиник ташхисни тасдиқлаш ва даволаш стратегиясини аниқлашнинг “олтин стандарти” ҳисобланган СМА генини аниқлаш имконини берувчи молекуляр генетик текширув фақатгина хусусий лабораторияларда пуллик асосда ўтказиб келинган. Битта таҳлилнинг ўртача қиймати 3,5 миллион сўм. Лабораториялар эса СМА билан касалланган болаларда ген терапиясини ўтказиш учун етарли даражада, деб бўлмайди. Шунингдек, мураккаб генетик текширувлар учун мамлакатимиз ҳудудидан қон намунасини олиб чиқиш мақсадида махсус рухсатнома бериш тартиби мавжуд эмас. СМА билан касалланган беморлар учун зарур дори, реабилитация ва махсус озуқа воситалари давлат бюджети ҳисобидан харид қилинмаслиги ҳамда беморларда фақатгина симптоматик муолажа ўтказилиши сабабли касаллик оғир кечиб, эрта ўлим билан якунланмоқда.
Президентимизнинг “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббийижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу каби муаммолар ўз ечимини топмоқда. Жумладан, спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болалар давлат томонидан патогенетик дорилар, ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланади. Хавф гуруҳидаги ҳомиладор аёллар Она ва бола скрининг марказларида ва Миллий референс лабораторияларида бепул диагностикадан ўтказилади ҳамда уларни даволаш стратегияси белгиланади. 2022 йил 1 июлдан бошлаб никоҳланувчилар ўз ҳисобидан Аҳоли репродуктив саломатлик марказининг филиаллари орқали молекуляргенетик тестдан ўтади.
Республика Она ва бола скрининг маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида спинал мушак атрофияси диагнозига эга бўлган оилаларнинг электрон Ягона миллий регистри юритилади.
2022 йил 1 майдан бошлаб спинал мушак атрофияси касаллиги бўлган бемор болалар реабилитацияси учун У.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳийасаб касалликлари шифохонасида 10 та стационар ўрин ташкил этилмоқда. Ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида мультидисциплинар (невролог, педиатр, реаниматолог, пульмонолог, ортопед, хирург) текширув ҳамда даволаш (оператив контрактуралар ва суяк деформацияларини тўғрилаш) жараёни йўлга қўйилади.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 июндан бошлаб уй шароитида даволанаётган бемор болаларга зарур бўлган техник (15 турдаги) воситалар бепул ижарага берилади.
Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни даволаш учун ҳамда хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниши маблағ масаласида қийналаётган хасталарнинг яқинлари учун чинакам кўмак бўлди. Қилинаётган барча ишлар замирида халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофондини сақлаш, аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш мақсади мужассам.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги туб ислоҳотлар доирасида, айниқса, оналар, гўдаклар ўлими, ногиронликни имкон қадар камайтириш борасида самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида куни кеча давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим қарори эълон қилинди.
Президентимизнинг “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарорида 2022-2026 йилларда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари белгиланиб, Нукус шаҳрида “Болалар тиббиёт клас тери” ташкил этилиши назарда тутилган.
Кластер таркибига Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (биноси 2023 йил якунига қадар фойдаланишга топширилади), Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ва Болалар стоматология поликлиникаси киритилади. Перинатал марказларнинг оддий туғуруқ комплексидан фарқи шундаки, чақалоқларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилади. Айниқса, неонатал реанимация хизмати мавжудлиги айрим чақалоқларда кузатиладиган оғир асоратлар, ногиронлик ва эрта ўлим ҳолатини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Туман (шаҳар)ларда болалар поликлиникаси мавжуд эмаслиги сабабли бемор болалар амбулатор тизимни четлаб, тўғридан-тўғри вилоят ҳамда республика шифохоналарига мурожаат қилар эди. Жумладан, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига 2020 йилда 186 710 та мурожаат бўлган бўлса, 2021 йилда 276 464 тани ташкил этган. Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига 2020 йилда 68 548 фуқаро мурожаат қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 87 417 тага етган. Шунингдек, Тошкент шаҳар 1клиник шифохонасига 2020 йилда 19 084 та мурожаат бўлган, 2021 йилда эса бу рақам 25 344 тани ташкил этган. Худди шундай рақамлар ортганини Тошкент ва Бухоро вилоятларида ҳам кузатиш мумкин.
Шунингдек, мавжуд болалар шифохоналари респиратор ва бошқа юқумли касалликлар авж олган даврларда 100 фоизгача қўшимча босим билан ишламоқда. Айниқса, мавсумий нафас йўллари касалликлари кўпайган вақтларда тегишли койкаўринлар етишмаслиги оқибатида бемор болалар санитария талабларига зид равишда ёрдамчи хоналарга жойлаштирилар эди. Бу эса, ўз навбатида, болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатининг пасайишига ҳамда аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди.
2022 йил 1 майдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида амалдаги штатлар доирасида болалар бўлими ташкил этилади. Бўлим таркибида педиатрия йўналишидаги барча мутахассислар фаолият юритади.
Бугунги кунга қадар болалар анестезиологияреанимация ва интенсив терапия бўлимлари ҳамда бемор болалар учун туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи навбатчи шифокор постлари ташкил этилмагани тиббиёт ходимларининг болаларга кўрсатаётган реанимацион ва шошилинч тиббий ёрдам йўналишидаги фаолиятига халал бериб келаётган эди. Қарор билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида амалдаги штатлар доирасида болалар анестезиологияреанимация бўлимлари ҳамда туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ташкил этилиши муаммонинг ечимига хизмат қилади.
Болалар касалликларини ташхислаш жараёнида ҳудудлардаги лаборатор текширувларнинг ҳаққонийлиги ва аниқлиги устидан ташқи сифат назорати ўрнатилмаган, шунингдек, текширувлар халқаро стандартларга мос келмасди. Боз устига болалар ўртасида ногиронликка олиб келувчи касалликлар, шу жумладан, ирсийгенетик орфан касалликларни эрта аниқлашда махсус генетик текширувларни ўтказиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Энди бу муаммо ҳам барҳам топади. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмийамалий тиббиёт марказида болаларда ирсийгенетик, шу жумладан, орфан касалликларни эрта ташхислаш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораторияси ташкил этилади.
Олис ҳудудлардан асоратланган ҳомиладорлар ва чақалоқларни стационарга олиб келиш борасидаги муаммолар жуда кўп йиллардан бери ўз ечимини топмай келаётган эди. Энди Республика перинатал маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобиль навбатчи реанимация бригадалари ташкил этилади.
2020-2021 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги барча туғуруқ комплексларида “Замин” фонди ташаббуси билан чақалоқларда аудиоскрининг тадбирлари ўтказилди. Халқаро стандартларга мос равишда амалга оширилган ушбу лойиҳа ижобий натижа берди. Янги туғилган чақалоқларнинг эшитишдаги нуқсонларни эрта аниқлаш, бу касаллик мавжуд бўлган болаларда даволаш жараёнини эрта бошлаш орқали уларнинг тўлиқ соғайишига эришиш борасида хулосалар қилинди.
Бу тажриба бутун мамлакатимиз бўйлаб татбиқ этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда ҳудудлардаги барча туғуруқ комплексида янги туғилган чақалоқлардаги эшитиш нуқсонини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг тадбирлари ўтказилади. Ушбу саъйҳаракатлар натижаларини таҳлил килиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида электрон кузатув (трекинг) марказлари ташкил этилади.
Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан болалар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун бу йил 1 июлдан бошлаб “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 600, келгуси йил 1 январдан бошлаб 4 900 нафар ўрта тиббиёт ходими (педиатрия ҳамшираси ва доя) ўрни — жами 8 500 та штат ажратилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мутлақо янги тизим яратилади ва раҳбарларнинг масъулияти оширилади. Икки ҳафта муддатда вазир ўринбосари раҳбарлигида Репродуктив саломатлик, оналик ва болалик масалалари бўйича республика штаби, 14 та ҳудудий штаб фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда.
Штаблар кўрсатилаётган тиббий хизматни тизимли ўрганиш, камчиликларни бартараф қилиш, белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш билан шуғулланади. Штаб аъзолари ҳудудларга бириктирилади ва уларнинг асосий вазифаси ҳудудни ўрганиш, камчиликларни аниқлаш ва чоратадбир белгилаш билан чекланмайди. Тизимли таҳлил ва камчиликларни жойида бартараф қилади, керак бўлса, оилавий шифокорлик пункти тиббиёт ходимларига тушунтириш беради ва тизимли назорат билан шуғулланади.
Туғиш ёшидаги аёллар орасида исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чоралари, эрта ва катта ёшдаги аёллар орасида туғуруқ, интергенитал оралиққа риоя қилиш, айниқса, фарзанд кўришга мутлақ монелиги бўлган аёлларнинг ҳомиладорлигига йўл қўйиш ҳолатлари қатъий назоратга олинади. Ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатувини амалга оширувчи “Она ва бола кластери хонаси” фаолиятини самарали ва тизимли ташкил қилиш мақсадида комплекс кузатувнинг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни ўтказадиган “Онконазорат” (Cancerназорат) хоналарининг махсус ахборот бошқаруви тизими мунтазам мониторинг қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ҳамда чоратадбирларнинг бажарилишини доимий назорат қилиб боради.
Республика гематология ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказлари ҳудудида илик кўчириш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида 2022 йилда янги махсус амалиёт комплекс биносини қуриш ва жиҳозлаш учун Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасидан зарур маблағ ажратилади.
Бу йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (отаона ва бошқалар) учун овқатланиш бепул қилинади. Бу ҳам бемор фарзандини даволатаман, деб иқтисодий танг аҳволга тушган юртдошларимиз учун ўзига хос кўмак бўлади.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги филиаллари, шунингдек, ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг маслаҳатташхислаш поликлиникалари тиббий техника билан қўшимча жиҳозланади. Шунингдек, 46 та туманлараро перинатал марказнинг инфратузилмаси яхшиланади. Уларнинг электр, сув таъминоти, канализация ва иситиш тизимини яхшилаш учун 16,7 миллиард сўм ажратилади.
Аҳоли саломатлигига эътибор деганда кўз олдимизга, аввало, оналар ва гўдаклар келади. Табиатан улар ҳимоя ва кўмакка муҳтож бўлади. Шу боис, энди оналар ва гўдаклар ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади. Содир бўлган ҳар бир ҳолат хақидаги маълумот бир сутка давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилиши ва масъул акушергинеколог профессорнинг уч кун ичида тезкор ахбороти ва бир ҳафтада тўлиқ таҳлили тақдим қилиниши шарт.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган 227 та туғуруқ муассасаси тиббий жиҳоз ҳамда замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан етарли даражада таъминланмагани, мавжудлари маънан эскиргани сабабли охирги 10 йилда оналар ва гўдаклар ўлимининг интенсив кўрсаткичи деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Бундан ташқари, таҳлилларга кўра, ҳозир 47 та туғуруқ комплекси ҳамда уларнинг чекка қишлоқлардаги 9 та филиали, 39 та болалар тиббиёт муассасаси таъмирталаб ҳолатда.
Шунингдек, йилига 72 900 нафар ҳомиладорлик асорати билан ва 84 700 нафар экстрагенетал касаллиги бор аёлга ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган 46 та туманлараро перинатал марказни халқаро талабларга жавоб берадиган биноларга жойлаштириш зарур.
Қарорга биноан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2022-2025 йилларда 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг 105 миллион долларлик грант ва кредит маблағларини жалб қилади. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 20222026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича чоратадбирлар режаси тасдиқланмоқда.
Бугун мамлакатимиз тиббиётини ривожлантириш, хусусан, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида илгари кузатилмаган саъйҳаракатларга гувоҳ бўляпмиз. Бунинг учун маблағ ҳам, куч ҳам, умуман, зарур бўлган барча восита ва саъйҳаракатлар ишга солинмоқда. Юртимиз вақти келиб, аҳолисининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи юқори, оналар ва болалар ўлими сони паст давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгалласа, мана шу натижаларга бугунги ислоҳотлар пойдевор бўлганини фахр ва миннатдорлик билан эслаймиз...