Маълумки, давлатнинг асосий бойлиги, бу — фуқаролар. Мамлакатнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни халқнинг ҳаёт даражасига боғлиқ. Фаровонликни таъминлашда эса тадбиркорлик, тижорат, ишлаб чиқаришнинг алоҳида ўрни бор. Уларнинг ҳар жиҳатдан ривожланишида эса соғлом рақобат катта роль ўйнайди. Дейлик, ишлаб чиқаришнинг бирор турида кимдир ўз маҳсулотини тайёрлаб бозорга олиб чиқди ва унга талаб юқорилади. Демакки, таклифда ҳам ўзгариш бўлади. Шу пайтда бу турдаги товарларни бошқа биров ҳам бозорга олиб чиқса, биринчиси сифат ва нархга каттароқ эътибор қаратишга тушади. Натижада истеъмолчининг танлаш имконияти кўпаяди. Бу эса, ўз навбатида, тўкин-сочинликка, фаровонликка йўл очади.

Одамларнинг ҳаёт даражаси давлатнинг дунёдаги поғонасини белгилайди. Маблағ келиш сабаб ва воситаси — иш, фаолият, ҳаракат... Мамлакатда бўш иш ўринларининг камлиги ишсизларнинг кўпайишига олиб келади. Бу эса иқтисодиётга зарар. Давлат айтилаётган масалада оқибатга эмас, сабабга эътибор бериши керак. Бунинг учун тадбиркорнинг олдидаги сунъий тўсиқларни бартараф этмоқ лозим. Нега айнан тадбиркорни айтяпмиз?! Чунки улар номи билан тадбиркор, яъни тадбирли кишилар. Улар маълум мақсадларни кўзлаб зарарга кирмасликка ҳаракат қилишади ва ўз соҳасида кўпгина технологиялар, қурилмалар — янгиликлар ишлаб чиқишади. Натижада тараққиёт юз беради. Улар қўл остидагиларни рози қилмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмаслигини билишади. Шундай экан, ривожланиш учун санаб ўтилган соҳларга эътибор бериш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2024 йил 1 январга қадар импорт божхона божи “нол” ставкада қўлланиладиган айрим турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар тасдиқланган. Бу каби ҳуқуқий ҳужжатлар анча енгилликларга сабаб бўлса ажабмас.

Соғлом рақобатнинг ва тараққиётнинг кушандаси, бу — монополия. “Монополия” юнонча сўз бўлиб, моно — танҳо, полео — сотаман деган маънони билдиради. Бу иқтисодиётнинг бир соҳасида танҳо ҳукмронлик қилиш деганидир. Бундай бозорларда ягона сотувчи ўз товари билан фаолият кўрсатади, бошқа тармоқларда бундай товарнинг ўринбосари бўлмайди. Монополия ўз табиатига кўра ишлаб чиқаришда турғунлик пайдо қилади, чунки монопол мавқега таяниб, сарфларни камайтирмай фойда кўриши, рақобатнинг йўқлиги ёки заифлигидан фойдаланиб бозорга ўз измини ўтказиши мумкин. Маълумки, мотор ихтиро қилинишидан олдин кемалар елканларига урилган шамол воситасида ҳаракатланган. Муқояса қилсак, соғлом рақобат худди ўша шамол кабики, унинг таъсирида кўзланган манзилга тезроқ етиб борилади. Шунинг учун ҳам давлат соғлом рақобатни ривожлантириш ва монополияни бартараф этиш устида изланиши керак.

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини  ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бугунги кунда мазкур қўмита фаолият олиб бормоқда.

Монополияга қарши курашиш, соғлом рақобат ва ишбилармонлар олдидаги сунъий тўсиқларни бартараф этишнинг фойдаларидан бири шуки, тадбиркорларнинг ўз товарларини, яъни миллий маҳсулотларимизни четга экспорт қилиш имконияти ошади. Жаҳон бозорларида “Made in China”, “Made in India”, “Made in Russia” деган ёзувлар қаторида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” жумласини ҳам кўп-кўп учратиб турсак, ўйлайманки, ўзгача қувонч ҳис этамиз. Экспорт эса давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. 

                                                                         Самариддин Йўлдошов,

                                                                               ЎзЖОКУ талабаси.