Амир Темур феноменига оид манбалар ва тадқиқотлар унинг шахсига турли даврларда турлича баҳо берилганини кўрсатади. Шу боис, Соҳибқирон фаолиятини давлатчилик, адолат, ҳарбий санъат, дипломатия, маънавий мерос ва замонавий талқин нуқтаи назаридан, манбалар қиёси асосида таҳлил қилиш муҳим вазифалардан биридир.

Амир Темур давлатчилигининг институционал негизи

Амир Темур барпо этган салтанатнинг барқарорлиги тасодифий кучга эмас, балки муайян институционал асосларга таянган эди. У ҳокимиятни тартибга солинган сиёсий ирода, марказлашган бошқарув, хизмат ва садоқат тамойиллари асосида ишлайдиган мукаммал давлат механизмига айлантирди. Бу давлат тизимида марказий ҳокимият устувор бўлса-да, унинг амалий фаолияти сарой, девон, ҳарбий қўмондонлик, ҳудудий бошқарув ва молиявий назорат институтлари орқали самарали юритилди.

“Темур тузуклари”да давлат ишларини юритишда вазирлар, қўшин бошлиқлари, амирлар ва турли тоифа хизматчиларнинг вазифалари аниқ ажратиб кўрсатилгани бежиз эмас. Мазкур манбада давлат хизматига қўйиладиган талаблар — ақл-заковат, тадбиркорлик, садоқат, ҳушёрлик ҳамда эл-юрт манфаатини англаш каби сифатлар алоҳида тилга олинади. Шунинг ўзиёқ Амир Темур давлатни шахсий садоқат ва яқинлик билан эмас, балки хизматга лойиқлик ҳамда масъулият тамойиллари асосида мустаҳкамлашга интилганини кўрсатади.

Амир Темурнинг бошқарув тизимида марказ ва ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар ҳам пухта ўйланган эди. Салтанат ҳудуди ғоят улкан бўлгани сабабли барча ерларни бир хил усулда идора этишнинг амалда иложи йўқ бўлган. Шу сабабли марказий ҳокимият учун стратегик аҳамиятга эга ҳудудларда бевосита назорат кучайтирилган бўлса, марказдан олис айрим ерларда тобелик, вафодорлик, солиқ мажбурияти ва ҳарбий хизмат орқали сиёсий боғлиқлик таъминланган. Бундай ёндашув Амир Темур давлатчилигининг реал сиёсий табиатига тўла мос тушарди: у идеал эмас, балки амалий бошқарув моделини қурди. Бу ҳолат унинг салтанатини қисқа муддатли ҳарбий иттифоқлардан фарқлаб, уни ҳақиқий давлатчилик анъанаси даражасига кўтаради.

Солиқ, молия ва иқтисодий назорат масалалари ҳам давлат тузумининг муҳим қисми бўлган. Фақатгина савдо йўллари, бозорлар, ҳунармандлик марказлари ва шаҳарлар хавфсизлигини таъминлашнинг ўзи етарли эмас эди, давлатга, шунингдек, барқарор молиявий таянч ҳам керак бўлган. Манбаларда Амир Темур даврида таъмагирлик, нарх-навони асоссиз ошириш ва жамият ҳисобидан бойишга интилиш қаттиқ жазолангани қайд этилади. Демак, давлат тартиби фақат ҳарбий куч билан эмас, балки иқтисодий адолат ва кучли маъмурий назорат орқали ҳам таъминланган.

Амир Темур кадрлар сиёсатида ҳам шахсий садоқат билан касбий салоҳиятни бирдек қадрлаган. “Темур тузуклари”да вазирлар, саркардалар ва давлат хизматчиларига нисбатан қўйилган талаблар бунинг ёрқин далилидир. Бугунги тил билан айтганда, давлатнинг барқарорлиги фақатгина раҳбар шахсига эмас, унинг атрофидаги бошқарув элитасининг савиясига ҳам боғлиқ экани ўша даврдаёқ чуқур англанган. Шу маънода, Амир Темур давлатчилигининг институционал асослари ҳақида сўз юритганда, унинг кадр танлаш, масъулият юклаш ва тартиб сақлаш маданиятини алоҳида таъкидлаш зарур. Буюк Соҳибқирон ҳатто оила қуриш, фарзандларни уйлантириш ва келин танлаш масалаларига ҳам худди давлат юмушларидек жиддий эътибор қаратган.

Бу давлатчилик моделида иқтисодий тартиб-қоидалар алоҳида аҳамият касб этган. Шаҳар ва қишлоқ бозорларининг жонланиши, халқаро савдо хавфсизлиги, ҳунармандликнинг ривожланиши ҳамда нарх-наво устидан ўрнатилган назорат марказлашган бошқарувнинг бевосита натижаси сифатида намоён бўлди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Амир Темур салтанати фақат ҳарбий-сиёсий эмас, иқтисодий ва бунёдкорликка асосланган давлатчилик модели ҳам эди.

Қурултой, кенгаш ва машварат: қарор қабул қилиш таомили

Амир Темур давлатчилигининг мустаҳкамлиги фақатгина марказлашган сиёсий ирода билан эмас, балки қарор қабул қилишнинг муайян сиёсий маданияти шакллангани билан ҳам изоҳланади. Бу маданиятнинг ўзагини қурултой, кенгаш ва машваратлар ташкил этган. “Темур тузуклари”да маслаҳат, кенгаш, тадбиркорлик ва ҳушёрлик орқали муваффақиятга эришиш мумкинлиги таъкидланиши бежиз эмас.

Қурултой давлат ҳаётидаги энг муҳим масалалар муҳокама қилинадиган олий сиёсий майдон вазифасини ўтаган. Унда ҳарбий бошлиқлар, маъмурлар, уламолар ва ҳудудий вакиллар иштирок этган бўлиб, қабул қилинган қарорлар фармон шаклига келтирилган ва мамлакатнинг турли нуқталарига етказилган.

Кенгаш давлат бошқарувида доимий аҳамиятга эга бўлган. Амир Темур турли фикрларни тинглаб, уларнинг яхши ва ёмон томонларини чуқур ўйлаб кўрган ҳолда энг тўғри йўлни танлар эди. Демак, машварат сўзсиз қабул қилинадиган жамоавий ҳукм эмас, балки ҳукмдорнинг иродасини пухталаштирувчи ақлий саралаш жараёни бўлган.

“Куч — адолатда” тамойили ва фозил жамият ғояси

Амир Темур давлатчилик тафаккурининг энг муҳим ўзакларидан бири адолат ғоясидир. Шу ўринда адолат мавҳум ахлоқий шиор эмас, балки давлатни сақлаб турувчи амалий меъёр сифатида намоён бўлади. Бозорлардаги савдо суиистеъмолликларига йўл қўймаслик, нарх-наво устидан назорат ўрнатиш, заифларни ҳимоя қилиш ва умумий тартибни таъминлаш каби ёндашувлар ҳам айнан шундан далолат беради.

“Куч — адолатда” тамойили кучнинг асл манбаи зўравонлик эмас, қонунийлик, тартиб ва ҳаққоний бошқарув эканини ҳам англатади. Амир Темур давлатнинг қудратини халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, бошбошдоқликни жиловлаш ва жамиятда мувозанат ўрнатишда деб тушунган. Шу маънода, адолатсиз куч емирувчи омилга, адолат билан бошқариладиган куч эса бунёдкор қудратга айланади.

Фозил жамият ғояси ҳам айнан шу мантиқнинг узвий давомидир. Бу қандайдир утопик жамият эмас, балки тартиб, меҳнат, савдо хавфсизлиги, ижтимоий масъулият ва ахлоқий меъёрларга таянган реал давлат ҳамда жамият тасаввуридир. Бундай муҳитда давлатнинг вазифаси фақат ҳукмронлик қилиш бўлмай, тинч иқтисодий муомала, ҳунармандлик, фаровон шаҳар ҳаёти ва ижтимоий мувозанат учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришдан иборатдир.

Ушбу тарихий ғоялар бугунги янги Ўзбекистоннинг конституциявий модели билан мазмунан ҳамоҳангдир. Конституциямизда Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида барқарор тараққиёт, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя ва самарали давлат бошқаруви устувор вазифалар сифатида белгиланган. Шу маънода, Амир Темур давридаги адолат ва фозил жамият ғояси бугунги кунда ҳуқуқий ва ижтимоий давлат тамойилларида янгича мазмун билан давом этмоқда.

Дипломатия ва Буюк ипак йўлининг қайта тикланиши

XIV аср охири ҳамда XV аср бошларида Самарқанд нафақат пойтахт, балки қитъалараро мулоқот, карвонлар қатнови, элчиларнинг келиб-кетиши ва маданий алмашинувларнинг улкан марказига айланди. Бу ҳолат Амир Темур давлатининг ташқи дунёга ёпиқ эмаслигини, аксинча, мулоқот учун очиқ ва стратегик жиҳатдан тўғри йўналтирилган сиёсий макон бўлганини кўрсатади.

Амир Темур даврида савдо йўллари хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг марказий масалаларидан бирига айланган эди. Ички тартибни сақлаш, карвон йўлларини муҳофаза қилиш, бозорлар устидан назорат ўрнатиш ва шаҳарларнинг барқарорлиги савдо ривожининг асосий шартлари бўлиб хизмат қилди. Хитой, Ҳиндистон, Хуросон, Эрон, Миср, Рум ва Европа давлатлари билан товар алмашинуви кучайгани, Самарқанд бозорларига турли мамлакатлардан маҳсулотлар келтирилгани ҳақидаги тарихий маълумотлар Амир Темур салтанатининг улкан геоиқтисодий қудратидан далолат беради.

Дипломатия ҳам ушбу тизимнинг ажралмас қисми ҳисобланган. Амир Темур саройига Миср, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларининг ташриф буюриши, Испанияга элчилар юборилиши ва Клавихо сафарининг амалга оширилиши унинг ташқи сиёсати нақадар кенг қамровли бўлганини кўрсатади. Бу муносабатлар шунчаки дипломатик протокол бўлиб қолмай, балки савдони ривожлантириш, сиёсий жиҳатдан тан олиниш ва стратегик мулоқот воситаси вазифасини ҳам бажарган.

Соҳибқирон турли давлатлар билан муносабатларда нафақат қўшин кучига таянган, балки мактуб алмашиш, элчилар юбориш, қабул маросимлари ва сиёсий рамзлар орқали ҳам ўз таъсирини ўтказа олган. Клавихо элчилиги, Миср ва Туркия томонидан юборилган элчилар, шунингдек, Хитой ва Ҳиндистон билан ўрнатилган алоқалар ҳақидаги маълумотлар Самарқанднинг чинакам халқаро сиёсий мулоқот марказига айланганини тасдиқлайди. Бу ҳолат Амир Темур даврида дипломатия ва савдо бир бутун сиёсий-иқтисодий тизим сифатида муваффақиятли ишлаганини яққол кўрсатиб турибди.

Буюк ипак йўли Амир Темур даврида шунчаки тарихий йўналиш бўлиб қолмай, давлатчиликнинг асосий геоиқтисодий устунига ҳам айланган эди. Карвонлар қатнови, бозорлар фаолияти, ҳунармандлик маҳсулотлари кенг тарқалиши ва шаҳарлар йирик транзит марказларига айланиши салтанатга фақатгина иқтисодий фойда келтириб қолмасдан, улкан сиёсий нуфуз ҳам бағишлаган. Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз каби йирик марказлар айнан шундай қулай шароитда иқтисодий ва маданий юксалиш чўққисига чиқди. Шу боис, Амир Темур сиёсатида йўллар ва шаҳарлар устидан назорат ўрнатиш худди ҳарбий ғалаба қозониш каби ўта муҳим аҳамият касб этган.

Ибрат мактаб

Янги Ўзбекистонда Амир Темур мероси фақатгина тарихий хотира объекти сифатида эмас, давлатчилик, маънавият, ёшлар тарбияси ва миллий тараққиёт ғоялари билан узвий боғлиқ бўлган тирик маънавий-сиёсий ресурс сифатида ҳам англанмоқда. Президентимиз қарорида Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш, ҳар йили апрелни “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиш, шунингдек, барча таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, маҳаллалар ва ташкилотларда кенг қамровли маърифий тадбирлар ўтказиш белгилангани ҳам айнан шундан далолат беради.

Бу жараён шунчаки рамзий улуғлашдан иборат эмас. Мазкур қарорда халқаро илмий анжуманлар ўтказиш, нодир қўлёзма ва тарихий манбаларни нашрга тайёрлаш, янги китоблар чоп этиш, таржималар қилиш, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш ҳамда турли кўргазмалар ташкил этиш каби муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилган. Демак, бугунги кунда Амир Темур меросига шунчаки ҳиссий хотира объекти деб эмас, кенг илмий муомалага киритилиши лозим бўлган улкан тарихий мерос сифатида ҳам қаралмоқда.

Соҳибқирон меросининг энг долзарб қирраларидан бири, шубҳасиз, ёшлар тарбияси билан боғлиқ. Улуғ бобокалонимизга хос қатъият, адолатпарварлик, илм-фанга ҳурмат, юксак интизом ва масъулият каби эзгу фазилатлар бугунги ёш авлод учун ҳақиқий ибрат мактаби сифатида талқин қилинмоқда. Шу маънода, Амир Темур образи бугун фақатгина ўтмиш қаҳрамони бўлиб қолмай, миллий ўзлигимиз, ватанпарварлик туйғуси ва давлатчилик маданиятимизни янада мустаҳкамловчи буюк маънавий рамзга айланган.

Бугунги кунда Амир Темур образи ватанпарварлик, юксак интизом, адолат, тарихий ғурур ва давлатчилик маданияти ғоялари билан чамбарчас боғланган ҳолда талқин қилинмоқда. Бироқ бу ишни фақатгина қуруқ тарғибот даражасида қолдирмаслик зарур, тарихий мерос қанчалик кўп манбалар, теран қиёсий таҳлиллар ва жиддий илмий изланишлар асосида ўрганилса, у шунчалик мазмунли ва самарали ўзлаштирилади. Шунинг учун Амир Темур меросини англаш жараёни асосан икки йўналишда кечмоқда дейиш мумкин: биринчиси — маънавий-рамзий, иккинчиси — илмий-манбашунослик. Бу икки йўналиш асло бир-биридан ажралиб қолмаслиги керак. Негаки, илмий асосдан узилган қуруқ улуғлаш тезда баландпарвоз шиорга айланиб қолади, миллий хотирадан узилган соф илмий тадқиқот эса кенг жамият онгига етиб бормайди. Демак, энг тўғри ва оқилона йўл ушбу икки йўналишни мувофиқ ҳолда бирлаштиришдир.

Амир Темур меросининг тарихий аҳамияти фақатгина унинг шахси билан чекланиб қолмайди. У кейинги темурийлар Ренессанси учун зарур бўлган мустаҳкам сиёсий ва маданий пойдеворни яратиб берди, Шоҳрух Мирзо ва Мирзо Улуғбек даврида эса бу мерос илм-фан, маданият ва маърифат нури билан янада бойиди. Бугун мазкур бой мерос ҳуқуқий ва ижтимоий давлат тамойиллари, Учинчи Ренессанс пойдевори ва “Ўзбекистон — 2030” тараққиёт стратегияси билан ўзига хос маънавий-ғоявий мулоқотга киришган ҳолда бутунлай янгича мазмун касб этмоқда.

Шунинг учун Амир Темурни англаш фақатгина ўтмишни улуғлаш эмас, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, адолат ва қудрат мувозанати, тарихий ворисийлик, маънавий юксалиш ҳамда келажак стратегияси ҳақида чуқур ўйлаб кўриш ҳам демакдир. Агар тарихий хотира тўғри ўқилса ва англанса, у миллатни фақат олдинга етаклайди.

Наим ОБЛОМУРОДОВ,

тарих фанлари доктори,

профессор