Одатда, инвестиция жозибадорлигини оширишда солиқ имтиёзлари фаол иштирок этадиган воситадир, уни жорий қилишнинг ҳам ўз аҳамияти бор.

Сoлиқ имтиёзи тадбиркорлик субъeктлaрининг ўз ишлaб чиқaриш бaзaсини ривoжлaнтиришдa, янги тexнoлoгиялaрни жoрий этишдa, дaрoмaдлaрни инвeстициялaшни рaғбaтлaнтиришда сaмaрaли вoситa бўлиб, бундай ҳаракат кeлгусидa бюджeтдa сoлиқ бaзaси вa дaрoмaд сoлиғи тушумлaрининг oшишигa oлиб кeлaди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясининг «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш» деб номланган учинчи йўналишида солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш қайд этилган ва солиқ имтиёзларини қўллаш чора-тадбирлари бунда алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.

Мазкур чора-тадбирларнинг ижроси ўлароқ, тадбиркорликнинг кўплаб соҳаларида солиқ имтиёзларини белгиланиши каби ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бунга кўплаб амалий мисоллар айтиб ўтилиши мумкин.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.01.2022 йилдаги ПҚ-104-сон Қарорига асосан 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари,  автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ва кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатиш фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 %ни ташкил этса, ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2939-сон Қарорига асосан юридик шахслар 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда личинка, балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштиришдан, балиқчилик маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадлар бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилди.

2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилди, балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланди.

Ипакчилик ва қоракўлчилик соҳасидаги солиқ имтиёзлари қаторида ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилди.

Мамлакатимиз ҳудудларидаги тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш учун тегишли ҳудуд имкониятлари инобатга олинган ҳолда тадбиркорларга махсус солиқ имтиёзларини қўллаш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилиб келинмоқда.

Биргина мисол сифатида, Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу ҳудудларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50% камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаш тартиби йўлга қўйилганлигини, шунингдек, вилоятнинг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига юридик шахслардан олинадиган ер, мол-мулк, айланмадан олинадиган солиқ ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг катъий белгиланган суммасини тўлашдан озод  қилинганлигини таъкидлаш мумкин.

Қонунчилигимизда тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий мақсадларини рағбатлантириш ва аҳолимизнинг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламлари тадбиркорлигини қўллаб қувватлаш алоҳида эътиборга олинган.

Жумладан, Солиқ кодексида ногиронлиги бўлган шахслар ва улар томонидан таъсис этилган юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари белгиланди.

Хусусан, Солиқ кодекси 243-моддасига асосан ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилади.

Солиқ кодексининг 337-моддасига асосан ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган ва умумий ходимлар сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50 фоизни ташкил этадиган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармаси меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган солиқ тўловчилар фойда солиғи тўлашдан озод этилади.

Солиқ кодексининг 380-моддасига асосан болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича қисман (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) солиқ солишдан озод этилади.

Солиқ кодексининг 414-моддасига асосан ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган ва ходимларининг умумий сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50 фоизни ташкил этадиган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар мол-мулк солиғи тўлашдан озод этилади.

Солиқ кодексининг 467-моддасига асосан ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, «Нуроний» жамғармаси ва «Ўзбекистон Чернобилчилари» ассоциацияси бўлган ва умумий сонида ногиронлар, уруш ва 1941-1945 йиллар меҳнат фронти ветеранлари 50 фоиздан кам бўлмаган ва ногиронлар, уруш ва 1941-1945 йиллар меҳнат фронти ветеранларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган солиқ тўловчилар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси «0» фоиз этиб белгиланган.

Шу билан бирга, ногиронларни ишга ёллаган тадбиркорлар солиқ юкини камайтириш мақсадида  иш берувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилиши жорий этилди.

Юқоридагилар асосида шуни хулоса қилишимиз керакки, солиқ имтиёзларининг солиқ юки кўрсаткичларига таъсир этиши жиҳатдан аҳамияти каттадир. Бугунги кунда кичик бизнес субъектлари ҳамда тармоқ иқтисодиётини ривожлантиришда, солиқ юки кўрсаткичларини енгиллаштириш жиҳатдан ҳам солиқ имтиёзларининг қўлланилиши фақат ижобий аҳамият касб этиш баробарида, давлат бюджетига солиқ тушумлари миқдорини оширишни таъминлайди.

Солиқ имтиёзларини қўллаш натижалари, нафақат ташқи инвесторлар, балки хўжалик юритувчи субъектнинг ўзини кўпроқ фойда олиш мақсадида берилган имтиёзларни ўз ишлаб чиқаришига инвестиция киритишга рағбатлантирувчи аҳамиятга эгадир.

Тўғри ташкил этилган солиқ имтиёзларидан ишлаб чиқаришни техник, технологик жиҳатдан янгилаш учун сарф этиши, маҳсулот таннархига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиб, бозорда рақобатбардош маҳсулотларни чиқариш имконини беради ҳамда экспортни қўллаб-қувватловчи восита ҳисобланади.

Бекзод Мирзаев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

ҳимоя қилиш бўйича вакил девони масъул ходими