Ижтимоий тармоқда ушбу жараёнда иштирок этган кимё фани ўқитувчиси томонидан тест саволларида масалалар кўплиги ва бу жараёнда калькулятордан фойдаланишга рухсат бериш ёки назарий саволларни кўпайтириш таклифи билдирилган.
Мазкур масала юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Педагог кадрлар учун малака (тест) синов жараёнлари соҳа бўйича юқори тажрибага эга бўлган методистлар ва экспертлар билан келишилган ҳолда ташкил этилади. Бунда тест топшириқларининг формати (фан мазмуни таркиби, назарий ва амалий саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёрлари) ҳамда баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган бўлиб, назорат материаллари тестология билан бевосита алоқадор экспертлар иштирокида яратилади ҳамда апробациядан ўтказилади.
Бевосита рақамларга тўхталсак, 2018 йилда кимё фанидан малака тоифага даъвогар жами педагогларнинг 19,7 фоизи ўз тоифаларини оширган. Бунда талабгорлар ўртача 45,4 балл тўплаган. Бу кўрсаткич 2019 йилда 30,4 фоизни, ўртача тўпланган баллар эса 52 баллни ташкил этган. Ўтган йилги жараёнларда, ижобий натижани қайд этган 44 фоиз ўқитувчи ўртача 57 балл тўплашга муваффақ бўлган.
Юқоридаги кўрсаткичлардан кўриниб турибдики кимё фанидан сўнгги йилларда тушаётган саволлар ўз устида тинимсиз ишлаётган педагогларга ўз мақсадларига эришишлари учун тўсқинлик қилмайди.
Шунингдек, сўнгги йилларда кўплаб педагогларнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда синов жараёнларида Менделеев даврий жадвалидан фойдаланишга ҳам имкониятлар яратилган.
Ўз навбатида жорий йилда ҳам кимё фани бўйича малака (тест) синовларидаги масалалар ва назарий саволлар сони мутаносиблиги таъминланишини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, педагог кадрлар аттестацияси ўқитувчилар орасидан муносибларини саралаб олиш ва уларнинг касбий салоҳияти, педагогик маҳорати ҳамда амалий кўникмаcига қараб моддий рағбатлантириш, ўзаро соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.