Мурожаатда айтилишича, фуқаро “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан зотдор қуён сотиб олиш учун 27 миллион сўм кредит олган. Сўнг у 2021 йил 16 апрель куни зотдор қуён сотиб олиш учун “Ҳалол Гўшт Экспорт» МЧЖ билан шартнома имзолаган. Лекин шу кунга қадар таъминотчи корхона томонидан зотдор қуён етказиб берилмаган.
Ушбу мурожаат ўрганилиб, "Ҳалол Гўшт Экспорт" МЧЖ раҳбариятига хабарнома юборилган. Бироқ корхона раҳбариятидан ҳеч қандай жавоб олинмагани сабабли мурожаат Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига фуқаро манфатини кўзлаб даъво аризаси киритилди.
Ушбу мурожаат ФИБ Янгиқўрғон туманлараро суди томонидан 2022 йил 20 апрель куни кўриб чиқилиб, фуқаро С.Р фойдасига жавобгар "Ҳалол Гўшт Экспорт" МЧЖ раҳбарияти келтирган зарарни — 27 000 000 сўмни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.