Бухоро вилояти ИИБнинг маълум қилишича, 2025 йил 28 декабрь куни номаълум шахс Telegram’да вилоятдаги ташкилот раҳбарларидан бирининг номи ва фотосуратларидан фойдаланган ҳолда сохта аккаунт очган.
Ишонч уйғотиш мақсадида ўзини мансабдор шахс сифатида таништирган ва бир қатор корхона ҳамда муассаса раҳбарларига “хизмат топшириғи” мазмунидаги хабарлар юборган.
Шундан сўнг, турли баҳоналар билан масалани тез ҳал қилиш зарурлигини айтиб, пул маблағларини банк пластик карта орқали ўтказишни сўраган. Бунга лаққа ишонган ташкилот раҳбарларидан бири фирибгарнинг картасига 8 миллион сўм пул ўтказиб берган.
Ички ишлар органлари мазкур жиноятни содир этган шахс аниқланган. У 1982 йилда Олот туманида туғилган, муқаддам бир неча бор судланган, ҳозирда ишсиз бўлган ва Когон туманида яшовчи фуқаро экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.