— Ушбу китобнинг чоп этилдиши Виндхук декларациясининг 30 йиллигига ўзига хос туҳфа бўлди, — деди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов. — «Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси» туркуми доирасида нашр этилган ушбу тўпламда бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 48 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидалари жамланган. 

Тўпламнинг биринчи бобида Бирлашган миллатлар ташкилоти, ЮНЕСКО ва Халқаро қизил хоч қўмитасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларидаги сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир нормалардан намуналар келтирилган. Учта муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларация, Халқаро раддия ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция ҳамда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисида Виндхук декларацияси тўлиқ ҳолда ва илк бор ўзбек тилида чоп этилган.

Тўпламнинг иккинчи бобида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа кенгаши, Америка давлатлари ташкилоти, Африка давлатлари ташкилоти ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги минтақавий ҳужжатларининг сўз, фикр ва ахборот эркинлиги билан боғлиқ нормалари тақдим этилган. 

Тўпламнинг учинчи бобида ноҳукумат йўналишдаги халқаро анжуманлар ва нодавлат ташкилотлар қабул қилган сўз, фикр ва ахборот эркинлигига тааллуқли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар жамланган. Хусусан, Йоханнесбург принциплари, София Декларацияси, Таллуар Декларацияси каби халқаро ҳужжатлар матни биринчи марта ўзбек китобхонига давлат тилида тақдим этилгани аҳамиятлидир.

Тадбирда таниқли олим ва адиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад, Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти Акбар Нурматов ва бошқалар китобнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталдилар. «Cўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар» китоби соҳа мутахассислари, китобхонлар ҳамда ёшлар учун қимматли қўлланма бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.