Бугунги глобаллашув шароитида жамият маънавий муҳитини асраш ва мустаҳкамлаш, инсон қалби ва онгига эзгу ғояларни сингдиришда бадиий сўз, айниқса, шеъриятнинг ўрни беқиёс. Ана шундай юксак мақсадларга хизмат қилаётган муҳим маданий ташаббуслардан бири — Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан амалга оширилаётган “Сўз” лойиҳасидир.

“Сўз” лойиҳаси — шеърият ихлосмандларини бир майдонга жам этувчи, қалбдан чиққан сатрлар орқали инсонни ўйга толдирувчи, эзгуликка чорловчи муҳим маънавий майдондир. Шу вақтга қадар лойиҳа доирасида 60 дан ортиқ шеърлар тасвирга олинди. Эътиборлиси, ушбу шеърий ижролар қисқа фурсат ичида миллионлаб қалбларга етиб борди. Бугунга қадар лойиҳа материалларининг умумий кўришлар қамрови 1 миллион 200 мингдан ошди.

Ўтган йил ноябрь ойида ўтказилган тақдимот маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Жорий йил 13 февраль, жума куни эса Ренессанс кино уйида буюк мутафаккирлар — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунлари муносабати билан “Сўз” лойиҳасининг навбатдаги шеърий-концерт дастури бўлиб ўтди.

Ушбу адабий кеча барчамизни Сўз орқали бирлаштирган икки буюк шахс хотирасига эҳтиром руҳида ташкил этилди. Улар яратган бебаҳо мерос, тараннум этган юксак ғоялар бугун ҳам ўзбек адабиёти ва маънавий ҳаётида яшаб келмоқда. Қувонарлиси, бу улуғ анъаналарни замонавий ёш ижодкорлар муносиб давом эттирмоқда.

Шеърий-концерт давомида Нодира Афоқова, Мансур Жумаев, Зебо Мирзо, Наргиза Одинаева, Нурмуҳаммад Зоир, Муҳаммад Сиддиқ, Тилланисо, Дадахон Муҳаммадий, Шодмонқул Салом каби ижодкорларнинг шеърлари янграб, томошабинларга юксак эстетик завқ ва маънавий озуқа улашилди.