Фуқаро М. Баймуратов Сирдарё вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 2 мартдаги 20-сонли буйруғига асосан 2021 йилнинг 15-18 март кунлари Тошкент вилоятига ўқув йиғин машғулотида иштирок этиш учун 13 нафар спортчи билан спорт ҳамда оммавий-жисмоний тарбия тадбирлари бўйича хизмат сафарига юборилган.
Бироқ М. Баймуратов ва спортчиларга 11 760 000 сўм миқдоридаги хизмат сафари харажатлари тўлаб берилмаган.
Ҳолатдан норози бўлган М. Баймуратов хизмат сафари харажатларини тўлаб беришда ёрдам сўраб адлия бошқармасига мурожаат қилди.
Аниқланишича, Спортни ривожлантириш бошқармаси (муқаддам Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси) томонидан маблағ йўқлиги важи билан Баймуратов ва 13 нафар спортчига хизмат сафари харажатлари тўланмаган.
Ваҳоланки, Меҳнат Кодексининг 171-моддасида хизмат сафарида ва кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда йўл кира, доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ, ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар тўланиши лозимлиги белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 27 апрелдаги 121-сон билан тасдиқланган «Спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларини ўтказиш ҳамда улар иштирокчиларининг моддий таъминоти нормаларини белгилаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 15-бандида спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни, спорт терма жамоаларини тайёрлаш ва уларнинг спорт мусобақаларида қатнашишини, уларнинг моддий ва мулкий таъминотини, шунингдек жисмоний тарбия ва спортнинг илмий-методик жиҳатдан таъминлашни, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларининг малакасини оширишни молиялаштириш ваколатли органлар ҳамда спорт ташкилотлари томонидан бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, адлия бошқармаси томонидан Спортни ривожлантириш бошқармасига қонун ҳужатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Натижада, Фуқаро М. Баймуратов ва 13 нафар спортчиларга жами 11 760 000 (ўн бир миллион етти юз олтмиш минг ) сўм миқдоридаги хизмат сафари харажатлари ундириб берилди.