Хусусан, Фарғонада бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси доирасида вилоятда аорта-коронар шунтлаш жарроҳлик амалиётларининг иккинчи босқичи бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг дил сўзларини ёзиб олди.

Ҳосилжон Тиллабоев — Қува туманининг Гулистон маҳалласидан. 62 ёшли бемор 2021 йил декабрь ойида инфарктни бошдан ўтказган. Шундан сўнг унда юракни стентлаш операцияси бажарилди. Бироқ бу билан касаллик хавфи чекингани йўқ. Беморни юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилавергач, қайта тиббий текширувлардан ўтди.

Якунда шифокорлар унда аорта-коронар шунтлаш операциясини бажариш лозим, деган хулосага келишди. Бунинг учун Фарғонага Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан етакчи кардиохирург мутахассислар жалб этилди.

— Очиғи, шифокорлар юрагимда мураккаб операция ўтказилишини айтганида, бошим қотиб қолди, — дейди Ҳ.Тиллабоев. — Чунки оилавий шароитимиз жарроҳлик амалиётини ўтказишга имкон бермасди.

Шифохонадан қўнғироқ қилиб, “давлат ҳисобидан бепул операция қилинасиз”, дейишганида қувончим ичимга сиғмади. Қолаверса, биз учун пойтахтдан энг малакали шифокорлар келибди. Оғир дарддан бутунлай халос бўлганимдан, давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан хурсандман.

Шунингдек, Фарғонада бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси доирасида қувасойлик Абдукарим Маматбековнинг юрагида ҳам аорта-коронар шунтлаш операцияси муваффақиятли бажарилди.

— Охирги пайтларда юрак соҳамда қаттиқ санчиқлар пайдо бўлиб, қон босимим тез-тез кўтариладиган бўлиб қолганди, — дейди бемор. — Шу боис бу йил март ойида Қувасой шошилинч тиббий ёрдам бўлимида муолажа олдим. Бироқ сўнгги ЭКГ текширувидан кейин шифокорлар касаллигимни бутунлай даволаш учун операция ўтказиш лозимлигини айтишди.

Бу орада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан биз каби эҳтиёжманд беморларда бепул операциялар амалга оширилаётганидан хабар топдик. Шукр, давлатимизнинг эътибори, қўли енгил шифокорларнинг кўмаги билан оғир дарддан халос бўлдим. Насиб бўлса, тез кунда яна яқинларим бағрига қайтаман.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Фарғонада аорта-коронар шунтлаш операцияларининг илк босқичи жорий йил март ойида бўлиб ўтган эди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.