Хусусан, куни кеча Фарғона шаҳри марказидаги “Тўқимачилар” маданият ва истироҳат боғида сайёр тиббий қабул ташкил этилди. Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлган очиқ мулоқотида белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар, жами 200 нафардан иборат махсус гуруҳ аҳолини қабул қилди.
Сайёр қабулда беморлар тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ фуқароларга эса шу ернинг ўзида ордер расмийлаштирилди. Шунингдек, тадбир доирасида вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ўтказилган ана шундай операциялар туфайли яна соғлом ҳаётга қайтган бир неча беморлар билан суҳбатлашди.
Ўзбекистон туманининг Беруний маҳалласида яшовчи 36 ёшли Гулбаҳор Саидаҳмедова уч йилдирки, оғир дарднинг азобини тортади. Ўтган бу вақт у учун ҳаётидаги энг оғир дамлар бўлди. Аввалига бемор ҳаммаси яхши бўлиб кетар, деган умид билан яшаб юрди. Бироқ охир-оқибат касаллик уни тўшакка михлади. Сўнгги текширувлардан сўнг эса унга оғир хасталик — икки томонлама коксартроз ташхиси қўйилди. Бу орада Г.Саидаҳмедова вилоятдаги бир неча тиббиёт муассасасида муолажалар олиб юрди, аммо кутилган натижа бўлмади. Шифокорлар беморда мураккаб эндопротезлаш операцияси ўтказиш лозимлиги, бу амалиёт эса жуда қимматлигини айтганида, яқинларнинг иложсизликдан боши қотди. Фарғона вилоятида бошланган соғломлаштириш акцияси эса Гулбаҳорнинг қалбида соғайишга умид уйғотди.
— Инсон дардга чалиниб, тўшакда ётиб қолганида яқинларидан янада кўпроқ меҳр кутаркан, — дейди бемор. — Аммо кези келганда ҳамма қадрдонларинг ҳам сенга суянч бўла олмас экан. Давлатимиз эса ана шундай оғир дамда ёлғизлатиб қўймади. Қўлим “калта” бўлиб, кимдан нажот кутишни билмай қолган пайтимда дарддан соғайишимга, ўз оёқларим билан яна эмин-эркин юра олишимга ёрдам берди.
Қувонарлиси, вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси туфайли пойтахтга боришимга ҳожат қолмади. Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари саъй-ҳаракатлари билан узоқ йиллик дарддан шу ернинг ўзида халос бўлдим. Насиб этса, энди Тошкентга даволангани эмас, саёҳат учун бораман.
32 ёшли Ўғилой Аҳмадалиева — Қува туманининг Аҳиллик маҳалласидан. Унинг оёғида ҳам бир неча ой аввал қаттиқ оғриқлар бошланган. Шу кунгача қилинган муолажалар эса кутилган натижани бермаган. Сўнгги ўтказилган томография текширувида ушбу беморга ҳам коксартроз ташхиси қўйилди.
— Тананг дарддан азоб чекиб турса, ҳеч қандай хурсандчилик татимаскан, — дейди Ў.Аҳмадалиева. — Айниқса, ўз оёқларинг билан юра олмасанг, бундан ёмони йўқ экан. Очиғи, охирги пайтлар шу қадар тушкунликка тушиб қолдимки, “энди юра олмасам керак” деб ўйлагандим.
Вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси ҳаётимга қайта умид бағишлади. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда яна бемалол юра оларканман. Бемор одамнинг кўнглига ҳеч нима сиғмайди. Ўзидан ўтганини ўзи билади.
Фарғона тумани, Водил қишлоғи, Чимён маҳалласида яшовчи Абдуназар Тўраев ҳам йигирма беш йилдирки, юқори қон босимидан азият чекади. Йиллар давомида қилинган муолажалар эса самара бергани йўқ.
Аксинча, йилдан-йилга аҳволи янада оғирлашди. Касаллик зўрайиб, умумий ҳолатида салбий ўзгаришлар кузатила бошлади. Айниқса, охирги йиллар кучли бош оғриғи, ҳушдан кетиш, қўл-оёқларда ҳолсизлик, нутқ чалкашиши, кўриш қобилиятининг сустлашиши каби асоратлар беморни анча ҳолдан тойдирди.
Шу йил ўтказилган томография текширувларидан сўнг унда атеросклероз касаллиги аниқланиб, бош мия қон томирлари тўсилиб қолгани маълум бўлди.
— Дарднинг яхшиси бўлмайди, — дейди Абдуназар ака. — Инсон касал бўлганида ҳаётнинг қадрини, саломатликнинг ҳақиқий қимматини ҳис қиларкан. Қолаверса, хасталик аниқ бўлса-ю, даволанишга имконинг бўлмаса, бундан ёмони йўқ. Чунки чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билмайсан.
Мана шундай оғир пайтда вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси оиламиз жонига оро кирди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтарканман.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали кардиожарроҳи Ҳондамир Мамадалиевнинг айтишича, уйқу артериясини атероскелероздан тозалаш — анчагина мураккаб муолажа. Бунинг учун беморнинг бўйин қисми жарроҳлик йўли билан очилиб, бош мияга кетган артериал қон томирлари холестериндан тозаланади. Шуниси эътиборлики, бундай мураккаб операция Фарғонада илк бор ўтказилди.
Ана шундай оғир хасталикка чалинганлардан яна бири олтиариқлик Собиржон Раҳмонов бўлиб, 2021 йил январь ойида инсульт хасталигини бошдан кечирган. Шундан сўнг ўша йили май ойида унда кардиожарроҳлик операцияси ўтказилган. Бироқ бемор муолажадан кейин ҳам бутунлай соғайиб кетмади. Сўнгги тиббий текширувлардан кейин унинг уйқу артерияларини атероскелероздан тозалаш кераклиги маълум бўлди.
— Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин экан, — дейди бемор. — Буни эса ўз бошимдан ўтказиб билдим. Аммо дард қанчалик оғир бўлмасин, инсон тушкунликка тушмаслиги керак. Айниқса, оилавий шароити даволанишга имкон бермайдиган биз каби беморларга давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани соғайишимизга янада ишонч бағишламоқда. Операциям муваффақиятли ўтди. Бунинг учун шифокорлардан миннатдорман.
Ҳосилжон Тиллабоев — Қува туманининг Гулистон маҳалласидан. 62 ёшли бемор 2021 йил декабрь ойида инфарктни бошдан ўтказган.
Шундан сўнг унда юракни стентлаш операцияси бажарилди. Бироқ бу билан касаллик хавфи чекингани йўқ. Беморни юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилавергач, қайта тиббий текширувлардан ўтди.
Якунда шифокорлар унда аорта-коронар шунтлаш операциясини бажариш лозим, деган хулосага келишди. Бунинг учун Фарғонага Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан етакчи кардиохирург мутахассислар жалб этилди.
— Очиғи, шифокорлар юрагимда мураккаб операция ўтказилишини айтганида, бошим қотиб қолди, — дейди Ҳ.Тиллабоев. — Чунки оилавий шароитимиз жарроҳлик амалиётини ўтказишга имкон бермасди. Шифохонадан қўнғироқ қилиб, “давлат ҳисобидан бепул операция қилинасиз”, дейишганида қувончим ичимга сиғмади. Қолаверса, биз учун пойтахтдан энг малакали шифокорлар келибди. Оғир дарддан бутунлай халос бўлганимдан, давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан хурсандман. Шунингдек, Фарғонада бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси доирасида қувасойлик Абдукарим Маматбековнинг юрагида ҳам аорта-коронар шунтлаш операцияси муваффақиятли бажарилди.
— Охирги пайтларда юрак соҳамда қаттиқ санчиқлар пайдо бўлиб, қон босимим тез-тез кўтариладиган бўлиб қолганди, — дейди бемор. — Шу боис бу йил март ойида Қувасой шошилинч тиббий ёрдам бўлимида муолажа олдим. Бироқ сўнгги ЭКГ текширувидан кейин шифокорлар касаллигимни бутунлай даволаш учун операция ўтказиш лозимлигини айтишди.
Бу орада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан биз каби эҳтиёжманд беморларда бепул операциялар амалга оширилаётганидан хабар топдик. Шукр, давлатимизнинг эътибори, қўли енгил шифокорларнинг кўмаги билан оғир дарддан халос бўлдим. Насиб бўлса, тез кунда яна яқинларим бағрига қайтаман.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Фарғонада бошланган соғломлаштириш акцияси доирасида ўтган бир ҳафта давомида вилоят тиббиёт муассасаларида 100 дан зиёд мураккаб ва юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилди, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.