Аммо тан олиш лозим, мамлакатимизда яқин-яқингача оғир юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш мушкул вазифа эди. Ҳозирга келиб эса бундай мураккаб операциялар нафақат пойтахтимиз, балки вилоят марказларида маҳаллий шифокорларимиз томонидан муваффақиятли амалга оширилмоқда. Улар орасида эса хорижнинг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олган ва тажриба орттириб қайтган ўзбек мутахассислари талайгина.

Жиззахлик Сардор Тўрақулов ана шундай умидли ўзбек шифокорларидан. У Қрим Федерал университети қошидаги тиббиёт академиясини тамомлаган. Кейинчалик Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида клиник ординатура бўйича таҳсил олган. Ўқишни тамомлагач, ўтган йили Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида иш бошлади.

— Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги маркази кардиохирургия соҳасидаги дунёнинг энг йирик илмий муассасаларидан бири саналади, — дейди С. Тўрақулов. — Очиқ юракда ўтказиладиган операциялар сони бўйича ҳам Европада етакчи ўринни эгаллайди. Бу ерда кардиохирургиянинг энг чўққиси ҳисобланган аортанинг чиқиш жойи билан ишлаш бўйича катта тажриба тўпладим.

 Ўқишни тамомлагач, 45 нафар талаба орасида фақат менгагина ушбу марказда ишлаш таклифи берилди. Аммо Ватанимга қайтиш, олган билимларимни халқимиз саломатлиги йўлида сарфлашга қарор қилдим. Бошида бироз иккиланиш ва ҳадик бор эди. Бироқ кейинчалик бу энг тўғри қарор бўлганини тушуним етдим.

С. Тўрақулов Ўзбекистонга қайтгач, ўтган йилнинг июнь ойида бери 100дан зиёд мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларида иштирок этди.

— Россияда ўқиб юрган кезларим мамлакатимиздан борган жуда кўп беморлар билан суҳбатлашганман, — дейди С. Тўрақулов. — Ўшанда “бундай имкониятни мамлакатимизда ҳам яратса бўлади-ку” деган хаёл кўп ўтган. Шу сабабли кардиохирургияни у ерда мукаммал ўрганиб, Ўзбекистонда ривожлантиришни мақсад қилганман.

Жиззахдаги фаолиятим давомида ушбу орзуларим аста-секин ушалмоқда. Энг асосийси, энди юртдошларимизнинг кардиология бўйича чет элга бориб даволанишларига ҳожат йўқ. Сабаби мамлакатимизда бунинг учун шароит ва имкониятлар етарли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Матбуот хизмати.