Бугунги кунда миллий сифат инфратузилмасини халқаро меъёрларга мослаштириш чора-тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам шу.
Халқаро стандарт – халқаро бозорга йўл, дегани. Келажакни ўйлаган ишбилармон айнан шундай йўл тутишни афзал билади. Бугун юртимизда мазкур масалага жиддий эътибор қаратилган ва бунинг учун тегишли шарт-шароит яратиб бериляпти. Жумладан, Президентимиз ўтган йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида бунга алоҳида тўхталиб, “...Ўрта корхоналарнинг ривожланиши ва рақобатдош бўлишида халқаро стандарт ва сертификатлаш тизимини жорий этиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Улар ишлаб чиқаришга қанчалик тез жорий этилса, ички бозорда сифатли маҳсулотларимиз ҳам кўпаяди”, дея алоҳида таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб, маҳаллий тадбиркорларга кўмак бериш тизимли йўлга қўйилди ва бу уларга катта қулайлик яратди. Мисол учун, бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси доирасида мувофиқлик сертификатини бир йилдан ошмаган муддатга бир маротаба бериш тартиби жорий этилди. Натижада тадбиркор ҳар сафар такрорланадиган расмийлаштириш ишларидан қутулди. Яна бир эътиборли жиҳати, биргина ушбу тартиб қўллана бошлагандан бери соҳа вакилларининг сарфланадиган 25, 7 миллиард сўм миқдорида маблағи тежалибди. Энди бунга кетадиган вақтнинг қанчалик тежалганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Ахир, бунгача тадбиркор ҳар бир шартнома учун алоҳида шундай сертификат олиши керак эди-да. Вақт эса тадбиркор учун жуда қадрли.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан сертификатлаштириш органини аниқлаб, ариза тақдим этиш учун сарфланаётган ўртача вақт 3–4 кундан 1 кунга, расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатларини божхона идоралари электрон тизимдан тўғридан-тўғри олиш вақти 2 кунга қисқарди. Бу эса сертификатлаштириш тизими шаффофлигини ошириб, қалбакилаштириш ва коррупция ҳолатларни минималлаштирди.
Бундан ташқари, Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан ҳамкорликда мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилувчи 61 та экспортчи корхонага расмийлаштирилган мувофиқлик сертификати билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилди. “ЎзТест” давлат муассасаси кўмагида 27,1 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари Европа Иттифоқи, Хитой, Қатар ва МДҲ давлатларига экспорт қилинди.
Жорий йилда 491 ҳолатда тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳсулотнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан мувофиқлик сертификати расмийлаштирилиши туфайли улар 785,6 миллион сўми маблағ иқтисод қилди.
282 та фермер хўжалигининг 11 минг гектар экин майдонида эса Global G.A.P. ва Organic халқаро стандартлари жорий қилиниб, сертификатлаштирилди. “OEKO-TEX” халқаро стандарти жорий қилинган тўқимачилик корхоналари сони 53 тага етказилди. 33 та корхонага СЕ маркировкаси олиниши ўз маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорига олиб кириш имконини берди.
“GSP+” доирасида экспорт ҳажмини кенгайтириш бўйича ушбу тизимда экспорт қилинадиган 1 минг 533 хил маҳсулотга Европа Иттифоқи давлатларига белгиланган талаблар ўрганилди. Натижада 575 та корхона томонидан 590 тур маҳсулот Европанинг 27 та давлатига экспорт қилинди. Айтайлик, Польшага умумий ҳисобда 129 миллион долларлик маҳсулот сотилган бўлса, шундан 96 миллион долларилиги, яъни 75 фоизи GSP+ асосида амалга оширилган.
“ЎзТест” давлат муассасаси фаолиятидаги энг муҳим жиҳатлардан бири шуки, ҳудудларда фаолият юритаётган 16 та синов лабораторияси O‘z DSt ISO/IEC 17025:2019 стандарти бўйича аккредитациядан ўтказилди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида қайд этилган вазифалар самарадорлигини таъминлаш мақсадида 2023–2024 йилларда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказини янада ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди.
Унга биноан, ташқи бозорга чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар учун расмийлаштирилган синов баённомаларининг хорижий давлатларда тан олинишига эришиш чоралари кўрилади. Мувофиқликни баҳолаш соҳасида миллий имижни яхшилаш ҳамда кўрсатилаётган хизматларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, хавф даражаси юқори бўлган (озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, металл, электротехника) маҳсулотларни сертификатлаштириш юзасидан нотификацияланган идора мақомини олиш чоралари кўрилади.
Экспортга йўналтирилган ҳамда маҳаллий саноат маҳсулотларининг халқаро хавфсизлик кўрсаткичларини (ISO, IEC, EN, UNECE, CODEX STAN, CISPR, СЕ маркировка, Европа иқтисодий комиссияси қоидалари) стандартлар асосида аниқлаш, мувофиқлигини баҳолаш бўйича синов лабораториялари модернизация қилинади.
Дунёда ўз ўрнига эга хорижий ташкилотлар билан корхоналарда маҳсулотларни халқаро Global G.A.P., Organic, Halal, GMO, Kosher сертификатлаштириш ҳамда ISO стандартлар бўйича сифат тизимлари кенг жорий этилади.
Буларнинг бари соҳада малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни оширади. Шу мақсадда мувофиқликни баҳолаш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини доимий ошириб бориш мақсадида Германия, Франция, Туркия, Япония, Жанубий Корея, БАА, Беларус Республикаси билан ўзаро ҳамкорлик келишувлари имзоланган. Яқин келажакда кадрлар лаёқатлилигини оширишни рағбатлантиришни таъминловчи комплекс тизим ишга туширилади.
Умуман олганда, бугунги кунда мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар орқали яқин келажакда ижобий натижаларга эришилиши кутилаётгани диққатга сазовордир.
Жумладан,
— Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилиши бўйича бажарилаётган ишларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро бозорда юртимиз маҳсулот ва хизматларининг рақобатбардошлиги ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчиларни ҳимоя қилиш;
— хориж бозорларига етказиб берилаётган маҳсулотлар синов натижаларининг тан олинишига эришиш;
— савдода техник тўсиқларни бартараф этиш, ички ва ташқи бозорларда маҳсулот рақобатбардошлилигини ошириш;
— мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари, ижтимоий соҳалари, биринчи навбатда, қонун билан тартибга солинадиган соҳаларда мувофиқликни баҳолашда давлат функцияларини бажариш бўйича эҳтиёжларини қоплашга кўмаклашиш.
Синов ва сифат назорати тизимини такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган бугунги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни жаҳон бозори билан фаол ҳамкорлик қилиш ва иқтисодиётни самарали ривожлантиришга қаратилган. Соҳада ечимини кутаётган муаммоларни ўз ўрнида ҳал этиш, ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф қилиш, маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириб бориш мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга кенг имконият яратади.
Жасур ШУКУРОВ,
Ўзбекистон илмий-синов ва
сифат назорати маркази директори