Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг аниқ меъёри, тартиб-қоидаси бўлади, уларга амал қилиниши ҳам ишлаб чиқарувчи, ҳам харидор учун зарур. Чунки бу маҳсулот сифати, шу билан бирга, харидор ишончини қозонишнинг муҳим шартидир.
Иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ривожланишида техник жиҳатдан тартибга солиш долзарб масала. Шу маънода Президентимиз томонидан 2023 йил 27 февралда имзоланган “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти катта.
Мазкур қонун кучга кириши билан “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги ва “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунлар ўз кучини йўқотади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, нима сабабдан соҳага янги қонун керак бўлиб қолди? Бугунги кунда мамлакатимизда ҳар бир соҳада янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида тарихий янгиланишлар жараёни кечяпти. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида катта ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Пировардида корхоналаримизнинг экспорт салоҳияти юксалиб, аҳолининг сифатли ва хавфсиз маҳсулотларга талаби ошмоқда.
Лекин соҳани тартибга солувчи “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун 2009 йилда, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун 2013 йилда, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонун эса 1993 йилда қабул қилинган. Табиийки, мазкур қонунлар бугунги кун талабларига жавоб бера олмайди.
Президентимизнинг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони эса соҳани ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди.
Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалдаги қонунларни тартибга солиш соҳасини ўзида жамлаган ва бугунги кун талабаларига тўлиқ жавоб бера оладиган, юксалиб бораётган иқтисодиётимиз учун тегишли ҳуқуқий макон яратишга хизмат қиладиган янги қонун ишлаб чиқилди.
Аввало, ушбу қонун маҳсулотлар хавфсизлигини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш, ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва импорт қилувчиларнинг сифатсиз ишлаб чиқарилган маҳсулоти учун жавобгарлик даражасини ошириш, бозорда хавфли маҳсулотлар реализациясининг олдини олишга қаратилган давлат назоратини кучайтириш, маҳаллий маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Янги қонун амалдаги халқаро талаблар, жумладан, Европа Иттифоқи ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. Мазкур давлатлар қонунчилигида мувофиқликни баҳолаш соҳаси техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг асосий қисми бўлиб, тегишли нормалар битта қонунда умумлаштирилган.
Мисол учун, Европа Иттифоқи мамлакатларида техник жиҳатдан тартибга солиш тизими ҳозирги кунда халқаро ҳамкорлик ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини таъминлашнинг самарали модели сифатида қаралмоқда. Чунки у дастлаб, ягона иқтисодий макон шакллантириш учун яратилган. Янги қонун нормаларининг мақсади айнан халқаро савдо-сотиқни ривожлантириш ва ички бозорни бугунги замон талабларидан келиб чиқиб тартибга солиш ҳисобланади.
Қонунда истеъмолчиларни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш техник регламентларни ишлаб чиқишнинг асосий мақсадлари сифатида белгиланган бўлиб, маҳсулот хавфсизлиги талабларини белгилаш орқали фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғини, атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда харидорларни чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олиш назарда тутилган.
Маҳсулотнинг хавфлилик даражаси унинг жамоат манфаатларига етказиши мумкин бўлган хавф (таҳдид) даражаси ҳисобланади. Мисол учун, юқори даражадаги хавф деб давлат органларининг тезкор аралашувини талаб қиладиган, жамоатчилик манфаатларига таҳдид соладиган, шу жумладан, оқибатлари дарҳол намоён бўлмайдиган ҳар қандай хавфга айтилади. Қонунда мувофиқликни баҳолаш техник регламентларнинг ажралмас қисми экани қатъий белгиланмоқда ва маҳсулот мувофиқлигини баҳолашда қўлланиладиган шакли, тартиб-таомиллари очиб берилмоқда. Мувофиқликни баҳолаш (синовлар, ўлчовлар, мувофиқликни баҳолаш ва назорат) давлатга ўз фуқароларини хавфли ва сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилишдан ҳимоялашга имкон берадиган самарали воситадир.
Хавфсиз маҳсулот муомалага чиқарилишини таъминлайдиган яна бир элемент техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати амалга оширилишидир. Давлат назоратининг “назорат хариди” шакли жорий этилиши ишлаб чиқарувчи ҳамда импортёрни бозорга доимий равишда сифатли маҳсулот чиқаришга ундовчи омил бўлиб хизмат қилади. Қонун билан назорат қилувчи органлар ўртасида бозорда муомалада бўлган юқори хавф даражасига эга маҳсулотлар тўғрисида ўзаро ахборот алмашиш имконини берувчи тизим яратилиши белгиланмоқда. Бу ички бозорни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Хавфли маҳсулотлар учун тезкор огоҳлантириш тизими кўплаб давлатларда жорий қилинган бўлиб, бозорда бундай маҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш учун самарали тартибга солиш воситасидир. Мисол учун, Европа Иттифоқи давлатлари орасида “РАПЕКС” тезкор равишда ўзаро хабар бериш махсус тизими амал қилади. Энди бизда ҳам шунга ўхшаш самарали тизим жорий қилинади.
Савдо алоқалари кенгайиб, ривожланиб бориши замонамизнинг асосий ютуқларидан биридир. Лекин ҳар бир давлатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва бозорда муомалага чиқаришнинг ўзига хос миллий тартиблари бор ва улар бир-биридан фарқ қилади. Бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда савдо-сотиқдаги техник тўсиқларни камайтиришга ёрдам берадиган умумий тамойил ва қоидалар мавжуд.
Янги қонун билан назарда тутилаётган ўзгаришларнинг энг муҳим жиҳати нормаларнинг Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ва халқаро амалиёт тамойилларига мувофиқлаштирилаётганидир. Бу мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиёти билан жадал интеграллашувига хизмат қилади. Зеро, қонун нормалари Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битими талабларига мувофиқдир.
Хусусан, унда инсон ҳаёти ва соғлиғи, хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, истеъмолчилар манфаатини таъминлашга қаратилган нормалар техник регламентларда белгиланиши ва уларнинг ҳукумат томонидан тасдиқланиши каби меъёрлар акс эттирилди.
Бу техник регламентларнинг халқаро (минтақавий) стандартлар асосида ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз халқаро стандартлар талаби асосида тайёрланса ва синовдан ўтказилса, бу уларнинг экспорт географияси кенгайишига замин яратади. Савдодаги техник тўсиқлар минимал даражага тушиши натижасида Европа бозорларига экспорт имкониятларимиз кенгаяди.
Янги қонун билан амалга татбиқ этилаётган тартиблар, умуман, янгиланиш жараёни тадбиркорлик субъектларига қандай енгилликлар яратади?
Қонунда давлат органлари ҳузурида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари тузилиши ва улар техник регламентлар лойиҳалари, уларга доир ўзгартиш ва қўшимчаларни экспертизадан ўтказиши, шунингдек, амалдаги техник регламентларни бекор қилиш бўйича таклиф, хулосалар тайёрлаши белгиланган.
Эксперт комиссиялари фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликни таъминлаш мақсадида техник регламентлар ишлаб чиқишда хусусий сектор фикрлари ҳам инобатга олинган. Яъни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияси таркибига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан бирга, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларидаги тадбиркорлик субъектларининг вакиллари киритилиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказиш, мувофиқликни декларациялаш, яъни ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи томонидан ўз далиллари асосида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш шакллари белгиланди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратади.
Халқаро амалиётдан келиб чиқиб, техник регламент ишлаб чиқувчилар бир вақтнинг ўзида уларни қўллаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиши, қоидаларни тушунтириши белгиланмоқда. Бундай тартиб тадбиркорларнинг техник регламентлар талаби ҳақида ўз вақтида тушунчага эга бўлиш, уларни тўғри қўллаш имкониятларини кенгайтиради.
Мувофиқликни баҳолаш техник регламентларнинг ажралмас қисми сифатида белгиланиши тадбиркорлик субъектларини маҳсулот мувофиқлигини баҳолашда ортиқча вақт сарфлашдан асрайди.
Энг муҳими, уларни маҳсулот мувофиқлигини баҳолаш жараёнида коррупциявий ҳолатлар юзага келишидан ҳимоя қилади.
Азизбек ҲАМДАМОВ,
Ўзбекистон стандартлар институти директори