Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларига зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ҳамда «Uzbekistan airways» акциядорлик жамияти вакиллари «СтройКрафт» корхонасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Бугунги кунда мазкур корхонада 400 дан ортиқ юртдошларимиз меҳнат қиляпти. Уларнинг 200 дан ортиғи жорий йил январь-февраль ойларида ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб этилган.
Фуқаролар билан ўтказилган учрашувда Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграция агентлиги ва «Uzbekistan airways» ваколатхоналари фаолияти ҳақида маълумот берилди ва уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Шунингдек, жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган Президент сайловларида Бош консулхонада ташкил этиладиган сайлов участкаси ва унда овоз бериш тартиби тушунтирилди. Россия Федерациясининг қонун-қоидаларига риоя қилиш ва турли диний оқимлар, тақиқланган оммавий намойишларга қўшилмаслик тўғрисида тавсиялар берилди.
Корхона раҳбарияти билан у ерда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга Президент сайловларида номзодларга муносиб овоз бериш учун қулайлик яратиш мақсадида корхона ҳудудида сайлов участкаларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.